ЁШЛАР МУНОСИБ НОМЗОДЛАР УЧУН ОВОЗ БЕРАДИЛАР

DSC_0628

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловда сайловчиларнинг овоз бериши бевосита халқ ҳокимиятининг бир ифодасидир. Ушбу сиёсий жараёнда биринчи марта қатнашаётган ёшларнинг сайлов ҳақида етарлича тушунчага эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Шу боис сайловда биринчи марта овоз берадиган ёшларнинг айрим вакилларидан бу борадаги фикр-мулоҳазаларини сўрадик.

Нозимахон МАМАСОЛИЕВА, Учкўприк қурилиш ва хизмат кўрсатиш коллежининг 3-босқич талабаси:

– Мен бу йил 18 ёшга тўлдим. Барча тенгқурларим қатори Бош Қомусимизда белгилаб қўйилган давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ҳуқуқига эга бўлганимдан бахтиёрман. Шу йилнинг 21 декабрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳалллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловда қатнашиб, муносиб номзодларга овоз бермоқчиман. Айни кунларда шу мақсадда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган сиёсий партияларнинг сайлов олди чиқишлари ва номзодларини ўрганиб боряпман.

Мунирахон Қурбонова, Бағдод тумани марказий шифохонасининг туғруқхона бўлими ҳамшираси:

– 2014 йил мен учун қувончли воқеаларга бой бўлмоқда. Риштон тиббиёт коллежини битириб Бағдод тумани марказий шифохонасининг туғруқхона бўлимида ўз меҳнат фаолиятимни бошладим. Севимли касбинг билан шуғулланиш бахтнинг бир қисми эканлигини шу кунларда янада теранроқ ҳис қиляпман. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида биринчи марта овоз бераман. Шу боис, ҳаётимда унутилмас воқеаларидан бири бўладиган бу жараёнга пухта тайёргарлик кўряпман. Номзодлар билан бўлаётган сайловолди учрашувларда қатнашяпман. Мақсадим – юртимизнинг янада тараққий этишига ўзининг депутатлик фаолияти билан муносиб ҳисса қўшадиган номзодларга овоз бериш.

Феруза Шокиралиева, Бувайда тиббиёт коллежининг 3-босқич талабаси:

– Мен ва тенгдошларим бу йил сайловда биринчи бор иштирок этаётганимиз учун коллежимиз раҳбарияти, гуруҳ раҳбаримиз ва тарих, ҳуқуқ фани ўқитувчиларимиз сайлов ҳақида кенг тушунтириш ишларини олиб боришмоқда. Ватанимизнинг янада тараққий этиши Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайланадиган депутатларнинг фаолиятига ҳам боғлиқ эканлигини дилдан ҳис қилганимиз боис, ушбу сиёсий жараёнда фаол иштирок этамиз. 

Мажнуна Шокирова,  Фарғона Давлат университети педагогика факультети бошланғич таълим ва спорт йўналиши 2-босқич талабаси:

– Олийгоҳда ёшларнинг ташаббуслари доим қўллаб-қувватлаб келинади. Айниқса, қизиқишларимиз, турли тўгараклардаги фаолиятимиз эътиборда. Айни пайтда эса тенгдошларимиз билан яқинлашиб келаётган сайлов жараёни юзасидан баҳс-мунозараларни бошлаб юборганмиз. Кимга ва қандай ғояни илгари сурган номзодга овоз бериш лозим, каби саволларга жавоб излаймиз. Дўстларим қатори мен ҳам бу йил биринчи марта сайловчи сифатида овоз беришда иштирок этаман. Мен ишонч билан айта оламан, сайлов куни ўзим истагандай муносиб номзодга овоз бераман.

Шоҳжаҳон Тўхтасинжонов, Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали компьютер инженерияси факультети 1-босқич талабаси:

– Тиббиёт илмини ўрганиш билан биргаликда жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этаман. Турли тадбирлар, ёшлар анжуманларида илгари сурилаётган мақсад ва ғояларни тенг-дошларимиз орасида тарғиб этишда ташаббус кўрсатишни қўллаб-қувватлайман. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўладиган сайловларда илк бор ўзим танлаган номзодга овоз бераман.

Ёшлар сайлов куни белгиланган участкаларга бориш, муносиб номзодга овоз бериш масъулиятини қалбан ҳис этадилар. Уларнинг  дастлабки қадамлари, ишонч ва самимиятга асосланган биринчи овозлари албатта, эзгуликка хизмат қилади.

You must be logged in to post a comment Login