МИЛЛАТИМИЗНИНГ КЕЛАЖАГИ ЁРУҒ

38-3-10-

Тарих-келажак пойдевори, бу ибора инсониятнинг пайдо бўлганидан то шу бугунгача ўзининг мустаҳкам ва такрорланмас қадрига эга. Тарихнинг ўзидек кўхна ва навқирон Қўқон шаҳри асори атиқалари, дунёни лол қолдирган мўъжизалари-ю жаҳон ахли тан олган буюк зотлари билан ҳам машҳурдир. Бу табаррук заминда қанчадан-қанча буюк сиймолар, олиму фузалолар яшаб ўтган. Маълумки, халқимиз буюк бир илм уммонига эга. Азалдан илмли кишиларга ҳурмат билан қараш билан бирга, илм ўчоғи бўлмиш мадрасаларни бунёд этишга ҳам эътибор катта бўлган. Қўқон хонлигининг ҳозиргача сақланиб қолган илк биноларидан бири “Норбўтабий мадрасаси”дир.

Мадрасада талабалар олий диний таълим олишган. У бир қаватли ҳовли бинодан иборат бўлиб, тўрт бурчак шаклида бунёд этилган. Ҳар бир бурчагига сирлий миноралар ишланган. Ҳовли атрофларига қатор равоқли ҳужралар қурилган. Мадраса пештоқи шимол томонга қаратиб ишланган. Бош йўлакнинг икки тарафида пештоқ бўйлаб туташган гумбазли масжид ва 12 панжарадор деразали дарсхона мавжуд. Ҳужралар жуда кичик бўлсада уларда талабалар учун шароитлар яратилган. Ортиқча безакдан холи.

Кўчадан кириладиган эшик унча мураккаб бўлмаган геометрик шаклдаги накш билан безатилган, ички қисмига эса ўймакор ислимий нақшлар ишланган.

Мадраса биноси ишиқ ғиштдан қурилган  бўлиб, бинода безаклар деярли йўқ. Фасадлар ғишткор, хона ичлари эса оппоқ-ганч сувоқ қилинган.  Балки талабаларнинг асосий эътиборни илм олишга қаратишлари учун безаклардан ҳоли бунёд этилгандир.

Дарсхонанинг ёнида жойлашган масжиднинг хонақохи, гумбаз ости шарафаси ва меҳробининг юлдузсимон безаклари дарсхонага қараганда анча серҳашам кўринади.  Гумбаз  безакларида нафақат  Фарғона услублари балки Бухоро усталарининг маҳоратлари сезилиб туради. Рангдор ганчли нақш ҳамда ислимий нақшлардаги ранглар уйғунлиги ҳар қандай кишини ўзига тортади. Мадрасанинг пештоғи шакли ва умумий ташқи кўриниши билан Бухородаги Кўкалдош, Абдулазизхон, Мир Араб мадрасаларини эслатади.

Азал-азалдан илм-маърифат сари интилиб келган халқимиз келажак авлоднинг зиёли бўлши учун имкон қадар  шароит яратиб беришга ҳаракат қилган. Асрлар оша аждодларимиздан мерос сифатида сақланиб, қадрланиб келаётган ушбу зиё маскани мустақиллик шарофоти ила  қайта таъмирланиб, яна ўз фаолиятини давом эттира бошлади.

Мадрасанинг ёнида Дахмаи Шоҳон хазираси яъни Қўқон хонларининг қабристони жойлашган. Ҳовлидаги қадимий қабрга олиб борувчи йўлакнинг меъморий тузилиши  қубба-пештоқли кириш, икки устунли масжид ва айвондан иборат бўлган. Дарвозахона мақбаранинг энг гўзал қисмидир. Пештоқ девори кичик бир хона ўлчами қалинлигидадир. Пештоқ аркали равоқ шаклида бўлиб унинг ўнг қаноти тугалланмаган минорага туташиб кетган. Тўлиғича кошин билан қопланган. Кошин қопламасининг четлари фақат Фарғонага хос қалампир нусха гули, кошинлар билан чегараланган. Юқори қисми эса гўё атласни эслатади. Равоқнинг тўрига ўймакорлик санъатининг ноёб намунаси бўлмиш эшик ўрнатилган. Эшикка анвойи ислимий нақшлар ва хусни хат билан байтлар, юқори кесакисига эса хадис битилган.

Даврозанинг бунёд этилишида айрилиқ ва ҳижрон азобида ёнган шоира Нодирабегимнинг дарду аламлари акс этган бўлса не ажаб. Дарвозахонада икки эшик очилган бўлиб, Шимол томонидаги эшик  мўъжазгина айвонли ҳовличага олиб чиқади. Қўш устунли айвонча қиблага қараб солинган, масжид вазифасини бажаради. Дарвозахонананинг ўнг томонида эса  хилхона жойлашган. Хилхона деворлари безаксиз. Норбўтабийнинг васиятларига  амал қилиб,  усти ёпилмаган. Унда Норбўтабий, Саййид Муҳаммад Умархон, Саййид Олимхон, Саййид Муҳаммад Аминхоннинг қабрлари бор.

Дахмаи Шоҳондаги  қабр тошларига моҳир усталар томонидан ҳадислар ва турли байтлар битилган. Жумладан, Амир Умархоннинг қабрлари устидаги мармар тошга номаълум шоир томонидан айтилган марсия ўйиб ёзилган бўлиб, унда шундай дейилади. “Жаҳоннинг амириу покдин шоҳ бир умр соҳибқирон бўлган эди. Унинг адли туфайли кишилар бидъат ва зулмни кўрмадилар. Ажал  илки ҳаракатга келганда у ўзининг ноилож эканлигини билди. Вафот йилини кўрсатиш учун андиша юзасидан дилни чиқариб, “Муҳаммад Умар шоҳи жаннатмакон”, деди.

Дахмаи Шоҳонда Модарихон Дахмаси ҳам бўлиб, унга хон авлодига мансуб аёллар дафн этилганлар. Ушбу мақбара эса “Минг Ойим”нинг хотираси учун қурилган. Хўқанд салтанатининг энг олий мақом маликаларидан бўлмиш Зуҳро ойим Норбўтабийнинг суюкли завжаларигина бўлмай, балки насабда у киши билан тенг,  яъни Олтин Бешикхон авлодларидан эдилар. Оталари Минг уруғи йўлбошчиси бўлган.. Шунинг учун ҳам халқ орасида Зуҳро Ойим “Минг Ойим” деган ном билан машҳур бўлган. 1818 йилда у вафот этгач Малика Моҳлар Ойим севимли аммалари ва қайноналарига атаб шох Умархоннинг рухсатлари билан ушбу мақбарани қурдиради.

Хазира аёлларга хос безатилган. Ҳозирда ундан фақатгина бир қисми сақланиб қолган. Равоқнинг икки бурчаги нафис ислимий нақшлар билан безатилган. Гумбаз такия шаклида ишланган бўлиб, ички нақшлари кишини ҳаёлот самоси сари бошлайди. Гўёки уммонда тўлқинлар буралиб кўкка интилади.             

Буюк файласуфлардан бири “Ўтмиши кўмилган миллатнинг келажаги ҳам зулмат пардаси ортидадир”, деган эди. Яратганга шукрки, бизнинг ҳар қанча фахрланишга арзигулик ўтмишимиз бор. Улар бизга тарихни ўргатибгина қолмай,  келажакка йўл кўрсатади.

You must be logged in to post a comment Login