Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 92 фоиз ўғил-қизларининг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари ЖССТ стандартларига тўла мос келади

DSC_0973

Президент Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон мустақил тараққиёт йилларида халқ ўз турмуш тарзи, руҳияти, дини, миллий қадрият ва урф-одатларини эъзозлаган, мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувликни таъминлаган ҳолда, иқтисодий-ижтимоий ларзаларсиз, йўқотишларсиз янги даврга қадам қўйди. Бозор муносабатларига ўтиш, иқтисодий мустақиллика эришиш ва уни мустаҳкамлаш, оқилона ички ва ташқи сиёсат юритиш масалалари босқичма-босқич ҳал этилди. 

Мутақилликнинг дастлабки йиллари – 1991 йилнинг 20 ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур  қонуннинг 1-моддасида қайд этилганидек, ёшларга оид сиёсат Ўзбекистон Республикаси давлат фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб, унинг мақсади ёшларнинг ижтимоий шаклланиши ва камол топиши, ижодий иқтидорини жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқариши учун ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда уларни кафолатлашдан иборат.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига қараганда, бугунги кунда дунёда юз миллиондан ортиқ ўсмир мактабга қатнаш имкониятига эга эмас. Дунёнинг 12 мамлакатида болаларнинг бошланғич умумтаълим мактабларига қамраб олиниш  кўрсаткичи пасайиб кетган.

Ўзбекистонимизда эса ҳар йили янги, замонавий таълим масканлари  фойдаланишга топширилаётгани, йиғит-қизларимиз жаҳон стандартлари даражасида таълим олиши учун барча шароитлар яратилаётганини алоҳида  таъкидлаш зарур. 

Президент Ислом Каримовнинг ташаббуси билан мамлакатимизда «Таълим тўғрисида»ги қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг қабул қилиниши ушбу муҳим соҳада чуқур ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Таълим – тараққиётнинг, шахс, жамият ва давлатнинг иқтисодий, ижтимоий, илмий-техник ҳамда маданий эҳтиёжларини таъминлайдиган устувор соҳаси экани қонун билан белгилаб қўйилди.

Мазкур дастур мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳалари учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциялашувини таъминлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, кадрлар тайёрлаш борасида ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган яхлит ўқув-илмий-ишлаб чиқариш комплекси сифатида таълим тизимини босқичма-босқич такомиллаштириш вазифасини муваффақиятли ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, 2004-2009 йилларда амалга оширилган “Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури” умумий ўрта таълимни ривожлантиришда муҳим омил бўлди. Бир сўз билан айтганда, таълим соҳасидаги давлат дастурлари ушбу жабҳани сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, халқаро меъёрларга мувофиқ билим бериш жараёнини такомиллаштириш имконини яратди.

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини ҳаётга татбиқ этиш давомида узлуксиз хусусият касб этган таълим тизимининг нафақат шакли, балки моҳияти ҳам тубдан ўзгартирилди. Ушбу тизим бугун мактабгача, 9 йиллик умумий ўрта, 3 йиллик ўрта махсус ва касб-ҳунар, олий, олий ўқув юртидан кейинги таълим, кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, мактабдан ташқари таълимни ўз ичига олган. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими эса мазкур узлуксиз таълим тизимининг мутлақо муҳим ва янги бўғинидир. Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини 9-синфдан кейин қабул қиладиган мутлақо янги турдаги ўқув юртлари – касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар барпо этилди.

Ўзбекистонда 12 йиллик мажбурий таълим жорий этилди. Бунинг моҳияти шундаки, йиғит-қизларимиз касб-ҳунар коллежида умумтаълим фанлари билан бир қаторда меҳнат бозорида талаб катта бўлган бир неча касб-ҳунарни эгаллаш имкониятига ҳам эга бўлмоқда. Яна ҳам аниқроғи, ўрта махсус таълим олган ёшлар муайян касб-ҳунарни пухта эгаллаб, ишлаб чиқариш жараёни асосларини яхши билган ҳолда, замонавий корхоналарга тайёр мутахассис сифатида келмоқда.

Бу борада лицейлар ҳам муҳим вазифани бажараётир. Бу ерда ўқувчилар академик йўналишлар бўйича умумий таълимни чуқур ўрганишдан ташқари, муайян ихтисосликлар бўйича фанларни ҳам ўзлаштирмоқда. Йиғит-қизлар лицей ва коллежларни тамомлагач, олий ўқув юртларига кириш ва танлаган мутахассислиги бўйича таълимни давом эттириш учун етарлича билимга эга бўлмоқда.

Юртимизда 12 йиллик таълим барча учун мажбурий экани қонунларимизда белгилаб қўйилган. Бу ўсиб келаётган янги авлодни 12 йиллик мажбурий таълимга қамраб олиш билан бирга, уларнинг аниқ мутахассислик ва касб-ҳунарга эга бўлиши таъминланмоқда. Бу, айниқса, қизларимиз учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Чунки ёш оиланинг мустаҳкамлиги аввало қизларнинг бирор-бир мутахассисликни эгаллаб, ҳаётда ўзининг мустақил фикри ва ўрнига эга бўлиши билан бевосита боғлиқдир.

Таълим жараёнини ислоҳ этиш ва меҳнат бозорида талаб қилинадиган юқори малакали кадрлар тайёрлашда олий ўқув юртлари муҳим ўрин эгаллайди. Президентимиз раҳнамолигида таълимнинг бу босқичини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилиши натижасида бугунги кунда уларнинг сони икки баробар ортди.

Ёшларнинг етук ва баркамол бўлиб камол топишида юртимизда яратилган уч босқичдан иборат яхлит тизим – мактаб ўқувчилари учун  «Умид ниҳоллари», академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари учун «Баркамол авлод» ҳамда олий ўқув юрти талабалари ўртасида Универсиада спорт мусобақаларининг йўлга қўйилишидир. Зеро, у юртимиздаги юз минглаб ёшларни оммавий равишда спортга жалб этиш, уларнинг жисмоний соғлом бўлиб камолга етишларида ғоят улкан аҳамият касб этмоқда.

Бу ишларнинг юксак самараларини ҳар қадамда, миллионлаб юртдошларимиз ҳаёти мисолида яққол кўриш мумкин. Масалан, сўнгги ўн йилда 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ўртача вазн кўрсаткичи 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга ортган. Бўй  кўрсаткичлари эса  ўғил болалар ўртасида ўртача 3 сантиметрга, қизлар ўртасида эса 2,9 сантиметрга ўсган. Ҳозирги вақтда 92 фоиз ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келади.

Мана шу кўрсаткичларнинг ўзиёқ мустақил Ўзбекистон фарзандларининг соғлом, кучли, ақл-заковатли инсонлар бўлиб камол топиши, ўз иқтидори ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида яратилаётган кенг имкониятлар нақадар юксак самаралар бераётганини исботлайди.

Ёшлар ўзларига билдирилаётган ишонч ва ғамхўрликни теран ҳис қилган ҳолда, халқимиз, Президентимиз уларга катта умид боғлаётганини яхши англайди. Улар бу ишончни аъло ўқиш, илмий-ижодий муваффақиятлар, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимиз тараққиёти ва Ватанимизнинг ёруғ истиқболи йўлидаги фидокорона меҳнати билан оқлашга интилмоқда.     

You must be logged in to post a comment Login