АЖДОДЛАР МЕРОСИ – МАЪНАВИЙ БОЙЛИГИМИЗ

XIX аср охири ва XX аср бошларидаги Марғилон адабий муҳитининг намоёндаси, қатағон қурбонларидан бири  Хожа таҳаллуси билан элга кенг танилган Иброҳимхўжа Муҳаммадшоҳхўжа ўғли ҳам эл-юртимизнинг фидоий инсонларидан эди.

Таниқли тадқиқотчи олим Нодирбек Абдуллаҳатов ва Саййидакбар Жабборов, Аъзамхон Абдуллаевлар томонидан ёзилган, “Фарғона азизлари тақдири” (аждодлар ёди) номли тарихий-публицистик асар Марғилон, Фарғона, Қўқон шаҳарлари тарихи ва адабий муҳити ҳақида бебаҳо маълумотлар билан ошно  этувчи муҳим манбаа ҳам бўлиб, маънавиятимизни янада бойитишга хазмат қилиши шубҳасиздир.

Маълумки, мустабид Шўролар тизимининг динга, асрий анъана ва урф-одатларимизга қарши олиб борган кураши салбий оқибатларга олиб келганди. “Эски дунё” шиори остида масжид ва мадрасалар тушунилиб, улар ёпилган, уламо ва қозилар билан банди қилинган, бундай ҳолатдан қочган дин пешволари, шаҳар зиёлилари қўшни  юртлардан бошпана топгандилар. Табиийки бу ҳақдаги маълумотларни топиш қийин кечади. Фақатгина айрим маҳаллий зиёлиларнинг, чунончи, Хожа Марғиноний шахсий кутубхоналаридагина сақланиб қолган.

XX аср бошларидаги Марғилон адабий муҳитининг таниқли намоёндаси шоир, педагог-маърифатпарвар Хўжа Марғиноний (Иброҳимхўжа Муҳаммадшоҳхўжаев) 1885 йилда шаҳарнинг маърифатпарвар, бадавлат оиласида дунёга келган. Унинг падарибузруквори Муҳаммадшоҳхўжа Мусахўжаев (1862-1913) Фарғона ва Марғилон шаҳарларида бирнеча пахта тозалаш заводларига эга бўлган. Ўзининг олижаноб фазилатлари билан маҳаллий аҳоли ўртасида ҳурмат-эътиборга ва таъсирга эга бўлган.

Тарихчи Муҳаммад Азиз Марғилоний “Тарихи Азизий” асарида бу ҳақда қимматли материалларни келтиради.

Иброҳимхўжа Қўқон ва Бухоро шаҳарларидаги мадрасаларда таълим олган. Қариндошларининг таъкидлашларича, у Бухорода улуғ ёзувчи Садриддин Айний (1878-1954) билан учрашган ва устознинг энг яқин шогирдларидан бўлган. Бўлғуси шоир форс-тожик ва араб тилларини мукаммал эгаллаган бўлиб, Низомий Ганжавий, Саъди Шерозий, Алишер Навоий, Фузулий, Бедил ва бошқа мумтоз адибларнинг қўлёзмаларини мутолаа қилган ва кейинчалик ўзи ҳам ана шу тилларда асарлар битган.

Замондошларининг хотираларига кўра Иброҳимхўжа маърифатпарвар инсон бўлган. Буни эса унинг қолдирган адабий мероси яққол исботлаб турибди. 1914 йилда шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий (1889-1929) томонидан Марғилон шаҳрида очилган янги усулда ўқитиш мактабида Иброҳимхўжа шоир Ҳамзани ўлдиришда қатнашганликда айбланади. Кейинчалик эса оқланади. Бироқ, ижтимоий хавфли шахс дея ҳисобланиб, у юртимиздан беш йилга бадарға қилинган.

Яқин қариндошлариниг таъкидлашларича, ана шу  бадарға муддатини ўтаганидан сўнг у, ёзувчи Садриддин Айний таклифига кўра, Душанбе шаҳридаги нашриётларидан бирида таржимон бўлиб ишлаган. 1937 йилда эса Иброҳимхўжа ҳибсга олинган ва унинг изи ГУЛАГда йўқолган.

Иброҳимхўжа тақдирига ўхшаган воқеалар Марғилонда кўплаб рўй берган. Бу эса шаҳар маданий меросини ўрганувчи тарихчи ва тадқиқотчилардан алоҳида машаққатли изланишларни тақозо этади.

Юқоридаги китобни мутолаа қилган ўқувчи Иброҳимхўжанинг дунёқарашини бойитади, аждодларимиз меросига бўлган қизиқиши ва эътиқодини зиёда этиб, уларни қадрлашга ундайди.

Асар моҳиятидан яна бири шундаки, унда бебаҳо, ноёб, маълумотлар алоҳида-алоҳида мавзулар остида берилганки, бу китобхон учун айниқса муҳимдир. Чунончи, “Марғилон тарихидан лавҳалар”, “Соибдавлат Муҳаммадшоҳхўжа”, “Маърифатпарвар Иброҳимхўжа”, “Марғилон Саййидлари”, “Шоҳимардон Хўжалари”, “Иброҳимхўжа ва Исмоилхўжа ёҳуд хатдаги асл ҳақиқат”, “Марғилонлик қатағон қурбонлари”, “Марғилон адабий муҳити тўғрисида мухтасар маълумот”, “Аждодлар шажараси”, “Иброҳимхўжа ижодидан намуналар” мавзулари анашулар жумласидандир.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шонли Истиқлолимиз шарофати билан юртимизда аждодлар хотирасини ҳамиша ёдга олиш, улар қолдирган бой маданий-маърифий меросни қадрлаш, муқаддас ва шарафли бурчимизга айланди. Юқорида зикр этилган асар ҳам муаллифларнинг ана шу бурчни адо этиш йўлидаги хайрли ишларлан бири, дея оламиз.

You must be logged in to post a comment Login