САНЪАТ КОШОНАЛАРИ – ЁШЛАР УЧУН

121

Юртимизда камол топаётган истеъдодли ўғил-қизларни ҳар томоналама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва маҳоратларини янада ривожлантириб, юксак билим чўққиларини забт этишлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Хусусан, истиқлол йилларида мамлакатимизда Президентимизнинг 2008 йил 8 июлда қабул қилинган “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида замонавий архитектура талаблари асосида болалар мусиқа ва санъат мактаблари бунёд этилиб, бу ерда истеъдодли ёшларнинг ўзлари севган санъат тури бўйича  пухта билим эгаллаб, маҳоратларини шакллантириб боришлари, самарали ижод этиб, катта ютуқ ва муваффақиятларга эришишлари учун  чексиз имкониятлар яратилмоқда.

Биргина Ўзбекистон туманидаги 23-болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам бугунги кунда ўзбек халқ чолғу созлари, фортепиано, анъанавий хонандалик, академик хонандалик, тасвирий ва амалий санъат, мусиқа назарияси каби санъатнинг 6 тури бўйича  222 нафар иқтидорли ёшлар таҳсил олиб келишмоқда. 

Ўқувчиларнинг санъатга, билим олишга бўлган интилишлари айни пайтда уларнинг ўз йўналишлари бўйича улкан муваффақиятларга сазовор бўлишларига сабаб бўлмоқда. Жумладан, улар мамлакатимизда ўтказилаётган  “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивали, “Муҳиддин Қори Ёқубов республика кўрик-танлови”, “Наврўз садолари”, “Мардлар қўриқлайди Ватанни”, “Конституция ёшлар нигоҳида”мавзуидаги расмлар танлови каби  турли анжуманларда  фаол иштирок этиб фахрли биринчи, иккинчи учинчи ўринларни қўлга киритиб келаётганликлари ҳам таълим масканидан ёшларга берилаётган чуқур билим намунасини кўрсатади.

– Ўқувчиларга билим беришда аввало педагогларимизнинг   замонавий пед технологияларга ёндошиши, дарс машғулотларининг ноанъанавий тарзда ташкил этиши, шунингдек шогирдлари билан соатлаб машғулотлар ўтиши, ўқувчиларнинг ижодий ва интелектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда, – дейди мактабнинг ўқув тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари Дилдора Мамажонова. – Чунончи санъат уни  ўрганувчидан қунт, меҳр-муҳаббат, ирода, ўз устида тинимсиз ишлаш ва доимий саъй-ҳаракатни талаб этар экан, бу йўлда инсонга  чинакам эзгу мақсад ҳамроҳ бўлади. Шогирдларимиз бу жараёнларда фаол иштирок этиб, ишончимизни оқлаётганликларидан кўнглимизни фахру ифтихорга тўлмоқда.

You must be logged in to post a comment Login