ҲЎҚАНДИ ЛАТИФ – ИСТИҚЛОЛНИНГ ЯНГИ ШАҲРИ

155

Мустақил тараққиётимизнинг ўтган йигирма икки йили давомида мамлакатимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишларининг кўлами ва миқёсини тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Миллий меъморчилик ва замонавий архитектура анъаналарини ўзида мужассам этган муаззам майдонлар, кенг ва равон йўллар, маҳобатли кўприклар, кўркам уй-жойлар, ижтимоий объектлар шаҳару қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди.

Бу борада Қўқон шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳам диққатга сазовор. Шаҳарда барпо этилаётган ҳар бир иншоот архитектурасида миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарини ўзаро уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг атрофи кўкаламзорлаштирилаётгани ҳудудлар қиёфасига ўзгача чирой ва тароват бахш этмоқда.

Ўзбекистон иқлими иссиқ ўлка ҳисобланади. Шунинг учун яшил ўсимликлар ва кўкаламзорлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Ўсимликлар атроф-муҳит ҳолатини яхшилайди, шамол кучини камайтиради, ҳароратни мўътадиллаштиради, энг муҳими, ҳавони тозалайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир туп дарахт 24 соат ичида уч киши учун зарур бўлган кислород ишлаб чиқаради. Бир гектардаги дарахт ва буталар кўтарилаётган чангнинг 72, чиқарилган олтингугурт газининг эса 60 фоизини ўзида тутиб қолади. Қалин дарахтзорда ҳарорат очиқ майдондагига нисбатан 10 даражагача паст бўлиши кузатилган.

Шаҳарсозлигимизда бугун ана шу жиҳатларга алоҳида аҳамият қаратилиб, кўкаламзорлаштириш ишларида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос шароити инобатга олинмоқда. Айтайлик, шаҳар ва шаҳар атрофига, бино ва иншоотлар ҳовлисига каштан, япон софораси, қарағай, эман каби манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда.

Қўқоннинг ландшафт дизайни ва микроиқлим шароитини яхшилаш борасидаги ишлардан аҳоли мамнун. Айниқса, шаҳардаги Озодлик, Ўрда хиёбонининг ландшафт дизайни ҳар қандай кишининг ҳайратини оширади. Қайта таъмирланган кўча ва хиёбонларга ўтқазилган каштан, япон софораси шаҳар чиройига чирой қўшмоқда.

– Яшил ҳудуд инсоннинг руҳий ҳолатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади, –  дейди психолог Мусожон Қўчқоров. – Икки ёни дарахт билан ўралган йўл ёки сўлим хиёбонда сайр қилиш асабни тинчлантиради, кайфиятни кўтариб, руҳиятга сокинлик бағишлайди. Сув ҳавзалари, фавворалар барпо этилган жойларда мўътадиллик янада юқори бўлади. Аниқроғи, ҳаво ҳарорати 3-6 даражагача паст бўлади. Қўқон шаҳрида ҳам бундай масканларни кўпайтириш борасида қилинаётган ишлар қувонарлидир. Айниқса, бугун тобора чирой очиб бораётган шаҳримиз қиёфасини бири-биридан ажойиб фаввораларсиз тасаввур этиш қийин.

Давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 19 октябрда қабул қилинган “Қўқон шаҳрини индустриал ривожлантириш, ободонлаштириш ва инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши ҳамда 2009 йил 15 декабрда имзоланган “Қўқон шаҳрининг архитектура қиёфаси ва инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, ўндан зиёд нафис ва мафтункор фавворалар барпо этилди.

Шаҳардаги кинотеатр биноси рўпарасида бунёд этилган рангли ва мусиқали фаввора, айниқса, ўзгача жозибаси билан ажралиб туради. Миллий ва замонавий кўринишдаги бу иншоотдан отилиб чиқадиган сув атрофга майинлик ва салқинлик бағишлайди. Оқшомлари фавворага ўрнатилган чироқлар шуъласида сув томчилари камалак рангларда жилоланади.

Бугун шаҳарни томоша қилган кишини бир-биридан кўркам фавворалар мисоли дур сочиб қарши олади. Фавворалар юртимизнинг тинчлиги, кўнгиллар хотиржамлигидан далолатдир. Зеро, тинчлик, хотиржамлик ҳукм сурган юртдагина халқ бунёдкорлик ишларига қодир бўлади.

You must be logged in to post a comment Login