ЭКСПОРТ ВИЛОЯТ ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТИНИ ТАЪМИНЛОВЧИ МУҲИМ МЕЗОНЛАРДАН БИРИ

2

Экспорт ҳажми ва турларини кўпайтириш, рақобатбардош, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарни рағбатлантириш, уларга маҳсулотларини жаҳон ва минтақавий бозорларга олиб чиқишга кўмаклашиш мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади. Президент Ислом Каримовнинг «Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори айни жабҳадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариши шубҳасиздир.

Фарғонада экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ҳажмлари ва маҳсулотлар номенклатурасини кўпайтириш, янги бозорларни ўзлаштириш бўйича кўрилган қатор чора-тадбирлар ҳамда энг муҳими кичик бизнес субъектларига экспорт қилишлари учун қулай шароитларни яратилиши, уларни қўллаб-қувватланиши ҳисобига амалга оширилган экспорт ҳажми 351 млн. долларга етди.

Ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан 132 млн. долларга тенг экспорт амалга оширилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 2 марта ўсишга эришилди. Вилоятда 2014 йил 1 октябрь ҳолатига рўйхатдан ўтган хорижий инвестицияли корхоналар сони 13 тага ортиб, жами 130 тани, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 770 млрд. сўмни, ўсиш кўрсаткичи 119 фоизни ташкил этмоқда.

– Кейинги йилларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан товарларни экспортга етказиб беришда расмийлаштириш тартиблари сезиларли даражада соддалаштирилди ва бу борадаги сарф-харажатлар арзонлаштирилди, – дейди Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо бошқармаси бошлиғи Рустамжон Сулаймонов. – Бу хусусда гап кетганда, божхона расмийлаштируви, декларациялаш, сертификатлаш ва шу каби барча юмушларни бир вақтнинг ўзида уддалайдиган «ягона дарча» тамойили ҳаётга татбиқ этилаётганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Айни жараёнда экспорт битимларининг божхона расмийлаштируви механизмлари ҳам босқичма-босқич жорий этиб борилаётир.

Умуман олганда, ҳозирги кунда вилоятда экспорт фаолиятини амалга ошираётган хўжалик субъектлари ишни бозор талаби ва эҳтиёжи асосида ташкил этишмоқда. Шунинг учун ҳам эндиликда экспортчи корхоналар фаолиятида мева сабзавот концервалари, текстил маҳсулотлари, автомобил ойналари, автомобил дисклари, минерал ўғитлар, целлюлоза, медицина ватаси ишлаб чиқариш улуши ошиб бормоқда. Шунингдек, пахта ва пиллани қайта ишлаш соҳасида ҳам экспорт ҳажми тобора кўпайиб бораётгани эътиборга сазовордир.

Экспорт салоҳиятини ошириш замонавийлик йўлини танлашни тақозо этади. Яратилаётган қулай шарт-шароит туфайли вилоятимизда бу вазифани қойиллатиб адо этаётганлар сафи тобора кенгайиб бораёгани қувонарли, албатта.

«Экспорт – миллат шаъни», деган таъриф шунчаки баландпарвоз ибора эмас. Чунки экспортнинг салмоғи ўша юртнинг нуфузини белгилайди. Вилоятимиз миқёсида олиб кўрадиган бўлсак ҳам йилдан-йилга экспорт ҳажми ошиб бориши иқтисодиётимиз барқарорлиги ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш имконини беради.

Бу борада вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган режага кўра, эндиги асосий вазифа экспортдаги ўсиш барқарорлигини таъминлаш, экспорт ҳажмида тайёр маҳсулотлар улушини оширишдан иборатдир.      

You must be logged in to post a comment Login