ФАРҒОНАДА СЎНГГИ 10 ЙИЛДА 150 ДАН ЗИЁД СПОРТ ОБЪЕКТЛАРИ ҚУРИЛДИ

25

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимиз замирида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир.

Юртбошимиз раҳнамолигида ёшларни спортга кенг жалб этиш, улар ўртасида спортни оммалаштириш, айниқса, болалар спортини ривожлантириш, спорт мажмуаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик самарасида Ўзбекистон ёшлари   қитъа ва жаҳон биринчиликларида, Олимпия ўйинлари ва бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришаётир. Хусусан, кейинги ўн йилда биргина Фарғона вилоятидан спортнинг турли йўналишлари бўйича элликдан ортиқ жаҳон ва Осиё чемпионлари етишиб чиққани Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортни халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг амалий самарасидир.

Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан сўнгги 10  йилда Фарғона вилоятида 150 дан зиёд объект қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ана шулардан бири Қўқон шаҳридаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабидир. Бу ерда беш юздан ортиқ йигит-қиз спортнинг ўн тури билан мунтазам шуғулланмоқда.

– Мактабимизда спортнинг кўплаб турлари билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилган. Айнан шу омил ёшларимизнинг мамлакат ва халқаро миқёсда улкан зафарларга эришишида катта аҳамият касб этмоқда, – дейди мактаб директори Ёрқинжон Қурбонов. – Машғулотлар махсус жадвал асосида ҳар куни ўтказилади. Мажмуа дам олиш кунлари ҳам атрофдаги маҳалла ёшлари билан гавжум.

Замонавий усулда барпо этилган ва барча спорт анжомлари билан таъминланган мактаб тарбияланувчилари Темур Умаров, Абдулаҳад Раҳимов, Сирожиддин Маъруфалиев, Асилхўжа Хўжаев, Абубакр Иброҳимов, Довудбек Жамолов, Намоз Рўзматов каби ёшлар миллий спортимиз довруғини янада кенг ёйилишига ўз ҳиссасини қўшади, десак, янглишмаймиз.

– Давлатимиз раҳбари биз ёшларга қарата кўп маротаба “Мен сизларнинг барчангизни, ҳақиқатан ҳам, яхши кўраман, сизлар учун, сизларнинг бахту саодатингиз учун бутун борлиғимни бағишлашга тайёрман. Маррани доимо баланд қўйиб яшанг, азиз болаларим, давр бизники, марра бизники!” деб таъкидлаганлар. Бу ҳар доим Ўзбекистонимизнинг барча ёшларини тўлқинлантиради, – дейди дзюдо бўйича Ўзбекистон чемпиони Абубакр Иброҳимов. – Бундай самимий сўзларга, бундай юксак ишончга, бундай улкан даъватга муносиб бўлмаслик мумкин эмас. Бу сўзлар биз ёшларга янада куч-ғайрат, шижоат бағишлайди.

Мазкур масканда бадиий гимнастика кенг оммалашиб бораётган спорт турларидан. Айни пайтда нафис спорт тури билан мунтазам  шуғулланаётганлар сони ҳам 100 нафардан ошди. Мураббийлар ўз назарий ва амалий билим ҳамда тажрибасини доимий равишда ошириб бораётгани гимнастикачи қизларни турли мусобақаларга пухта тайёрлаш чораларини кўрмоқда.

– Спорт нафақат жисмоний, балки маънавий камолотга эришишда ҳам муҳим омилдир, – дейди мураббия Гўзал Тешабоева. – Айниқса қизларимиз учун нафосат ва гўзаллик асоси бўлиб хизмат қилаётир. Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётган ёшларимиз кўп. Улар мамлакат миқёсидаги мусобақаларда ҳам юқори натижаларга эришмоқда. 

You must be logged in to post a comment Login