Фарғонада ўқувчилар 100 фоиз дарслик билан таъминланган

555

Баркамол авлод орзуси – энг буюк орзу. Ўзбекистоннинг келажаги буюк эканига қатьий ишонч билан яшаётган халқимизнинг орзуси бу. Президентимиз таъкидлаганидек, ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимизнинг замирида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир.

Мустақиллик йилларида эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқариш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Узлуксиз таълимнинг “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган ва бугун ўз самарасини бераётган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ўз вақтида узоқни кўзлаб бошлаган оламшумул ишларимизнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Фарғона вилоятида ҳам таълим соҳасидаги ислоҳотлар ўзининг амалий самараларини кўрсатмоқда.

Сўнгги йилларда умумтаълим мактабларининг бутунлай қиёфаси ўзгариб, мустаҳкам моддий-техник базага эга бўлганлигини юртимизнинг олис-олис қишлоқлари мактаблари ҳаётида юз бераётган катта ўзгаришлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

– Шундай таълим масканида ёш авлодга сабоқ беришни хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз, – дейди Ёзёвон туманидаги 36-умумий ўрта таълим мактаби директори Саида Усмонова. – Мослаштирилган хоналарда дарс ўтардик. Парталар синиқ, қишда хоналаримиз совуқ эди. Спорт билан шуғулланиш учун зарур анжомлар этишмасди. Мана, Дастур асосида 2008 йилда илм масканимиз янги бунёд этилди, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Бугун ҳамма бизнинг мактабимизга ҳавас билан қарамоқда. Айни кунларда ўқитувчиларимизнинг салоҳиятига катта аҳамият бериб келяпмиз. Чунки таълим-тарбия бераётган кишининг ўзи чуқур билимли ва тарбияланган бўлиши керак. Албатта, яратилаётган мана шундай шароитни оқлаш учун ҳам биз жамоамиз билан таълим самарадорлигини оширишга, болажонларга пухта билим беришга бор кучимизни сарфлаяпмиз. Ўқувчилар лингафон ва компъютер хоналари, физика ва кимё лабораториялари, кўплаб синфхоналарда билим асосларини эгалламоқда.

Айни кунларда мазкур умумтаълим мактабида 300 нафар ўқувчилар таҳсил олишмоқда. Уларни замонавий билим эгаллашлари, спорт билан шуғалланишлари учун етарли шароит яратилган.

Дарҳақиқат, Президент Ислом Каримов ташаббуси билан “2004-2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури”нинг қабул қилиниши таълимдаги ислоҳотларнинг муҳим босқичини бошлаб берди. Чунки мактабга бўлган эътибор — келажакка бўлган эътибордир. Шу боис ҳам дастур асосида юртимизнинг барча жойларида амалий ҳаракатлар бошланиб, ўтган давр мобайнида юзлаб мактаблар янгидан қурилди, реконсрукция қилинди, капитал ва жорий таъмирдан чиқарилди, замонавий талаблар даражасида жиҳозланди.

Вилоятдаги 836 умумтаълим мактабларида Дастур бўйича бунёдкорлик ишлари бажарилиб, бугун энг замонавий қиёфа касб этган. Жумладан, 11 янги мактаб қурилди, мавжуд умумтаълим мактабларининг 216 таси капитал реконструкция қилинди, 357 таси капитал таъмирланди ҳамда 252 таси жорий таъмирдан чиқарилди. Бу борадаги ишлар давом эттирилиб, 2012 йилда 42, 2013 йилда эса 24 умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, спорт масканларининг бунёд этилаётганлиги ҳам эртанги кунимиз эгалари бўлган ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.

– Бугун вилоятимизнинг энг чекка қишлоғидаги мактабда ҳам ёш авлодни замонавий билим эгаллашлари учун барча шароитлар яратилган, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Зикрилло Тешабоев. – Бундай улкан ишлар натижасида таълим сифати ва мазмунида ҳам жиддий ўзгаришлар, янгиланишлар рўй бермоқда. Турли фан олимпиадалари, танловлар, спорт мусобақаларида ёшларимиз ўз иқтидорларини  намойиш этишмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори  асосида янги ўқув йилидан бошлаб, 1-синф ўқувчиларимиз чет тилидан илк сабоқ олишни бошладилар. Бунинг учун 2159 синф хоналари жаҳон андозалари асосида жиҳозланиб, барча шароитлар яратилди.

Халқ таълими тизимида ўқув дарсликларининг модернизация қилиниши, давлат таълим стандартларининг такомиллаштирилиши ёшларга таълим-тарбия беришнинг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Вилоятда ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланиш ҳолати йилдан-йилга ўсиб бормоқда.  Ўтган йилда бу кўрсатгич 99,7 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилга келиб, бу юз фоизни ташкил этди. Ҳар йили 1-синф ўқувчилари учун “Президент совғаси” ҳамда барча дарсликларнинг бепул берилиши ҳам ёш авлодга бўлган юксак эътибордан далолатдир.

You must be logged in to post a comment Login