ЛОЛА АҲМЕДОВА

ЛОЛА АҲМЕДОВА.ТУРКИЯ САФАРИДАН 8-МАРТДА КУТАЁТГАН СОВҒАСИГАЧА!

ЛОЛА АҲМЕДОВА

Хонанда Лола Аҳмедованинг меҳнаткашлигига қойил қолсангиз арзийди. У оилали бўлишига қарамасдан, ижодни ҳам бир маромда давом эттириб келаётган уддабурон ва рўзғорбоп санъаткор аёллардан десак адашмаган бўламиз. Лола Аҳмедова ҳозирги кунда икки яшарли ўғли Исломжоннинг тарбияси билан жиддий шуғулланяпди. Суҳбатимиз давомида шунга амин бўлдикки, айрим мухлислар Лолани  ҳаётда кибрли ва жиддий деб билишларига асос йўқ. Сабаби, у ҳаётда умуман бошқа инсон. Келинг, бу ҳақда унинг ўзидан эшитайлик….

Яқинда Туркия сафарида бўлдингиз. Таассуротларингиз ҳақида гапириб беринг…

Туркияга боришимиздан мақсад янги қўшиқларимни ТнБ (Туркия мусиқа бирлиги) канали орқали премьерасини ўтказиб қайтиш эди. Ушбу каналда озарбайжон, қозоқ ва ўзбек хонандаларининг қўшиқлари тақдим этилар экан.  Мен Ўзбекистон вакили бўлиб қўшиғим билан қатнашиб қайтдим. Таассуротларим жуда ҳам катта. Қўшиғимни турк халқи жуда яхши кутиб олишди. Бундан жуда хурсандман.  Яна ҳозир мухлисларимиз кўрган бўлишса янги “Бахтли севги” деган қўшиғим чиқди. Энди яна бир “Унутолмадим” деган қўшиғимга клип суратга олишни бошлаб юбордик. Бундан ташқари “Наврўз” байрамига тайёргарлик кўряпмиз. Қолаверса, ота ҳақида яна бир янги тарона ёзяпман. Бу қўшиққа ҳам клип суратга олиш режамизда бор. “Наврўз” байрами ўтганидан сўнг вилоятлар бўйича гастрол сафарини уюштирмоқчимиз. Мухлисларимиз учун энг яхши бир янгилик бор. Худо хоҳласа куз ойларида яккахон концерт дастуримни уюштирмоқчимиз. 

Кўп вақтингиз гастрол сафарлари ва тўй хизматларидан ортмайди. Ижод ва хизмат жараёнларида тўсатдан бекаликни соғиниб кетган пайтларингиз бўлиб турадими?

Тўғри, жуда кўп бунақа ҳолатлар бўлиб туради. Айтганингиздек, кўп вақтимиз концертлар билан ўтиб кетади ва дарҳақиқат бекаликни соғинаман. Биласизми, мен вақтим бўлди дегунча ўзим мустақил уйда бирор бир таомни пиширишга ҳаракат тқиламан. Тўғрисини айтсам, ҳамма овқатларни яхши тайёрлайман. Бекаларимиз бирор бир таомни тайёрлаётган пайтда, бошқа бир иш билан чалғиб қолишлари мумкин. Мен эса аксинча, овқат тайёр бўлмагунича ёнидан кетмайман. Сабаби, таомни меҳр бериб пиширмасангиз у ширин чиқмайди. Салатлар тайёрлашни яхши кўраман. Лекин миллий таомларимиздан фақат ошни қойиллатиб пишира олмайману (жилмайиб), лекин иложи борича яхши чиқишига ҳаракат қиламан.  Яқинларим бундан жуда ҳам хурсанд бўлишади.

ЛОЛА АҲМЕДОВА

Айримлар ҳаётда кимгадир маслаҳат берадию, лекин ўзи ўша маслаҳатига амал қилмайди…

(кулади) Қизиқ савол бўлди. Ҳаётда ўзим ҳушчақчақман. Гарчи мени кўпчилик мухлислар кибрли, жиддий деб ўйлашади. Лекин ҳақиқатда уйда ҳаётда жуда ҳам оддий инсон бўлишимга қарамасдан мухлисларим мени ҳаётда жуда жиддий ва кибрли деб ўйлашар экан. Тўғри, баъзи бир одамлар бировга маслаҳат беради, лекин ўзи шунга амал қилмайди. Лекин мен бундай қилмайман. Ўзингиз амал қилмаган маслаҳатингизга қандай қилиб бировни ундашингиз мумкин? Бирор бир камчлигим бўлса, ўшани ўзим такрорламасликка ҳаракат қиламан.

Аёл санъаткорларимизнинг вақти кўпинча концертлар билан боғлиқ бўлади ва улар оналик бўсағасида фарзанд тарбиясини уддалай олармиканман дея ташвишланиб қолишади. Мана шу борада сиз бўлажак ёш оналарга қандай маслаҳат берасиз?

Авваламбор она бўлганингиздан сўнг албатта елкангизга масъулият юкланаркан. Чунки болани тарбиясида масъулиятли бўлмасангиз ҳам бўлмайди. Унга меҳр бериш керак. Меҳр кўриб улғайган бола албатта, бошқача бўлади. Ўзига ишончи ортган бўлади. Лекин болани жуда ҳам кўп суйиб юбормаслик керак. Сабаби, тўғри бола беғубор, содда. Лекин ундан айёр ва ақлли инсонча бўлмаса керак (кулади). Агар унга кўп меҳр бераётганлигингизни сезиб қолса, меҳрингизни суиистеъмол қилишга ўтади. Ҳозир менинг ўғлим Исломжон ҳам айни пошшолик даврида. Унга жуда эҳтиёт бўлиб муомала қиламан. Болага қанчалик тўқ яшашингиздан қатъий назар меҳр баробарида уни меҳнатга ўргатиб боришингиз керак. Сабаби, меҳнат билан улғайган бола ҳаётда кўп нарсанинг қадрига етади. Ҳаётда ўз ўрнини топади.

Ҳадемай аёлларнинг севимли байрами, саккизинчи март яқинлашяпди. Сиз бу байрамда кимдан ва қандай совға олишни истайсиз?

Совға олиш ҳамма аёлга ёқади. Шунинг баробарида менга ҳам албатта. Яқинларимнинг менга берган совғалари албатта қадрли. Лекин энг қадрли совға албатта турмуш ўртоғимдан оладиган совғам. Совғанинг қанақали бўлиши кераклигига келсак, менимча аёллар учун гул ва атир энг яхши совға бўла олади. Аслида ҳам аёллар атирга ўч бўлишади.

ЛОЛА АҲМЕДОВА

Кўринишингиздан жаҳлингиз тез чиқадиганга ўхшайди…

Ҳозирги кунда жаҳлим жуда тез чиқяпди. Сабаби ҳам ижод қилишим керак, ҳам оила дегандек, ташвишларим жуда кўп. Оилали бўлганингиздан кейин кўп вақтингизни албатта оилага сарфлашга ҳаракат қилишингиз керак. Айниқса, болам ҳозир жуда шўх пайти Худди мен учун дунёда фақат менинг болам шунақа шўхдек туюлади. Вое-ййй, ана, мени ўғлим идиш товоқларни синдиришни бошлади.  Ҳой, тегма, мумкинмас!

(Лоланинг ўғли онаси томондан бўлаётган қаршиликка жавобан ойисига қичқириб берди).

Санъаткорларимизнинг вақти кам бўлишидан қатъий назар албатта, улар ўзларининг севимли машғулотларига вақт ажратишади…

Билмадим, илгари кўп ёлғиз қолардим. Ҳозир унақа бўлмаяпди-да (кулади). Китобларни ўқишни жуда ҳам яхши кўраман. Ҳозирги кунда бунга вақтим йўқ. Лекин вақт масаласи илгари ҳам мен учун муаммо эди. Ўшандан бери мен афоризмларни ўқишга ҳаракат қилар эдим. Афоризмларни ўқиб, керакли хлоса чиқараман. Чунки афоризмаларда керакли гап бир кки сўздан иборат, қисқа ва лўнда бўлади. Бундан ташқари ҳаёт тажрибасидан келиб чиқиб ёзилган фикрлар бўлгани учун ҳам афоризмалар мен учун қизиқ.

Имижингиз борасида синглингизга суянишингизни биламиз. Синглингиз сизни, яъни Лола Аҳмедованинг имжини ярата олдими?

Синглим ҳозирги кунда ўз устида тинимсиз ишлаяпди. Мендан ташқари анча мунча мижозларни йиғиб олди. Синглим бўлгани учун мақтамоқчимасману, лекин у менинг дидимга мос услубларни ярата оляпди кўз тегмасин. Кейин у билан опа сингил бўлганлигимиз ҳам бир томондан жуда яхши. Сабаби, мени синглим бўлганлиги учун ҳамма инжиқликларимни кўтаради, баъзи пайтларда урушиб беришим мумкин, мени тўғри тушунади. Қолаверса, унга бемалол ўзимга ёқмаган пайтларда буёғи ўхшамабди, буёғини бундай қил деб бемалол айта оламан. Ҳозир у дид борасида мендан ҳам ўтиб кетди (жилмайиб).

ЛОЛА АҲМЕДОВА

Ўтган йили сизнинг ашаддий мухлисларингиздан бири интернет орқали сиз ва у билан боғлиқ ҳар хил бўлмағур миш-мишларни тарқатган эди. Кейинчалик , бу ҳол яна такрорланмадими?

У менинг мухлисим эди. Ҳайрият, тинчиб кетди. Кўпчилик ўшанда билди унинг руҳий носоғлом эканлигини. Унга шунақа ташхис қўйиб, қарорлар ҳам чиқариб беришди. Сўралган ташкилотларга ўша қарордан нусха кўчириб бердик. Ким билади, балки у ҳақиқий, ашаддий мухлисдир. Ўзи шунақа ёниб севадиган мухлислар ҳам бўларкан-у санъат оламида. Ўшанда довдираб қолган эдим. Чунки исботлаб бериб бўлмайдиган нарсаларни мен ҳақимда тўқиб чиқарганидан кейин уни қандай қилиб исботлайсиз? Кейин мухлисларим ҳам мен ҳақимдаги тўқилган бу бўҳтонларнинг ёлғон эканлигига амин бўлишди.   Ҳар замонда эсига тушиб қолсам яна бир телефон қилиб, ёки смс ёзиб туради. Охири бу нарсаларга эътибор бермай қўйдим, тўғриси. Чунки зерикдим бу нарсадан, чарчадим.

Мана баҳор фасли ҳам кириб келди. Хотин қизларимиз ҳар галгидек юз терисини ҳимоя, парвариш қилиш ташвишига тушиб қолишади. Уларга бу борада қандай маслаҳатлар берасиз?

Юзим териси нозик бўлганлиги учун ҳар хил кремлардан фойдаланишдан қўрқаман. Асосан ҳимояловчи махсус “Ардене” фирмасининг ҳимояловчи кремларидан фойдаланаман. Кейин иложи борича тик қуёш нурларида юрмасликка ҳаракат қиламан. Сабаби, бизнинг кўп вақтимиз вилоятлар бўйлаб гастрол сафарларида, репитицияларда ўтади. Шунинг учун бир томондан қуёшдан сақланишнинг иложи ҳам йўқ. Соябон билан чиқиб концерт бермайсизку (жилмаяди). Концерт ва репитициялардан ташқари соябон билан бзимни ҳимоя қилиб, ҳимояловчи кремлардан фойдаланаман ва аёлларимизга ҳам “Ардене” фирмаси косметикаларидан фойдаланишларини маслаҳат бераман.

                                                                                         Моҳичеҳра ЭШМИРЗАЕВА

 

You must be logged in to post a comment Login