ЎЗБЕКНИНГ БУЮК БОБОСИ

131

Шу йилнинг дастлабки ҳафтасида Бухорода «Ибн Синонинг илмий-маънавий мероси – башарият учун бебаҳо хазина» мавзуида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Икки кунлик тадбир мобайнида Абу Али ибн Синонинг биз авлодларга қолдирган бой илмий мероси ва унинг бугунги кундаги аҳамияти хусусида фикр юритилди.

Бу – юртимизда аждодлар ва авлодлар ўртасидаги мустаҳкам ришта абадий эканлиги, ота-боболаримизнинг бебаҳо ганжина сифатида қолдирган мероси асло завол топмаслигидан далолатдир.

Улуғ аждодимизга бағишланган тадбирлар доирасида вилоят марказида Ибн Сино номидаги фавворалар хиёбонининг очилиш маросими ўтказилди. Мамлакатимизда илк бор ташкил этилган мазкур фавворалар олдингиларидан фарқли равишда ернинг устида қурилгани билан аҳамиятлидир. Гўзал хиёбондаги яна бир рангли-мусиқали фаввора ҳам ушбу маскан кўркига кўрк қўшиб, қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдириб турибди. Конференциянинг иккинчи куни иштирокчилар Ибн Синонинг туғилган юрти Пешку туманидаги Афшона қишлоғида бўлишди. Тиббиёт касб-ҳунар коллежида ёшлар билан суҳбат уюштирилиб, Ибн Сино уй музейини зиёрат этишди.

Дарҳақиқат, буюк аждодимизнинг дунё илм-фани ривожи, тараққиётига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Баъзи манбаларда Ибн Синонинг 450 дан ортиқ асар ёзгани қайд этилади. Аммо бизгача бу меросдан 160 таси етиб келган. Шундан 80 таси фалсафага, 43 таси табобат, қолганлари мантиқ, психология, тиббиёт, астрономия, математика, кимё, мусиқа, ахлоқ, адабиёт ва тилшуносликка оид ҳисобланади. Алломанинг биргина «Тиб қонунлари» асари кейинги бир неча юз йиллар давомида тиббиёт фани тараққиётининг асосий йўналишларини белгилаб берган.  Ҳозирги кунда ҳам ўз қадр-қимматини йўқотмаган бу асари орқали Ибн Сино замонавий тиббиёт ва фармакология соҳаларининг энг муҳим усуллари шаклланишига мустаҳкам замин яратган эди. Бу асар қарийб 500 йил давомида дунёнинг етакчи университет ва институтларида ўқиб-ўрганиб келингани ҳам бежиз эмас.

Тиббий асарлари туфайли Ғарбда Авиценна номи билан машҳур бўлган бобомиз Шарқда кўп қиррали буюк шахс сифатида донг таратган. «Шайх-ур-раис» – «Донишмандлар сарвари» фахрий унвони ҳам, буюк ватандошимизнинг сермаҳсул фаолияти, улуғ меросига ишорадир. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди.

Ибн Сино шоир, тилшунос ва адабиётшунос олим сифатида ҳам ном қозонган. Тарихий манбаларда ёзилишича, олимнинг адабий қарашлари Аристотол ва Форобий таъсирида шаклланган. Ибн Синонинг рамзий-ирфоний адабиётни бошлаб бериши Фариддин Аттор, Алишер Навоийнинг ижодига сезиларли таъсир кўрсатди. Буюк итальян шоири Данте ўз асарларида Гомер, Софокл, Арасту, Афлотун, Пифагор, Гераклит сингари дунё илф-фани асосчилари қаторида Ибн Сино номини ҳам тилга олади. Жованни Бокаччонинг «Декамерон» асарида Ибн Сино образи буюк табиб сифатида намоён бўлади. Европа Уйғониш даври миниатюра асарларида Ибн Сино Аристотел, Гиппократ, Птоламей, Эвклид каби юнон олимлари билан бир қаторда тасвирланади.

– Ибн Синони араб ва форс тилларида қасида, ғазал, қитъа ва рубойилар ёзган шоир ва олим сифатида ҳам биламиз, – дейди филология фанлари номзоди Эргаш Очилов. – Лекин ватандошимизнинг адабий  мероси бизгача етиб келмаган. Бу борада тадқиқотлар олиб борган олимларимиз ҳозирча 46 та рубоий, 4 ғазал, 5 қитъа ва 2 байт шеърни Ибн Сино қаламига мансублигини аниқлашга муваффақ бўлишган.

Шу маънода, аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий мероси бугунги кунда ҳам тараққиётнинг жадал ривожига улкан хизмат қилиб келаётганини таъкидлаш ўринлидир.

– Ўзбек халқи жаҳон тамаддунига, айниқса, дунё табобатига беқиёс ҳисса қўшган бобокалони, буюк олим ва табиб даражасига етган Ибн Сино билан ҳақли равишда фахрланса арзийди, – дейди ЮНЕСКО фахрийси Майк Барри Лейн. – Орадан минг йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, Ибн Сино илмий меросини дунёнинг барча мамлакатларидаги тиббиёт мутахассислари зўр қизиқиш билан ўрганишда давом этмоқда. Бу олимнинг табобат соҳасидаги изланишлари ва эришган натижалари нақадар юксак эканидан далолат бериб турибди.

You must be logged in to post a comment Login