ИСЛОМ КАРИМОВ: ҚИЙИНЧИЛИКЛАРДАН ХАЛҚИМИЗНИ ТОМОРҚА АСРАЙДИ

14

Бугунги кунда аҳолининг шахсий томорқа хўжаликларидан унумли фойдаланишга эришишнинг самарали усулларини жорий этиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Мўл ҳосил етиштириш орқали аҳолининг даромад манбаларини кўпайтириш, бозорларимизда мўл-кўлчилик ва арзончилик бўлишини таъминлашда жуда ҳам муҳимдир.

Истиқлолга эришиш арафасида ва ундан кейинги дастлабки йилларда Юртбошимиз томонидан аҳолига қонуний асосда томорқа хўжаликлари ажратилиши ўз вақтида англанган ҳақиқат эди.

Президент Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» номли китоби орқали бу ҳақда етарли маълумотга эга бўлинди. Ўша қалтис даврда чет эллик журналистлардан бирининг давлатимиз раҳбарига «Шунча ер томорқа учун аҳолига берилди. Эртага пахта етиштириш режасини бажариш ишлари нима бўлади?» қабилидаги киноямуз саволига давлат раҳбари ўринли жавоб қайтарган:

– Эртага муқаррар равишда кутиб турган ўтиш даври қийинчиликларидан халқимизни томорқа асрайди!

Ҳақиқатдан ҳам мустақилликнинг биринчи йилларида томорқа деҳқончилиги юртдошларимизни турли талафотлардан сақлаб қолган бўлса, эндиликда у бебаҳо хазина, халқимиз орзу-ҳавасларини ушалтираётган, рўзғорига барака киритаётган, бой қилаётган улкан даромад манбаидир. Маълумотларга қараганда, бугунги кунда мамлакатимизда 4 миллиондан зиёд деҳқон хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан тайёрланаётган қиёси йўқ мазали, ранг-баранг маҳсулотлар нафақат ички бозор тўкинлигини таъминлаяпти, балки узоқ-яқин хориж давлатларига экспорт қилинмоқда. Томорқачилар бугун аҳолимизнинг энг кўп даромадга эга бўлаётган қатлами, турмуш тарзи ва эришаётган ютуқларига ҳавас қилса арзийдиган тоифасига айланди.

Даромад, катта маблағ – ҳаракатга келтирувчи куч. Ўз меҳнатлари самарасидан аввало ўзи баҳраманд бўлаётган, томорқачиларимиз йилдан-йилга деҳқончиликка замонавий мезонлар ва илмий асослар бўйича ёндошиш, бозор талаби ва эҳтиёжини ўрганиш, фаолиятларига янги-янги усулларни жорий этишнинг ҳадисини олмоқдалар. Иссиқхоналар ташкил этиш, цитрус мевалари етиштиришни маҳаллий шароитимизга мослаштириш, деҳқончиликдаги дунёнинг энг илғор тажрибаларини ҳаётга татбиқ этиш борасидаги қувонарли ўзгаришлар шулар жумласидандир.

Ердан, томорқадан унумли фойдаланишнинг афзалликлари, муаммоларининг туб моҳиятига етиш мақсадида вилоятимизнинг деярли барча туманларида бўлиб, томорқачилар билан суҳбатда бўлаяпмиз. Баъзи ҳамюртларимизнинг ҳалигача деқҳончиликнинг оддий сир-асрорларини билмай қийналиши, арзимаган тасодифлар туфайли ҳосилни барбод қилиб қўяётгани, аччиқ ҳақиқат. Тажрибаси, билими етарли бўлмаса-да, банкдан олган катта маблағини сарфлаб, кўзланган ҳосилни ололмаётган томорқачилар ҳам йўқ эмас. Имтиёзли банк кредитларини қайтаролмай, машаққат ва қийинчиликлар гирдобида қолаётганларни ҳам кўрдик. Бундан келиб чиққан биринчи хулосамиз шу бўлди: аввало томорқачиларни сифатли уруғ, кўчат, минерал ўғитлар ҳамда экин зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш воситалари билан таъминлаш ишини тубдан яхшилаш зарур.

– Бу соҳага қаратилаётган эътибор ва рағбат томорқани улкан даромад манбаига айлантиргани эндиликда ҳеч кимга сир эмас, – дейди тажрибали томорқачи Адҳамжон Шерматов. – Бу борадаги самарадорликни янада яхшилаш учун баъзи жиҳатларга жиддийроқ эътибор қаратиш лозим. Мисол учун, кўплаб қишлоқларда томорқачилар учун заҳарли дори воситалари ва минерал ўғитлар сотиладиган дўконлар йўқ, бўлса ҳам етарли эмас. Баъзи заҳарли химикатлар қўлланилгани билан зарарли ҳашоратларга таъсир этмаётгани томорқачиларни қийнаётган яна бир муаммо. Шу ўринда томорқачиларни узлуксиз равишда сув билан таъминлашни кафолатловчи чора-тадбирлар ишлаб чиқилишига ҳам аҳамият қаратиш зарур.

Умуман олганда, томорқадан унумли фойдаланиш учун миришкор деҳқонлар, соҳа мутахассислари, қишлоқ хўжалиги бўйича фаолият юритувчи олимлар қуйидаги таклиф, тавсияларини ўртага ташлайди:

– энг аввало, оилани тўлиқ таъминлайдиган, оила бюджетини тўлдирадиган даражада томорқа экинларини режалаштириш;

– ҳудудларда аграр саноат мажмуалари, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари фаолиятини янада ривожлантиришни рағбатлантириш;

– қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички бозорда сотиш, четга экспорт қилишда туғиладиган тўсиқларга барҳам бериш;

– агрофирмалар ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан хориж давлатлари билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш, сара уруғ, сифатли кимёвий воситалар олиб келиш бўйича шартномалар тузиш каби муҳим масалаларни ҳал этиш учун тадбирлар белгиланиб, амалга ошириш;

– янги томорқалар, янгитдан ўзлаштирилаётган экинзор майдонлар, боғларда экин экиш, мўл ҳосил олиш ва кутилган даромадга эга бўлишга кўмаклашувчи маслаҳат гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ҳоказо.

Ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ва деҳқонларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи йилдан-йилга арзонлашиб бормоқда. Шу боис жорий деҳқончилик йилида ҳам томорқачиларимиз озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини сезиларли даражада кўпайтириш, уларнинг нархларини эса камида 15-20 фоизга арзонлаштиришга эришиш учун астойдил меҳнат қилишмоқда.

Шу сабабли аҳолининг асосий истеъмол маҳсулотлари бўлган – сабзавот-полиз ва картошка, тухум, мевалар, гўшт-сут, маҳсулотларини етиштиришдаги долзарб вазифаларни белгилаб олиш учун вилоят ҳокимлиги ташаббусига кўра жойларда изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилаётир. Бу мақсадда ташкил этилаётган юзма-юз мулоқотлар, давра суҳбатларида барча жиҳатлар атрофлича ўрганилиб, муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратиляпти, тегишли қарорлар қабул қилиняпти.

You must be logged in to post a comment Login