ЧЕМПИОНЛАР МАСКАНИ

25

Фарғона Олимпия захиралари коллежи ҳудуддаги энг илғор таълим масканларидан бири ҳисобланади. Айни кунда ушбу ўқув даргоҳида 600 нафар ўғил-қиз 60 дан зиёд малакали ўқитувчи ва мураббийлардан таълим-тарбия сирларини қунт билан ўрганиб келишмоқда.

– Муассасамизда ёшларнинг таълим олиш ва спорт билан шуғулланишлари учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилган, – дейди коллеж директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Эгамберди Усмонов. – Ўқув хоналарида дарс жараёнини янги педагогик технологиялар асосида ташкил этиш учун зарур жихозлар, асбоб-ускуналар ва услубий қўлланмалар мавжуд. Амалий машғулот ўтказиш заллари, ёпиқ теннис корти, ўқув спорт майдончалари замонавий спорт анжомларига эга. Юртимизда яратиб берилаётган бундай имкониятлардан оқилона фойдаланган ўқувчи ёшларимиз нафақат вилоят, балки республика ҳамда жахон миқиёсида ташкил этилаётган турли спорт мусобақаларида, фан олимпиадаларида мунтазам иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқдалар.

Бугунги кунда коллеж чин маънода чемпионлар масканига айланган. Далер Раҳматов, Акмал Қосимов, Шерзод Раҳимов, Бехзод Жўрабоев, Марина Сисоева, Дилшода Юнусова сингари кўплаб Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари Ватанимиз номини дунёга танитиш иштиёқида ёнмоқдалар, тинимсиз меҳнат қилмоқдалар.

Жорий йилда Наманган шаҳрида ўтказилган “Баркамол авлод – 2014” спорт мусобақаларида ҳам коллеж талабалари муваффақиятли иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритдилар.

– Юртбошимизнинг бизга кўрсатаётган ғамҳўрликлари, ва эътиборларига жавобан бор куч ва қобилиятимизни ишга солиб, юртимиз байроғини бундан-да юксакларга кўтаришга, биз ёшларга билдирилаётган ишончни, албатта оқлашга ҳаракат қиламиз, – дейди ушбу коллеж ўқувчиси, енгил атлетика бўйича Ўзбекистон чемпиони Абдуқаҳҳор Анваров.  

Ҳа, мамлакатимизнинг буюк келажаги, эртанги эркин ва фаровон ҳаёти ана шундай баркамол авлод қўлида эканлиги кишини қувонтиради. 

You must be logged in to post a comment Login