ФАРҒОНАДА ЯНГИ САНЪАТ САРОЙИ ОЧИЛДИ

 

1

10

Мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинган куннинг йигирма икки йиллиги вилоятимиз аҳли учун қўшалоқ байрам бўлди. Фарғона шаҳридаги Санъат саройида 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг йигирма икки йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилиш асносида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан вилоят марказида янги  бунёд этилган Санъат саройи ҳам тантанали равишда очилди.

Унда вазирлик, идоралар ва жамоатчилик вакиллари, республикамизнинг барча ҳудудларидан таниқ-ли олимлар, шоир ва ёзувчилар, фан, маданият ва санъат намояндалари иштирок этди.

Тантанали йиғилишни вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев очди.

– Мамлакатимиз ҳаётидаги бугунги ўзгаришлар, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси хусусида сўз кетганда, бунинг асоси, мустаҳкам пойдевори – Конституциямиз эканлигини қайд этмоқ жоиз, – деди Ш.Ғаниев ўз сўзида. – Шу боис ўтган йиллар мобайнида аҳоли ва кенг жамоатчилигимиз Конституциянинг туб моҳияти ва аҳамияти, унинг бугунги тинч ва осойишта, фаровон кунларимиздаги улкан ўрни борасида етарлича тушунчага эга бўлдилар.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат бошқарувининг изчил конституциявий ислоҳотлари натижасида демократик тараққиёт ва эркин фуқаролик жамиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилди. Бу борада дунёнинг юзга яқин тараққий этган давлатлари тажрибаси асосида яратилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, “Давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган қомусномадир”.

2015 йил давлатимиз раҳбарининг таклифлари билан Кексаларни эъзозлаш йили деб номланиши бутун мамлакатимизда бўлгани каби фарғоналиклар қалбида ҳам чуқур мамнуният уйғотди. Янги йилни “Кексаларни эъзозлаш йили” деб аталишида жуда катта ҳикмат бор. Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда, ҳар қандай жамиятнинг ёши улуғ одамларга бўлган эътибори ва ғамхўрлиги унинг маданий даражасини белгилайди. Соддагина, ўзбекона қилиб айтганда, кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг том маънода ажралмас қисмига айланган.

Зеро, халқимиз истиқлол йилларида эришган ютуқлар, тинч-осойишта, тўкин ва фаровон ҳаётимиз, навқирон авлодни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш замирида кексаларга ҳурмат-иззат кўрсатиш, уларнинг обрў-эътиборини янада кўтариш сингари халқимизнинг азалий қадриятлари ётибди.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 15 ноябрдаги “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида шаҳарда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Замонавий корхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари ва стадионлар, йўллар, хиёбонлар бунёд этилаётир.

Бундай ишлар самарасида Фарғона шаҳрининг маркази қайтадан бунёд этилди. Шаҳар атрофида кичик ҳалқа йўли қурилди. Йўл бўйларига ҳудуднинг табиий-иқлим шарои-тига мос манзарали дарахтлар экилди. Мустақиллик ва Аҳмад Фарғоний кўчаларида ландшафт архитектураси асосида Каштанлар хиёбони ташкил этилди. Бу шаҳар ҳавоси мусаффолигини таъминлаб, аҳолининг ҳаёт сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Замонавий уй-жойлар, 20 минг ўринли стадион, Сув спорти мажмуаси ноёб меъморий ечими, ўзига хос дизайни билан Фарғона шаҳри кўркига кўрк қўшди.

Фарғона шаҳрида   бунёд этилган Санъат саройи вилоят аҳли учун яна бир туҳфа бўлди.

Мазкур муҳташам кошона миллий ва замонавий меъморлик анъана-ларини ўзида уйғунлаштирган. Эшик ва устунлари шарқона нақшлар билан безатилган. Томошабинлар учун барча зарур шароит ва қулайликлар яратилган. Саҳна атрофига замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилган. Қирқ гектар майдонда барпо этилган сўлим хиёбон, рангли чироқларда жилоланувчи мусиқали фаввора саройга янада чирой бағишлаб турибди.

– Бундан 23 йил му-қаддам муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримов бутун халқимизни истиқлол билан, ўз тақдирини ўзи белгилашдек олий мукофот билан тақдирлаган эдилар, – деди тантанада сўзга чиққан Ўзбекистон халқ шоири, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби Иқбол Мирзо. – Мана шу олий нишон ярашган бизнинг бунёдкор халқимиз бутун дунёни ҳавасини келтириб, каттадан-катта ютуқларга эришиб келяпти. Буни биргина Фарғона шаҳрида амалга оширилган кенг кўламли бун-ёдкорлик ишларида ҳам кўриш мумкин. Собиқ “Фарғона ёғ-мой” корхонаси жойлашган ҳудудда мазкур 1000 ўринли Санъат саройи ва 500 ўринли амфитеатр, замонавий сузиш ҳавзаси-бассейн қурилгани, атрофи ободонлаштирилиб, кўркам боғ яратилгани бугун бу ерга ташриф буюрувчиларнинг ҳавасини оширади, ақлини шоширади. Яқингача ҳам ушбу корхонадан чиқаётган бадбўй ҳид бутун шаҳар экологиясига салбий таъсир кўрсатарди. Эндиликда бу ерда барча юртдошларимизнинг фахру ғурурига сабаб бўладиган муҳташам санъат кошонаси бунёд этилди.

Мамлакатимиз муста-қиллигининг йигирма уч йиллиги байрами арафасида ҳамда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан юртдошларимизнинг бир гуруҳи Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг жаҳон миқёсидаги шон-шуҳратини юксалтириш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида давлат ва халқ олдидаги улкан хизматлари, ишлаб чиқариш соҳасидаги узоқ йиллик қаҳрамонона меҳнати ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик ва халқпарварлик руҳида тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси учун давлатимизнинг юксак мукофотлари – фахрий унвон, орден ва медалларига сазовор бўлган эдилар. Анъанага мувофиқ, ушбу олий мукофотлар Конституциямиз байрами муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда ўз эгаларига топширилди.

– Мен 45 йиллик иш фаолиятим давомида ўқи-тувчи, маҳалла маслаҳатчиси бўлиб, камтарона меҳнатларим давлатимиз томонидан “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган бахтли аёлман, – деди Марғилон шаҳри фаоли Зубайдахон Аҳмедова. – Юртимиздаги  тинчлик, фаровонликдан, халқимизнинг ризқи бутун, дастурхони тўкин эканлигидан биз оналар ҳаётдан ғурурланиб, лаззатланиб, рози бўлиб яшамоқдамиз. Шу табаррук Ватан равнақига ҳисса қўшиш, унинг тинчлиги,  ободлиги йўлида меҳнат қилиш барчамизнинг чин инсоний, фуқаролик бурчимиздир.

– Бугун мамлакатимиз ёшлари учун яратилган шароитлар, жумладан, “Камолот” ЁИҲ  биносининг  замонавий таъмир-ланиши, унинг негизида ёшлар марказининг барпо этилиши ҳамда “Камалак” болалар ўқув марказининг қурилиши бизга янги имкониятлар эшикларини очмоқда, – дейди  “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати қошидаги “Ўқув-услубий марказ” нодавлат таълим муассасасининг вилоятдаги бош координатори, “Шуҳрат” медали соҳиби Элёрбек Худойбердиев. – Бу юксак мукофот менга ва мен қатори барча тенгдошларимга ғайрат, шижоат ва жўшқинлик бахш этди, ўз устимда тинимсиз ишлаш, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни ёшлар ўртасида тарғиб этишда алоҳида масъу-лият юклайди.

Мукофотларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икрамов топширди.

Тантанали маросим санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг байрам концерти билан якунланди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Юлдуз Турдиева, Алишер Файз, Муҳсинбек ва Яҳёбек Мўминовлар, Ўзбекистон халқ артистлари Эркин Комилов, Му-ҳаммадсоли Юсупов,  Муяссар Раззоқова, Ўлмас Саиджонов, Муножот Йўлчиева, Зулайҳо Бойхонова, Гулсанам Мамазоитова, Озодбек Назарбековларнинг чиқишлари тантана иштирокчиларига байрамона кайфият улашди.

You must be logged in to post a comment Login