Марғилон шаҳар тарихий музейида Бурҳониддин Марғиноний яратган “Ал Ҳидоя” асарининг ХVI ва ХIХ асрларда кўчирилган нусхаси сақланмоқда

41411

Азал-азалдан  моҳир санъаткорлар, сўз усталари, уста ҳунармандлар юрти бўлиб келган  Марғилон, асрлар давомида тараққиётга юз тутиб келди.

Санъат, маданият, илм-фан, ҳунармандчилик, саноат салоҳияти бўладими, наинки, барча соҳаларда эришилган ютуқлар, шаҳарнинг узоқ ўтмиши, бой маданияти  ўша пайтда ҳам ривож топган боқий санъати юртимизни дунёга машҳур қилиб келди.

Айниқса, ушбу шаҳарнинг турли жойларидан топилган қадимий асори- атиқалар, бебаҳо хазиналар Марғилондаги минг йиллар авалги қайноқ  ҳаёт нафасини ёдга  солаётгандек туюлади, гўё. Хусусан, Марғилон шаҳар тарихий музейига қадам ранжида қилган ва у уерда ўрнатилган қадимий экспонатлар ва кўргазмалар билан яқиндан танишган  кишиларнинг қалбида ушбу  ҳис-туйғулар жўш уриши табиий.

– Ушбу музей республикамизнинг энг кекса музейлари сирасига киради. Негаки, унинг ташкил топишида санъатимизнинг етук дарғалари бўлган Тамарахоним, Уста Олим Комилов, Бегимхон Комиловаларнинг ҳиссаси катта, – дейди музей мудири Ғанижон Алижонов. – Биласизми, хорижликлар ҳар гал бу ерга ташриф буюришганида, Марғилон ҳунармандчилиги, халқ амалий санъати атлас ва адрас намуналаридан кўпроқ хайратланадилар. Улар ҳақида кўпроқ билишга интиладилар. Масканимизнинг асосий эътиборга молик томони ҳам шунда бўлса керак.

Музей фаолияти 1964 йилда ташкил этилган бўлиб, 2007 йилда Марғилон шаҳрининг 2000 йиллик тантанаси нишонланиши муносабати билан Йўлдош Оҳунбобоев мемориал музейи ҳамда Адабиёт ва санъат музейи негизида бирлашди. Экспонатлар қайтадан янгиланди. Янги экспонатлар билан бойитилди. Музей захирасида айни пайтда 8 мингга яқин экспонатлар сақланмоқда. Унда 6 та кўргазма зали мавжуд бўлиб, уларда антик давр, ўрта асрлар тарихи, Қўқон хонлиги ва мустақллик даврлари акс этган.

Музейнинг палеолит, бронза, ва темир даврига оид бўлимларида Фарғона водийси ёдгорликлари, суратлар, ҳариталар майда тош қуроллари, Селенғур ғоридан топилган меҳнат қуроллари, сопол идишлар, кулолчилик намуналари ўрин олган.

Бугунги кунда, музейга ўқувчи ёшларнинг ҳам қизиқиши ошган. Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда ташкил этилаётган турли мавзудаги кўчма кўргазмалар ёшларнинг юртимиз тарихини кенгроқ ўрганишга ундамоқда.

Эътиборли экспонатлар фақатгина бугина эмас. Бу ерга келувчилар Марғилоннинг машҳур фарзандлари Тамарахоним, Уста Олим Комилов, Мадали Ҳофиз, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов, Мукаррама Турғунбоеваларнинг ўзбек санъатидаги ўрни, миллий санъатимиз ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида тўла-тўкис маълумотларга эга бўладилар. Ойнаванд жавонлардан бирида машҳур доирачи Уста Олим Комиловга тегишли асл доира сақланиб келинмоқда.

Шунингдек, музейда Польшанинг Гданск шаҳрида қурилган кема макети бор.

Кўргазма залининг сўнги бўлими “Мустақиллик йилларида деб номланиб, унда Марғилон шаҳрида мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, кўргазмаларда ифода этилган. Жумладан, шаҳардаги ипак комбинатининг қурилиши, унинг дастлабки фаолияти, ишлаб чиқарилган сифатли маҳсулотлар, ишчилар ҳаётидан акс этган  фото суратлар ўрин эгаллаган. Бундан ташқари, ушбу бўлимда улуғ санъатимиз намоёндалари Маъмуржон Узоқовнинг танбури, Уста Олим Комиловнинг қўшноғораси, дўппидўзлик, читгарлик, абрли газлама маҳсулотлари, Марғилон баҳмали матоларининг намуналари жойлаштирилган.

Ушбу табаррук замин фарзанди бўлган буюк аждодимиз Бурҳониддин Марғиноний яратган “Ал–Ҳидоя” асарининг  ХVI ва ХIХ асрларда кўчирилган нусхаси ҳам музейнинг олтин фондида сақланиб келинмоқда.

Ўтмиши боқий, келажаги буюк Ватанимизни ҳар зарра тупроғи муқаддас. Аждодлар томонидан асрлар оша бизга мерос бўлиб келаётган ушбу ёдгорликлар эса  маънавий куч қудратимиз тимсоли сифатида қалбларимизга ғурур ва ифтиҳор бағишлайди.

You must be logged in to post a comment Login