ЎЗБЕКИСТОН ВА ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАР ТАЖРИБАСИ

Фарғона шаҳрида «Инсон ҳуқуқларини мустаҳкам ҳимоя қилинишини таъминлашда жамоатчилик назорати: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси» мавзуида семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Конституцияси халқ хоҳиш-иродасини ифода этувчи адолатли давлат, фаровон жамият ва эркин ҳаёт қуриш, уни ривожлантиришнинг истиқболларини белгилайди. Унда  инсон ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатлари олий қадрият сифатида мустаҳкамлаб қўйилган.

Семинар аввалида сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Сайёра Рашидова Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси давлатимиз, жамиятимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб бергани билан катта аҳамиятга эга экани, бу концепция Конституциянинг асосий нормаларини босқичма-босқич амалга ошириш доирасида демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, фуқаролик жамияти барпо этишнинг аниқ ва пухта ўйланган дастури ҳисобланишини таъкидлади.

Тадбирда “Коnrad Adenauer” жамғармаси вакили, германиялик адвокат Хайнц Бюлер Фарғонанинг кун сайин ривожланаётганини эътироф этиб, жамоатчилик назорати бўйича Германия ва Ўзбекистоннинг ўхшаш томонлари борлиги, бу семинар тажрибалар алмашиш имконини бериши билан аҳамиятли эканлигини айтиб ўтди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси Абдурашид Жўрабоев “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси нормалари синови бўйича ҳуқуқий экспериментнинг асосий якунлари ҳақида маълумотлар берди.

Ушбу Қонуннинг мақсади давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фао-лиятининг очиқлиги соҳасидаги муносабатларини тартибга солишдан иборат бўлиб, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланишини, фуқароларнинг бу органлар фао-лияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқининг кафолатларини таъминлаш Концепциясида белгилаб берилган вазифалардан бири эканлиги таъкидланди.

Тадбирда “Парламент ва жамоатчилик назорати фуқаролар манфаатларини рўёбга чиқариш  ва ҳимоя қилиш воситаси сифатида”, “Германияда ахборот эркинлиги ва давлат ҳокимияти органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотлардан фойдаланиш”, “Фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳақидаги ахборотдан эркин фойдаланишини таъмин-лашда ОАВларининг роли” мавзуларида ҳам маъру-залар тингланди.

 Шунингдек, тадбирда “Экологик назоратнинг долзарблиги – Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлашда жамоатчилик назоратининг муҳим қисми сифатида”, “Ижтимоий шерикчилик – давлат манфаатлари, иш берувчилар ва касаба уюшмалари манфаатларини ўзаро уйғунлашуви”, “Адлия органлари фаолияти ҳақида хабардорлик – аҳоли билан ўзаро мулоқот принципини таъминлашнинг муҳим воситаси” каби мавзулар ҳам ўртага ташланди.

You must be logged in to post a comment Login