ФАРМАЦЕВТИКА САНОАТИ: ИЛМИЙ САЛОҲИЯТ ВА ИЖОБИЙ НАТИЖАЛАР

4141

1937 йили ташкил этилиб, нафақат мамлакатимиз, балки Ўрта Осиё давлатлари учун мутахассислар тайёрлаб берувчи олий даргоҳ вазифасини ўтаб келган Тошкент фармацевтика институти мустақиллик йилларида том маънода янгиланишлар даврини босиб ўтди, десак муболаға бўлмайди. Айнан истиқлол йилларида илм масканининг моддий-техник базаси мустаҳқамланди. Ўқув-услубий, маънавий-маърифий ишлар режалари, стандартлари ва дастурлари ишлаб чиқилди. Саноат фармацияси ҳамда фармацевтларнинг малакасини ошириш факультетлари, касбий таълим, биотехнология, клиник фармация ва космоцевтика каби янги йўналишлар очилди. Айни пайтда таълимнинг янги концепциясини босқичма-босқич амалга ошириш билан бирга, фармациянинг долзарб муаммолари ечимига йўналтирилган илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Илмий ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилишини фаоллаштириш ҳамда республикамизга кириб келаётган дори препаратларини стандартлаш мақсадида институтда Дори воситаларини стандартлаш илмий марказининг ташкил этилиши бу борада катта воқелик бўлди. Бу ерда олиб борилаётган «Ўзбекистонда ўсадиган ёввойи доривор ўсимликларни ўрганиш ва ўстириш технологиясига кўрсатмалар ишлаб чиқиш», «Маҳаллий хомашёлар асосида препаратлар яратиш ва уларнинг биофармациясини ўрганиш», «Координацион бирикмалар асосида доривор препаратлар яратиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш», «Фармация ишини ташкил этиш ва унинг иқтисодиёти» мавзуларидаги илмий изланишлар соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси ҳамоҳанг ривожланишида, айниқса, аҳамиятли бўлаётир.

Биринчи марта «Гўдаклар уйи» учун формуляр ишлаб чиқилди

– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё миқёсида йилига 1 миллион 800 минг нафар беш ёшгача бўлган бола зотилжам касаллиги асорати туфайли ҳаётдан кўз юммокда, – дейди «Фармацевтика ишини ташкил қилиш» кафедрасининг катта илмий ходими Зебинисо Убайдуллаева. – Кўплаб мамлакатларда болаларга мослаштирилган дори-дармонларнинг йўқлиги, борларининг ҳам ўз вақтида етказиб берилмаётганлиги катта муаммо туғдирмоқда. Айни пайтда таҳлиллар республикамизда нафас йўллари билан боғлиқ касалликлар биринчи ўринга кўтарилганини кўрсатмоқда. Бу эса биз тадқиқотчилар олдига долзарб масалаларни кўндаланг қўймоқдаки, айнан «Зотилжам билан касалланган болаларда цефалоспорин қатори антибиотикларни оқилона қўллашни ўрганишга фармакоиқтисодий ёндашув» мавзусидаги илмий ишга қўл уришимга ҳам ана шу зарурат туртки бўлди. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт педиатрия марказидаги касаллик варақаларини ўрганиб, «Қайси касалликка қайси дори, қандай миқдорда бериляпти?», «Шифокор томонидан берилаётган тавсиялар тўғрими?», «Дори-дармонлар ўз вақтида етказиб бериляптими?» каби саволларга жавоб топиш мақсадида изланишлар олиб борар эканман, бу борада ижобий натижаларга эришилаётгани республикамизда соғлиқни сақлаш тизимига катта эътибор қаратилаётгани, мутахассисларнинг мукаммал билим ва малака орттиришга уринишлари тиббиётимиз равнақида ўз самарасини кўрсатаётганига гувоҳ бўлдим. Юқорида айтиб ўтганимдек, гарчанд нафас йўллари билан боғлиқ касалликка учраш даражаси юқори бўлса-да, шу дард туфайли ногиронликни қайд этиш кўрсаткичлари анча паст. Бу ҳам тиббиёт соҳасининг муваффақиятларидандир. Дори-дармон воситаларидан рационал фойдаланиш мавзусида услубий, амалий қўлланмалар яратилиб, улардан ўқув жараёнида кенг фойдаланилаётгани, зотилжам билан касалланган беморларни даволашнинг фармаиқтисодий таҳлили ўтказилиб, янги метод(схема)лар ишлаб чиқилгани ҳам кафедра ходимларининг катта меҳнатлари самараси, десак муболаға бўлмайди.

– Таҳлил жараёнида ушбу дардга қарши курашишда фойдаланиладиган дори воситаларининг ҳар томонлама самарали, қулай ва арзонлиги каби жиҳатлар ҳисобга олинди, – дея суҳбатимизни давом эттиради З.Убайдуллаева. – Маълумки, ҳар бир шифохона ўз муассасаси учун йиллик дори-дармон воситалари формулярини тузади. Амалиётга татбиқ этилаётган хулосаларимиз асосида «Гўдаклар уйи» учун илк бора ана шундай формуляр ишлаб чиқишга муваффақ бўлдик. Биласиз, ёш болаларда ютиш рефлекси яхши ривожланмаган бўлади. Гўдакнинг нозик вужуди игна санчилганда ҳам қаттиқ озор чекади. Зотилжам билан касалланган фарзандларимизни сироп шаклидаги дори воситалари билан даволаш эса ҳар жиҳатдан қулай ва самаралидир.

Тут барги шифо

Қарийб 200-300 йил яшайдиган, кўркам ва серсоя, айни пайтда пиллачилик, ёғоч саноати учун муҳим хомашё саналувчи тут дарахти ўзининг шифобахш неъмати билан ҳам машҳурдир. Қадимдан Шарқ табобати ва тиббиётида ундан кенг фойдаланилган. Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино тут меваси ва мева шираси билан оғиз ва томоқ яллиғланишини, оғиз бўшлиғидаги шишлар ҳамда дизентерияни даволаган. Шунингдек, балх тутининг барг ширасини танглай муртакларининг яллиғланишида ҳамда тиш оғриқларини даволашда ишлатган… Институт магистранти Рустамжон Самединов тут дарахти барги ва зубтурум ўсимлигининг шифобахш хусусиятларидаги янги қирраларни татбиқ этиб, йилдан-йилга ёшариб бораётган қандли диабет касаллигини даволашда қўлланилувчи дори воситаси олишга киришган. Шу ўринда қайд этиб ўтиш жоизки, статистик маълумотларга кўра, 1985 йили бу дардга йўлиққанлар сони 30 миллион бўлган бўлса, 2010 йилда 320 миллионга етган. Энг аянчлиси, беморларнинг 4-5 фоизини болалар ташкил этаётир.

– Бугунги ҳолат республикамиз ва хорижда бўлиб ўтаётган конференцияларда атрофлича муҳокама қилиниб, илм-фан аҳли олдига долзарб вазифалар кўндаланг қўйилмоқца, – дейди Рустам Самединов. – «Доривор ўсимликлар янги йиғмасининг гипогликемик таъсири» мавзусида илмий изланишлар олиб боришга жазм этишимга ҳам ана шу жиддий вазият туртки бўлди. Тўғри, дорихоналаримизда қандли диабет билан касалланган беморларга тавсия этиладиган дори-дармонлар мавжуд. Лекин аксарияти хориждан келтирилаётган препаратлар ҳиссасига тўғри келади. Айни пайтда уларнинг ножўя таъсирлари хусусида ҳам ўйлаб кўриш керак. Мамлакатимизда фармацевтика саноати жадал ривожланаётган, хомашё базаси етарли бўлган бир шароитда бор имкониятлардан оқилона фойдаланиш лозим.

Дарвоқе, инглиз тилини мукаммал биладиган Рустамжон кўплаб хорижий давлатларда бўлиб, халқаро конференцияларда ўз маърузалари билан иштирок этиб келмокда. Илмий мақолалари республикамиз ва чет эллардаги газета-журналларда чоп этилаётир.

– Гипогликемик хоссага эга маҳаллий дориларга талабнинг юқорилиги юртимиздаги ўсимликлар ва уларнинг йиғмасидан янги, юқори таъсирга эга препаратлар олиш ва тиббиётга татбиқ этиш нечоғлик муҳимлигини кўрсатмокда, – дея фикрини тажрибалари асосида изоҳлашга уринади Рустамжон. – Гармала сувли экстракти, 2 ва 3 композиция гипогликемик таъсирини оқ каламушларда синаб кўрдик. Натижалар эса қувонарли.

Изланувчан йигит тавсия этаётган оқ туг барги ва зубтурум аралашмасидан тайёрланадиган дамлама ва экстрактлар табиийлиги, ножўя таъсирлардан холи экани билан ҳам мутахассислар эътиборини тортаётир.

Кези келганда айтиб ўтиш жоизки, сўнгги беш йил ичида институтда олиб борилган илмий изланишлар натижасида икки ярим мингдан ортиқ мақола ва тезислар, 15 та монография, 47 та дарслик чоп этилиб, юздан ортиқ услубий қўлланма ва тавсияномалар амалиётга татбиқ этилди. 7 та ихтирога патент ва 4 та товар белгиси олинди. 2 та техник шартлари ва 22 та препарат бўйича ВФМ (вақтинчалик фармакопия мақоласи) республика фармакопия қўмитасида тасдиқланди. Биргина 2008-2012 йилларда ўтказилган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида намойиш этилган 40 номдаги препаратлар Давлат маълумотлар банкига киритилди. Бугунги кунда улардан: «Пирацин 0,25 %» ва «Купир 0,15 %» инъекция учун эритмалари, «Ферамед» таблеткалари, (0,1 гр) «Ўзкимёфарм» очиқ турдаги акциядорлик жамияти, «Феракс» ва «Гелрем» капсулалари, «Ором» фиточойлари хусусий ишлаб чиқариш корхоналари томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Бундай муваффақиятлар институтда янгидан-янги изланишлар олиб борилишига туртки бўлаётир.

You must be logged in to post a comment Login