Ўзбекистонда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади

_DSC1533

Фарғона шаҳридаги Дўстлик уйида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22 йиллиги ҳамда Соғлом бола йилига бағишланган «Ўзбекистон – умумий уйимиз» фестивали доирасида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Фарғона вилоят ҳокимлиги, республика Байналмилал маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Маънавият тарғибот маркази вилоят бўлимлари, “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган семинарда фан ва маданият, таълим, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, мактаб, лицей, касб-ҳунар коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари, олий ўқув юрти талабалари иштирок этди.

Анжуман аввалида қатнашчилар эътиборига республика миллий маданий марказлари фаолиятига оид видеофильм ҳавола этилди.

Семинарни очган вилоят ҳокимининг ўринбосари Қ.Имомов вилоятимиз кўпмиллатли аҳоли аҳил-иноқ яшайдиган ҳудудлардан бири эканлигини ало-ҳида таъкидлаб ўтди. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида миллатлараро аҳиллик ва тотувликни мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий тарбияни кучайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда вилоятда рус, татар, корейс, немис, тожик, қирғиз, яҳудий миллий маданий марказлари ўз фаолиятларини юритмоқда. Ушбу марказларда ўз тили, маданияти, урф-одатларини асраб-авайлаб келгуси авлодларга  етказиш учун  барча шарт-шароитлар яратилган.

–Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек ўзаро ҳамжиҳатликда яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишмоқда, – деди семинарда сўз олган республика Байналмилал маркази раиси Н.Муҳаммадиев. – Конституциямизда юртимиздаги барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқодидан қатъи назар қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган.

Тадбир иштирокчилари республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раиси И.Латипов, республика хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Н.Тожибоева, Маънавият тарғибот маркази, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимлари раислари Ф.Зоҳидов, Т.Холдоров, вилоят рус миллий маданий маркази раиси Г.Акопджановаларнинг маърузаларини тингладилар. Шунингдек, ёшлар номидан сўзга чиққан Фарғона давлат университети талабалари Самир Валитов, Марина Тен, Фарғона шаҳридаги 40-умумтаълим мактаби ўқувчиси Татьяна Юн бу каби тадбирлар миллатлар ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилишлигини айтиб ўтдилар.

Дўстлик уйи фойесидаги миллий маданий марказларнинг ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат, халқ ижодиётига оид кўргазмалари томошабинлар эътиборида бўлди.

Семинар якунида намойиш этилган миллий маданий марказлар ижодий жамоаларининг концерт дастури барчага завқ-шавқ улашди.

You must be logged in to post a comment Login