МЕЪМОР ҚАЛБЛАР ҚУРСИН БИНОЛАР…

5

Шаҳарларда ўтмиш билан бугунги кун, замон нафаси ҳамоҳанг яшайди, дейди донишмандлар. Бу фикрнинг исботини истиқлол йилларида янгича қиёфада намоён бўлаётган мамлакатимиз шаҳарлари мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бугун юртимизнинг барча ҳудудларини ўзаро боғловчи мустаҳкам ришталар, худди бир сафга тизилган марварид маржонларидек – элимизнинг осойишта ва тинч, обод ва фаровон, йилдан-йилга юксалиб бораётган бош шаҳарларидир. Фахру ифтихоримизга айланаётган шаҳарларимиз эндиликда халқимизнинг орзу-умидларини ўзида тўлиқ мужассам этган.

Ҳар қанча фахрлансак арзийди: Мустақилликнинг дастлабки йигирма уч йили мамлакатимиз учун ниҳоятда қутлуғ келди. Биз ҳар жабҳада асрларга татигулик ютуқларни қўлга киритдик, жаҳонга юз тутдик. Бундай ижобий ўзгаришлар юртдошларимиз қалбида миллий онг, миллий ғурур тушунчаларини шакллантиришда, янги авлод вакилларининг эл-юртга муҳаббат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда қўл келмоқда. Ўзбекистон истиқболини белгилашда, ҳуқуқий демократик, фуқаролик жамияти қуришда асқотмоқда.

Бугуннинг тийрак нигоҳли фуқароси юртимизнинг ҳар бир гўшасида кенг миқёсда бунёдкорлик ишлари олиб борилаётгани гувоҳидир. Айни жараёнда Юртбошимиз қарорларига кўра, водий дурдонаси бўлган Андижон, Наманган, Қўқон каби шаҳарларимиз қайта қурилди. Бу каби эзгу ташаббуслар туфайли Фарғона шаҳри ҳар жиҳатдан кенгайиб, замонавий шаҳарлар қаторида бутун дунёга мақтаниб кўрсатадиган даражага кўтарилгани барчамизни беҳад мамнун этади.

Эзгу ташаббус барча-барчани муштарак мақсад йўлида ўзаро жипслаштиргани, бир ёқадан бош чиқариб, аҳил-иноқликда янги кунга пешвоз чиқишга ундаётгани, нақадар қувонарли. Ташаббуслар шу тарзда бизни бир-биримиз билан яқинлаштиради. Тириклик, яшаш, жамият қуриш, ҳамкорлик қилиш йўлидаги хайрли мақсадларимизни бирлаштиради.

Бундай роҳатбахш манзараларни кўриб, кўнгилда ғурур, ифтихор пайдо бўлади. Шундай лаҳазаларда шаҳримизга зийнат, орасталик бахш этаётган ҳамюртларимиз озодликка эришган халқимизнинг ёрқин тимсоли бўлиб туюлади. Айтинг-айтинг, озод ва обод заминга гулу чечаклар, тароватли ва жозибали манзаралар ярашмайдими! Ҳар биримиз мазкур жараёнда фаол, фидойи бўлиб, мўътабар ва мукаррам она заминга энг тоза туйғуларимизни бахш этсак, тарихий қурилиш даврининг кузатувчисигина эмас, иштирокчисига айлансак арзимайдими!

Истиқлолнинг дастлабки йилларида олдимизда бир қарашда забт этиш қийин бўлган мураккаб довонлар турарди. Агар таъбир жоиз бўлса, бу – тафаккуримиз, дунёқарашимиз, турмуш тарзимиз, орзу-ниятларимиздаги янгиланиш, ислоҳ этилиши зарур бўлган тушунчаларимиз билан боғлиқ довонлар эди. Тарихнинг қадим сўқмоқларидан мардонавор ўтиб келаётган халқимиз, мана йигирма бир йилдирки, янги давр, янги замон – ҳуррият довонларини қатъий ишонч, аниқ ва пухта режа, юксак ақл-идрок билан забт этиб келмоқда.

Дунёда бу каби улкан ютуқларга қанот бўлувчи энг улуғ ва қутлуғ саодат бор, унинг номи тинчлик. Усиз ҳаётнинг завқи йўқ, инсон тақдири, юрт келажаги йўқлик, мавҳумлик сари грифтор бўлади. Шу боис тинчлик ер юзида энг бебаҳо, битмас-туганмас, қадри абад бойлик сифатида эъзозланади.

Шунинг учун ҳам фарғоналиклар бугунги тинч-осойишта турмуш, хотиржам ва фаровон ҳаёт, гуллаб-яшнаётган шаҳар – буларнинг барчаси учун бош омил бўлган энг улуғ, энг азиз неъмат – мустақилликни ўзгача қадрлайдилар.

х х х

Фарғона Аҳмад ал-Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғидан бошланади. Бу майдонни дур ичра гавҳар деб аташ мумкин.

Юртимизга ташриф буюрган ҳар қандай хорижлик меҳмоннинг, яхши ният билан катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган йигит-қизларнинг шу майдондаги улуғ аллома ҳайкали пойига гуллар қўйиши яхши анъанага айланиб улгурган.

Гўзал ва сўлим хиёбонга уч томондан кириш мумкин. Ҳар бир кириш йўлида 12 устундан иборат оқ рангли муҳташам дарвозалар ўрнатилган. Асосий дарвозадан ичкарига киришингиз билан икки томонидан қандилсимон чироқлар порлаб турган гулзор йўлакка чиқиб борасиз. Йўлак бўйлаб юриб, бугун кенг қурилиш майдонига айланган Марғилонсой ирмоғини кесиб ўтсангиз, рўпарангизда бош майдон кўринади. Атроф кўзни ва кўнгилни яшнатадиган даражада кўм-кўк. Алвон рангли гуллар, ям-яшил дарахтлар боғни янада яшнатиб юборган. Мажмуага жуда кўп жойлардан дарахтлар, ҳатто Европадан майсалар олиб келинган. Хиёбон меҳробида 7 устунли 17 метрлик айвон тагида қўлларида гўёки «Осмон юлдузлари харитаси»ни бугунги авлодларга кўрсатиб турган Аҳмад ал-Фарғонийнинг муаззам ҳайкали салобат тўкиб туради.

1998 йилнинг июнь ойида Президентимиз бу мажмуада бўлиб, унга оромгоҳ деб ном берган эдилар.

Назаримизда, Фарғонадаги улкан бунёдкорлик ишларининг дебочаси айнан шу мажмуадан бошланган эди. Бугун эса ана шундай жаннатмакон диёрда яшаётган ҳар бир қалб эгаси меъмор. Меъмор қалб эгалари асрларнинг шуҳрати, шавкатини янги асрларга олиб ўтувчи бинолар қураётир!..

х х х

Фарғонадаги ўзгаришлар, янгиланиш ва истиқбол Президент Ислом Каримов номи билан бевосита боғлиқ. Юртбошимизнинг Фарғона ва фарғоналикларга берган: «Фарғона вилояти мамлакатимизнинг таянч тоғларидан биридир. Бу ерга келган одам ўзига куч топади, кўнгли тоғдек кўтарилади. Шунинг учун мен Фарғона заминини, Фарғона аҳлини чин қалбимдан севаман, яхши кўраман, бу юртга, унинг самимий ва олижаноб одамларига ўзгача бир меҳрим, ҳурмат-эҳтиромим борлигини изҳор этиш, шу халққа садоқат билан хизмат қилишни ўзим учун юксак шараф деб биламан…» деган таърифи бизни ҳамиша бунёдкорлик ишларига даъват этади, бугунги кунга тийрак боқишга, келажакка умид ва ишонч билан қарашга ундайди, миллионлаб қалбларга чексиз куч-қувват бағишлайди.

Фарғона шаҳридаги бугунги тарихий жараёнлар билан қисқача танишув асносида яна бир карра истиқлол халқимиз ҳаётида том маънода янги давр – ўзликни англаш, ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўлидан бориш, дунёдаги энг тараққий этган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаш йўли эканига амин бўламиз. Энг муҳими ва асосийси шундаки, шаҳарда янги даврнинг янгича фикрлайдиган, янгича дунёқарашга эга бўлган одамлари умргузаронлик қилмоқда, улар қадрдон шаҳарлари, келажаги буюк Ўзбекистоннинг яратувчилари ва бунёдкорларидир!

You must be logged in to post a comment Login