МУТАФАККИРЛАРНИНГ ЁШ АВЛОДНИ КАСБГА ЙЎНАЛТИРИШ БЎЙИЧА ҒОЯЛАРИ

Шарқ алломалари ва мутафаккирлари ёш авлодни касбга йўналтириш бўйича тенги йўқ фикр, ғояларни илгари сурганлар, таълимотлар яратганлар. Илмий меросни синчковлик билан ўрганиш, таҳлил қилиш, тизимлаштириш ҳамда жаҳон фанининг мазкур соҳадаги ютуқлари билан таққослаш ўзлигимизни англаш имконини кенгайтириб, халқимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътиборини янада оширади. Миллий педагогикамиз тарихини, айниқса, ёш авлодни касбга йўналтириш бўйича аждодларимизнинг асрлар давомида тўплаган тажрибаларини ўрганиш эса касбга йўналтириш жараёнини такомиллаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Манбаларда баён қилинишича, азал-азалдан фарзандларини касб-ҳунарга йўналтиришга, уларнинг илм-фан, маърифат сирларини эгаллашига аждодларимиз катта эътибор беришган. Меҳнат, меҳнат тарбияси, устоз-шогирд анъанаси, касб-ҳунарнинг моҳияти, касб-ҳунарни эгаллашнинг жамият ва ёш авлод учун аҳамияти, касб-ҳунарларнинг кишига қўядиган талаблари каби масалалар Муҳаммад Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу  Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий, Амир Темур, Алишер Навоий, Жалолиддин Давоний, Ҳусайн Воиз Кошифий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби улуғ бобокалонларимизнинг тарихий меросидан жой олган. “Авесто”да ҳам болалар ёшлигидан дарахт кўчати ўтқазиш, уй-рўзғор қуролларини тайёрлаш каби машғулотлар билан шуғулланишлари кераклиги ҳақида кўплаб сатрлар мавжуд.

Имом Бухорий тўплаган ҳадислар китоби – “Ал жомеь-ас саҳиҳ”да ҳам ёшлар келажаги учун муҳим касб-ҳунарни ўрганиш, меҳнат қилиш ва унинг афзаллиги тўғрисида кўплаб ҳадислар келтирилган. Эьтиборлиси шундаки, мазкур тўпламда “Тўқувчи ҳақида”, “Темирчи ҳақида”, “Тикувчи ҳақида”, “Савдо ишлари ҳақида” боблар мавжуд бўлиб, уларнинг касбий одоби билан боғлиқ масалалар ҳам ўз аксини топган. Булар она диёримизда ёш авлодни касбга йўналтириш ишини олиб боришда муҳим манба бўлган.

Абу Райҳон Беруний инсоният тарихида биринчилардан бўлиб болаларни кичик ёшидан меҳнат қилишга ўргата бориш, катталар меҳнатини эьзозлайдиган қилиб тарбиялаш, болани илм ва касбга ўргатиш оиланинг диққат марказида бўлиши кераклиги ҳақида фикр билдирган. Аллома оилада бошланган меҳнат тарбиясини мактабда таълим билан бирга ҳунар ўргатишга боғлаб давом эттириш лозимлигини алоҳида таъкидлаган.

Улуғ мутафаккир меҳнат ва касб-ҳунар ворислик асосида авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтишини синчковлик билан ўрганган ва инсонларнинг ҳунармандчилик фаолиятларини юқори баҳолаган.

Ўз-ўзидан равшанки, серқирра фаолият мураккаб меҳнатни, чуқур билимни талаб қилиш баробарида ҳунарманд усталар орасида ихтирочиликнинг кенг тарқалишига  замин  яратган. 

Айниқса, аждодларимиз томонидан тошларни пармалаб тешиш, арралаш ва кесишда зарур бўлган оддий пармалаш дастгоҳи ҳамда бурғунинг кашф қилиниши ўша давр учун ўзига хос мўъжиза саналган. Юқорида баён қилинганлар юртимизда металлургия, кончилик соҳалари билан бирга, ҳунармандчиликнинг нақадар кенг тармоқ отганидан далолат беради.

Абу Райҳон Беруний таълим ва тарбияни амалга оширишда боланинг мойиллиги, қобилиятини ҳисобга олиш зарурлигининг туб моҳиятини педагогика-психология фанлари тарихида илк бор кўрсатиб берган.

Тарихий манбалардан маълумки, ҳунар эгаллаш кўлами ривожланиши юқори поғонага кўтарилган. Натижада халқимизнинг хорижий давлатлар билан иқтисодий-маданий алоқалари авж олган. Айрим манбаларга асосланиб шуни айтиш мумкинки, 32 хил ҳунар тури мавжуд бўлган аҳоли яшайдиган жойни шаҳар деб аташган. Соҳибқирон Амир Темур ҳам Самарқандни ўз салтанатининг пойтахти этиб танлашида юқорида кўрсатилган қоидага амал қилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Илк уйғониш (Ренессанс) даври фани ва педагогик фикрлар тараққиётига катта ҳисса қўшган донишманд Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида ҳар бир киши ижтимоий ҳаётнинг фаол иштирокчиси  сифатида ҳунар ўрганмоғи, ўз ҳунари билан халқига, Ватанига хизмат қилиши зарурлигини уқтиради. Дарҳақиқат, ҳунар ўрганишга ва меҳнат қилишга интилиш ҳар бир инсон учун ҳаётий эҳтиёж бўлмоғи керак. Шу боис улуғ мутафаккир ўз болаларини фойдали меҳнатга ўргатмасдан ортиқча эркалатиб, бу билан уларнинг келгусида нолойиқ хатти-ҳаракатлар қилишига тўғридан-тўғри айбдор бўладиган ота-оналарни қаттиқ қоралаб, “Кимнинг ўғли ёки қизи талтайтириб юборилган бўлса, бунинг учун у охири қаттиқ йиғлайди”, деб таъкидлайди.

Маҳмуд Кошғарий “Девони луғатит турк” асарида “Илмли, ақлли одамларга яхшилик қилиб сўзларини тингла. Илмларни, ҳунарларни ўрганиб, амалга ошир”, дейди. Алломанинг ушбу фикри кишиларни меҳнат қилишга, яхшиликка ундайди, ёмонликни қоралайди. Илм ва ҳунар соҳибларини эъзозлаб, кишиларни улардан ибрат олишга чақиради.

Соҳибқирон Амир Темур ўз салтанатида йирик меҳнат тақсимоти негизида мустақил соҳа бўлиб ажралиб чиққан ҳунармандчилик – тўқимачилик, ёғоч ва тош ўймакорлиги, гилам тўқиш, сопол, металл буюмлар тайёрлаш каби соҳаларни янада ривожлантиришга ҳамда деҳқончилик, чорвачилик ва савдога катта аҳамият қаратган. Шу сабабли ижтимоий ҳаётда янгидан-янги касб-ҳунарларнинг пайдо бўлишига имконият яратилган, оммавий ишсизликка йўл кўйилмаган.

Аждодларимиз ўз асарларида ёшларнинг касбий меҳнат таълими ва тарбиясига жуда катта эьтибор берганлар. Улар касб-ҳунар таълимига таьлим ва тарбиянинг зарурий таркибий қисми сифатида ёндашганлар ва уни ақлий, жисмоний ва маьнавий тарбия билан бирга олиб бориш зарур, деб ҳисоблаганлар. Ёшларга қобилиятларини ва мойилликларини ҳисобга олиб, жиддий ўйлаб меҳнат турини танлаш тўғрисидаги панд ва насиҳатларини кўриш мумкин. Чунончи, Алишер Навоий таълим олувчиларнинг индивидуал, ўзига хос қобилиятларини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлаб, “Инсонлар табиатан тенг бўлсалар ҳам, аммо уларга турли фазилатлар берилган”, дейди.

“Фарҳод ва Ширин” достонида паҳлавон Фарҳоднинг илм-ҳунарга қизиқишини тарғиб этади ҳамда Фарҳодни бир неча касблар эгаси, яъни сангтарошлик, рассомлик, наққошлик каби ҳунарларни мукаммал эгаллаб олган киши сифатида улуғлайди. Илм ва ҳунарни эгаллаган, жисмоний жиҳатдан чиниққан меҳнатсевар Фарҳод камтарин, мазлумларга ғамхўр, одил, мард ва олижаноб бўлиб етишади.

Бу каби мисоллар нафақат адабиёт дарсида, балки касб-ҳунар коллежларида ишлаб чиқариш таълими устаси машғулотларида ҳам келтирилса, ўқувчиларнинг бир неча ҳунарни эгаллашга бўлган иштиёқи ошади.

Буюк аждодларимиз бадан тарбияси, жисмоний машқлар ва спорт, миллий ҳаракатли ўйинларнинг ёш авлоднинг асосли касб танлашига ижобий таьсирини бошқа миллатлардан анча олдин фаҳмлаб олгани, ундан оқилона фойдалангани ибратлидир. Давлат ва фуқаролик ишларини тўғри ташкил этишда одамларнинг психологик, физиологик имкониятларини ҳисобга олиб иш кўрганликлари, шубҳасиз, ҳар биримизда ҳайрат, завқ ва ғурур туйғуларини уйғотади.

Юқорида баён қилинганлардан кўринадики, буюк алломалар ва мутафаккирлар касбга йўналтиришнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий, педагогик-психологик жиҳатларига, ота-она, мактабнинг роли, касб танлашда ёш авлоднинг ҳаёт, меҳнат йўлини мустақил танлашига алоҳида эътибор 6илан қарашган. Болани ҳунарга йўллашда унинг қизиқиш, мойиллиги, қобилиятини ўрганиш, бундай ҳолатда уларнинг онглилик, изчиллик ва ворисийлик, ёш ва индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлигини қайд этган.

Хуллас, бу каби мисоллар аждодларимизнинг касб танлаш назариясини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшганидан далолат беради. Умумтаълим мактабларида касбга йўналтириш жараёнида аждодларимизнинг бой илмий меросидан унумли фойдаланиш ижобий самара бериши шубҳасиздир. 

You must be logged in to post a comment Login