БИЗГА ТИНЧЛИК, ОМОНЛИК КЕРАК

30

Инсон зоти борки, бу ёруғ оламда тинч-тотув умргузаронлик қилишни, қўни-қўшнилар билан аҳил-иноқ бўлишни, фарзандларини осуда ҳаёт қучоғида тарбиялаб вояга етказишни, уларнинг роҳат-фароғатини кўришни орзу қилади.

Шундай экан, бутун ер қуррамизда тинчлик, осо-йишталик хукм суряптими? Нега тинимсиз урушлар давом этиб келмоқ-да? Ахир уруш – айрилиқ, вайроналик, жабру ситам, азоб-уқубатдан иборат-ку.

Халқаро вазиятнинг тезкорлик билан ўзгариши, ер юзининг турли нуқталарида янги низо ўчоқларининг пайдо бўлиши бугун барча тинчликсевар жаҳон жамоатчилигида катта ташвиш туғдирмоқда.

Шундай экан, нега уруш деган сўз инсоният онгидан ўчиб кетмаяпти? Чунки, манфаатдор кимсалар дунёнинг турли бурчакларида ўз қурол-яроғларини сотиш учун уруш оловларини ёқишга интилмоқда.

Халқаро тадқиқот институтларининг хулосаларига кўра, сўнгги тўнтариш ва зиддиятлар натижасида 2012 йилда дунё миқёсида қарийб 307 миллиард АҚШ долларига тенг қурол-яроғ сотилгани, ҳарбий операциялар чоғида отилган ҳар бир бомбанинг нархи 30 минг АҚШ долларини ташкил қилгани мисолидан ҳам ер юзида нима учун уруш ўчоқлари тобора кўпайиб бораётганининг сабабини англаб олиш қийин эмас.

Юртбошимиз Афғонистондаги мавжуд аҳвол нақадар жиддийлиги, унинг ечими бўйича тезкор ҳаракат ва чора-тадбирлар зарурлиги ҳақида:

– Ҳеч кимга сир эмас – ҳозирги кунда бизнинг ҳудудимизда, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликка энг катта хавф-хатар бу Афғонистонда ўттиз йилдан зиёд давом этаётган урушдир. Ана шу ўтган даврда бу жафокаш заминда тинч ҳаёт нима эканини билмайдиган янги бир авлод вояга етди. Уруш бошланган пайтда туғилган болалар бугун 30-35 ёшга чиқди. Бу авлоднинг изидан ҳозир яна бир янги авлод оёққа турмоқда. Улар ўз ҳаётида нимага гувоҳ бўлиши мумкин? Фақат уруш, одам ўлдириш, қон тўкиш. Бу ёшларнинг ҳаёти шундан иборат бўлиб қолмаяптими? Ўзингиз ўйланг, шу ҳам ҳаётми ўзи? – деб ўз интервьюсида таъкидлади.

Президент Ислом Каримов ўз интервьюларининг бирида хорижий мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари, сиёсий, академик, эксперт ва таҳлилий доира вакиллари томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазалар Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича чуқур ўйланган позицияси жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганининг яққол далилидир, дея таъкидлаган эди.

Халқимизнинг бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака кетади, деган нақлида катта ҳикмат бор. Мана, қўшни Афғонистонда 35 йилдирки, нотинчлик. Уруш жафокаш афғон халқи бошига не-не кулфатларни солмади, дейсиз. Беқарорлик туфайли мамлакат иқтисодиёти издан чиқди, юртдан қут-барака кетди. Ҳозир эса Шимолий Африка, Яқин Шарқ минтақасидаги кўплаб мамлакатлар халқларининг ҳам ҳаловати бузилган. Деярли ҳар куни бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилаётир. Ушбу давлатларда туризм масканлари, осори-атиқалар, мактаблар, шифохоналар, маданият ва маърифат масканлари, йирик ишлаб чиқариш иншоотлари, аҳоли турар-жойлари харобага айланмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам ушбу рисоланинг замирида “Уруш бор экан, ривожланиш йўқ, ривожланиш йўқ экан, келажак йўқ” – деган хулоса ётганлигига яна бир бор амин бўламиз.

Фикримизнинг далили учун айрим манбалардаги маълумотларга назар ташлаймиз.

Жаҳон оммавий ахборот воситаларининг тарқатган хабарларига қараганда, уруш ва оммавий тартибсизликлар туфайли Тунисда 300 нафардан, Мисрда 800 нафардан зиёд, Ливияда 14 минг нафар одам ҳалок бўлган. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари ҳисоботида қайд этилишича, Сурияда давом этаётган қуролли тўқнашувлар оқибатида ҳар ойда 5 минг киши ҳалок бўлмоқда. Можаро бошланганидан буён эса 93 мингдан зиёд одам қурбон бўлган. Мамлакат аҳолиси бомбардимонлар, зўравонликлардан, тинимсиз отилаётган снаряд ва ўқлардан оиласи, ўз жонини асраш учун уйини, Ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлаётир.

Биз дунёдан айри яшай олмаймиз. Фарзандларимиз ҳам. Айниқса, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган даврда. Тўғриси, бугунги кунда ёшларимиз ўз ҳаётларини интернетсиз тасаввур қила олмайди. Бироқ ғаразли кучлар узоқ ўлкалардан туриб айрим ёшларимизнинг онгини заҳарлаш пайида турли ғаразли ишларни ана шу “ақлли техника” орқали амалга оширишга ҳаракат қилмоқда. Даврнинг талаби шуки, ёшларимизнинг ўзлари ана шу бузғунчи ғоялардан сақланмоғи лозим.

Зеро, Юртбошимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек, “Бугунги кунда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кучлидир”.

Ўзбек халқи дуога қўл кўтарганида, “Тинчлик, омонлик ва хотиржамликни бергин” – деб тилайди. Ким билан гаплашманг, “Инсон ҳаётда бир марта яшайди, у бу ҳаётда бахтли яшаши керак» деб айтади. Лекин юртимизда тинчлик-осойишталик ҳукм суриб турганлиги учун бу сўзларга озгина бефарқроқ бўлиб қолдик, шекилли.  Дунёдаги нотинчликларни газеталарда ўқиганимизда, телеэкранларда кўрганимизда ҳушёр тортамиз. Шундай қирғинбарот урушлардан Яратганнинг ўзи асрасин, деймиз. Тинч ва осойишта юртда яшаётганимизга шукроналар айтамиз.

Истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг самарали тизими яратилди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Мудофаа тўғрисида»ги, «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги, «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмга молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлик концепцияси тўғрисида»ги ва бошқа қатор Қонунлар мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъмин-лашнинг, фуқаролар, турли миллатлар ва элатлар ўртасидаги аҳиллик, ҳамжиҳатликнинг ҳамда халқимиз бахтли ҳаётининг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарининг доно сиёсати, ҳукуматнинг ўз танлаган йўлидан дадил боришигина тинчликка замин яратади. Бугун юртимизнинг қайси бир ҳудудига борманг, одамларда байрамона кайфият, кўтаринки руҳ, юқори даражада уюшқоқлик, жўшқин меҳнат қайнаяпти. Бугунги кунга келиб, нафақат шаҳарлар, балки бутун Ўзбекистон қурилиш майдонига айланди. Пахтазорлардаги етиштирилган ҳосилни кўриб завқингиз келади.

Бу йил деҳқонларимиз ғалладан 8 миллион 50 минг тоннадан зиёд юксак хирмон бунёд этди. Шу кунларда халқимиз далаларда етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш учун ҳашарга отланишди. Бу ҳаммаси тинчликдан. Тинч ва осойишта ҳаёт бўлсагина дон экамиз, пахта экамиз. Боғларимиздаги сархил меваларни фарзандларимиз билан баҳам кўриш ичимизга сиғади. Буни шукрини қилиш учун, бугунги кунда уруш бўлаётган мамлакатлардаги аҳолининг ўз жонини ўйлаб, бор бутини ташлаб, болаларини жонини сақлаш учун чегараларда тирбанд бўлиб турганини бир кўз олдингизга келтиринг.

– Улуғ неъмат – мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикдан хотиржамликка берилиш, огоҳлик ва сезгирликни йўқотишга мутлақо ҳаққимиз йўқ, – деди Ислом Каримов. – Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фа-қат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси, деганлар қаттиқ янглишади. Бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Ўз уйингни ўзинг асра, деган гапда ҳикмат кўп, унинг маъноси кенг. Зеро, тинчлик учун курашиш керак, уни ҳеч ким яратиб бермайди.

You must be logged in to post a comment Login