Халқаро ҳуқуқ нормаларининг конституциямиздаги ифодаси

конституция

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида давлат ташқи сиёсатига алоҳида бир назар билан қаралиши мамлакат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига тарафдор эканлигини бутун жаҳонга маълум қилди.

“Биз ташқи сиёсатимизни шакллантиришда конституция-вий тамойилларга амал қилган ҳолда, аввало, ўз куч-қудратимизга, маънавиятимизга, кўп авлодлар меҳнати билан яратилган халқимиз салоҳиятига таяняпмиз, – деб таъкидлаган эди Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов. Бу – ташқи муносабатларда очиқ, тенг ҳуқуқли ва ўзаро фойдали ҳамкорлик қилиш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этган қоидаларига риоя этиш демакдир. Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий мақсади давлат суверенитетини ҳимоя қилиш, ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётни шакллантиришга ёрдам берувчи хал-қаро шароитларни яратиш, тинчлик, халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ўрнатишдир”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамланган суверен тенглик принципи давлатларнинг ўзига хослигини, мустақилликни ҳурмат қилишни, ҳуқуқ ва эркинликларни кафолатлашни, ўзининг сиёсий, иқтисодий ва маданий тизимини эркин танлашни, мустақил равишда ўзининг қонунлари ва маъмурий қоидаларини ўрнатишни билдиради.

Халқаро муносабатларда суверен тенглик принципи ҳар бир давлатни бошқа давлатлар билан мустақил равишда ва ўз хоҳишига кўра алоқаларга киришишини билдиради. Давлат халқаро ҳуқуқ талабларига биноан халқаро ташкилотларга аъзо бўлиши, кўптомонлама, хусусан иттифоқдош шартномаларда қатнашиши, бетараф бўлиш ҳуқуқига эга бўлиши демакдир. Ушбу принципдан келиб чиқиб, Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг кўпгина муаммоларини ҳал этишда ўзаро тенг равишда иштирок этади.

Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бошқа давлатлар ва халқларнинг ички ишларига аралашмаслик тўғрисидаги конституциявий принципи хал-қаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципига асосланади. У авваламбор БМТ Низомида (2-модда, 7-банд) ва Бош Ассамблеянинг 1965 йилги давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва уларнинг мустақиллиги ҳамда суверенитетини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Декларациясида қайд этилган.

Юқорида қайд этилган фикрлар, Конституциянинг давлатни ривожлантириш билан боғлиқ ички масалаларни ҳал этишга қаратилган қоидаларигагина эмас, балки Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувини таъмин этадиган қоидаларига ҳам тааллуқлидир. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таъкидлаб ўтганидек, “Очиқ демократик давлатни қуриш, бозор муносабатларини вужудга келтириш халқаро эътироф этилган конституция-вий ҳамда ҳуқуқий асосда амалга оширилмоқда. Бу асос иқтисодиётни ислоҳ қилиш, унинг кенг кўламда жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви учун кучли ҳуқуқий кафолатлар ва шарт-шароитларни таъминлаб беради”.

You must be logged in to post a comment Login