ҚЎҚОН МУЗЕЙИДА 14 МИНГГА ЯҚИН ЭКСПОНАТЛАР САҚЛАНМОҚДА

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда буюк аждодларимизнинг бебаҳо ижоди ва умрбоқий асарларини англаш, илмий, адабий маданий меросимизни холисона ўрганишга  муҳим аҳамият қаратилди. Хусусан, ўзбек адабиётининг катта қисмини белгиловчи Қўқон адабий муҳити, ўз даврида  ушбу қадимий шаҳарда ижод этган  алломаларнинг  бизгача етиб келган  нодир қўлёзмалари, дурдона  асарларини асраб-авайлаш, ўрганиш ва уни келгуси авлодларга етказиш борасида қатор эзгу саъй-ҳаракатлар амалга оширилди. Зотан, бу муқаддас заминда Амирий, Нодираий Даврон, Увайсий, Ҳазиний, Муқимий, Фурқат, Чархий бутун умрини миллат равнақи ва ўзбек адабиётини ривожлантиришга сарф этган ва ўзидан ўлмас асарларни қолдирган  буюк бобокалонларимиз яшаганки, уларнинг  ижодини билиш, чуқуроқ англаш, мазмунини теранроқ тушуниш орқали инсоннинг маънавий олами шаклланади.

Биргина Қўқон шаҳрида ярим асрдан буён фаолият кўрсатиб келаётган  Ғафур Ғулом номидаги адабиёт музейида сақланиб келинаётган ноёб китоблар, аждодларимиз асарларининг қўлёзма ва тошбосма нусхалари билан танишиш жараёнида яна бир бор биз қандай буюк зотларга ворис эканимизни, улар  бир умр қадрлаб яшаган диёрда ҳаёт кечираётганимизни янада тўлароқ англаймиз ва қалбда юксак фахр-ифтихор туйғулари жўш уради.

Музей фаолияти 1961 йилда Фанлар академияси адабиёт музейи сифатида ташкил этилган. Бугунги кунда унинг фондида 14 мингга яқин экспонатлар сақланиб келинаётган бўлса, унинг икки минтаси ноёб қўлёзмалар, икки минтаси тошбосма китоблар ва яна бошқа ўзида узоқ йиллик тарихни акс эттирган асори- атиқалардан иборатдир. Хусусан, Алишер Навоий асарларининг 30 дан ошиқ нусхалари, Жалолиддин Румий, Фаридиддин Атор, Шайх Саъдий, Ҳофиз Шеърозий, Абдураҳмон Жомий, Фирдавсий каби мумтоз адабиётимизнинг улуғ сиймоларининг асарлари, Қўқон адабий муҳитида 18 аср охирларидан бошлаб ижод қилган Амирий, Нодира, Увайсий, Узлат, Гулҳаний, Фазлий, Муқимий, Фурқат, Муҳйи, Завқий, Мавлайи Йўлдош, Мирзо Ҳўқандий адбибларимизнинг шунингдек, XX асрда  жадидчилик фаолияти ижод этган Усмон Носир, Чўлпон, Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний каби янакўплаб ўзбек адабиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшган ижодкорларнинг ижод намуналари муносиб ўрин эгаллаган. 1920 йилларда чоп этилган Қўқон маҳаллалари режаси, улуғ адибларимиз асарлари  кўчирилган ҳусни хат намуналари ноёб фотосуратлар, миллий ва қадимий либослар, ота боболаримиз шуғулланиб келган ҳунармандчилик маҳсулотлари сақланаётган бўлимни кузата туриб киши ҳаёлан ўша асрларга саёҳат қилгандек ҳис қилади  ўзини.

Айниқса, ўтмишдаги ҳаттотлар хонаси  музейда ўша замонга мослаштирилиб яратилган бўлиб хона қадимий  буюмлар билан  безатилган. Хона ўртасида эски сандал, сандал ёнида ўтирган ҳаттот  эса қўлига  қаламини олиб ижод билан машғул. Бу кўриниш албатта музейда бўлган ҳар бир кишига ўша давр нафасини туҳфа этади.

– Мустақиллик туфайли бой ўтмишимиз, маданий-адабий меросимизни тўлиқ ўрганишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда, – дейди музей раҳбари, филология фанлари номзоди Абдулатиф Турдалиев. –Авваллари  Муқимий, Фурқат,  Муҳйи, Завқий, Мирзо Хўқондий каби ўнлаб забардаст, марифатпарвар ижодкорларнинг мероси бир томонлама ўрганилган эди. Мустақиллик шарофати билан А.Абдуғофуров, Ш.Юсупов сингари устоз адабиётшуносларимиз қўқонлик ижодкорларимизнинг ижодий фаолиятини тўла акс эттирувчи илмий тадқиқотлар олиб бордилар. Айниқса, Ҳолид Расулнинг Фурқатнинг бор адабий мероси жамланган икки жилдлик “Асарлар мажмуаси”, Шариф Юсуповнинг “Худоёрхон ва Фурқат” китоблари адабиётшуносликда янги саҳифани очди. Аллома олимларимизнинг бошлаб берган ишни шаҳар маданият-маърифат бўлими, Завқий жамғармаси, музей жамоаси билан ҳамкорликда давом эттирди.

Ана шу изланишлар давомида музейимиз жамоаси томонидан Завқийнинг “Ажаб замона”, Фурқатнинг “Муҳаббат йўлида”, Муқимийнинг “Боғ аро”, Увайсийнинг “Мазмун маъдани”, Муҳсинийнинг “Барҳаёт гулшани” каби китоблари нашрдан чиқарилди. Шу билан бирга республика илмий ойнома тўпламларида уларнинг фаолиятига оид ўнлаб илмий мақолалар чоп этилди.

You must be logged in to post a comment Login