ЎЗБЕКИСТОН ЁШЛАРИНИНГ ФАХРИ

DSC_1117

Ўтмиш, бугунги кун, келажак – аждодлар, замондошлар, ёшлар. Замонлар ва авлодлар ўртасидаги ўзаро ришталарнинг ифодаси бўлган мазкур тушунчаларни айнан шундай кетма-кетликда келтириш мумкин. Ўзбекистон ўзининг бой тарихи, жаҳонга донғи кетган машҳур аждодларимизнинг буюк мероси билан ҳам Шарқнинг ҳақиқий гавҳари сифатида ном қозонган. Бугун биз, ёшлар, замондошлар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аждодларимизнинг ушбу бой меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, янада бойитиш, фидокорона меҳнатимиз ва интилишларимиз билан барча соҳаларда давлатимиз куч-қудратини юксалтириш йўлидан бормоқдамиз ва буюк келажак пойдеворини қурмоқдамиз. Зеро, Ватанимизнинг эртанги куни айнан, биз, ёшларга боғлиқдир.

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма икки йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида “…биз ўз олдимизга қўйган келажаги буюк давлат қуришдек олижаноб мақсадга етиш йўлида мен сизлар каби мард ва шижоатли ёшларимизга, илму фан чўққиларини эгаллашга бел боғлаган, қийинчилик ва синовлар олдида бош эгмайдиган, бугун ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлиб майдонга чиқаётган соғлом ва баркамол авлодимизга ишонаман” деб алоҳида таъкидлади. Ушбу сўзлар мамлакатимизда баркамол авлод келажагига нечоғли юксак эътибор берилаётгани ва ишонч билдирилаётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир.

Таъкидлаш жоизки, 1991 йил 20 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун мустақил давлатимизда қабул қилинган дастлабки қонун ҳужжатларидан биридир. Мазкур қонуннинг 1-моддасида ёшларга оид сиёсат Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб, унинг мақсади ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидори жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқиши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборат экани қайд этилган. Ушбу вазифаларни ҳаётга изчил татбиқ этиш давомида ёшларимиз дунёнинг турли давлатларидаги тенгдошларидан ҳеч нарсадан ҳеч қачон кам бўлмаслиги учун барча зарур шароит яратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари, давлат дастурлари баркамол авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларнинг жисмоний ва маънавий ривожланиши учун шарт-шароит яратишда муҳим омил бўлмоқда. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган тегишли қонунчилик базаси яратилди, интеллектуал салоҳиятини оширишга улкан эътибор қаратилаётир. Бу борада қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг ҳаётга татбиқ этилгани юксак самаралар бермоқда. Бугунги кунда мамлакатимиздаги мактаблар, коллеж ва лицейлар, олий ўқув юртларида жаҳон тажрибаси инобатга олинган ҳолда такомиллаштирилган давлат таълим стандартлари асосида ўқитилмоқда.

Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантиришга, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида замонавий дунёқараш, ижодий ҳамда шахсий фазилатларга эга ёш авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор берилаётир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти, “Ниҳол” мукофоти, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси ва бошқа стипендиялар таъсис этилгани бунинг ёрқин тасдиғидир. “Янги авлод” ва “Келажак овози” республика танловлари мунтазам ўтказилмоқда. Истеъдодли ва умидли спортчиларни аниқлаш мақсадида уч босқичли “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт мусобақалари ташкил этилди.

Ёшларга кўрсатилаётган бундай доимий эътибор ва ғамхўрлик ўзининг юксак самараларини бермоқда. Мамлакатимиз йигит-қизлари халқаро миқёсдаги танловлар, мусобақалар ва бошқа нуфузли тадбирларда муваффақиятли иштирок этмоқда.

Истиқлол шарофати билан ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш имкониятига эга бўлганимиз туфайли жисмонан соғлом, маънавий етук, ҳар томонлама билим ва бугунги кунда талаб этиладиган касб-ҳунарга эга ақл-заковатли баркамол авлодни тарбиялашга доир ана шундай изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз ёшлари ўзларининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол ўсиб-улғайиши учун барча зарур шароит ва имкониятлар яратилган, тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган озод ва обод Ўзбекистонда яшаётгани билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Бироқ, улар бундай дориломон кунларга етиш учун қанчалик машаққатли йўл босиб ўтилганини ҳам унутмайди. Бугун ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини, атрофда рўй бераётган воқеаларни теран англайдиган, янгича фикрлайдиган, ўз келажагини жамиятимиздаги демократик қадриятларни янада мустаҳкамлаш, Ватанимиз истиқболини эса жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашиш билан боғлайдиган янги авлод вакиллари ҳаётга дадил кириб келмоқда. Буларнинг барчаси эса мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва маънавий-маърифий туб ўзгаришларга ҳеч ким, ҳеч қачон тўсиқ бўла олмаслигининг ишончли кафолатидир.

You must be logged in to post a comment Login