ФАРҒОНА ПИСТАЧИЛИГИ: жиддий аҳамият қаратилса, истиқболи порлоқ тармоқ

Pistachio

Агар писта дарахтини 500-600 йил яшашини инобатга олсак, у шунча вақт мобайнида инсон ва табиатга фойда келтиради. Писта иҳота дарахтлари сирасига киради ва ерни шамол, довуллардан сақлайди, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни оширади. Шунингдек, писта каби умрбоқий дарахтлар магнит тўлқинлари ва радиацияни ютади, борлиққа соф ҳаво етказиб беради, тоғ-ёнбағирлари, адирлар ва даштларни ўпирилишдан сақлайди.

Бир гектар яшил ўрмонзор бир соатда ажратадиган кислород 200 кишининг нафас олишини таъминлайди. Иҳота дарахтзорлари (Пистада шундай хусусият бор,-муалл.) билан ўралган бир гектар пахтазор очиқ майдонга нисбатан 1-1,5 минг3 сувни кам талаб қилади. Ўз навбатида иҳота дарахтзорлари билан ўралган пахта майдонидан очиқ майдондаги пахтазорга нисбатан гектарига 4-6 центнердан юқори ҳосил олиниши ҳам исботланган.

– Вилоятимизнинг Ўзбекистон, Қува, Фарғона, Тошлоқ ва Олтиариқ туманларида пистачиликни ривожлантириш учун қулай бўлган адирликлар кўп, – дейди қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Одилжон Ибрагимов. – Қўқон шамоли йўлини тўсишда иҳота дарахтзорларини кўпайтириш жуда муҳим аҳамиятга эга. Иҳотанинг энг яхшиси жонли тўсиқ, яъни дарахтдир.

Энг муҳими ва асосийси, пистанинг дориворлик хусусияти кўп. Кимёвий таркиби яхши. Унда кўплаб дармондорилар бўлиб, касалликка қарши иммун тизимини мустаҳкамловчи жиҳатлар мавжуд. Унинг мағзида кўп миқдорда мой, эмульсин ферменти, қанд, оқсил ва бошқа ҳаётий зарур моддалар бисёр.

Фарғонада пистачилик тармоғи равнақини таъминлаш бўйича Бешариқ тумани даштларида пистазорлар ташкил этилган эди. Эндиликда бу тажриба Олтиариқ туманининг адир ерларида ташкил этилган боғдорчиликка ихтисослашган кўп тармоқли «А. Оламов» фермер хўжалигида синаб кўрилди. Тажриба учун экилган 40 туп писта кўчати кўкарди.

– Ўзбекистон Республикаси манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариш маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, – дейди хўжалик раҳбари Абдураҳим Оламов. – Яқинда марказнинг етакчи илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Галина Чернова ҳамда Николай Луюционлар боғимизда бўлишиб, табиий шарт-шароитни ўрганишди. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, бу ерда пистачиликни ривожлантириш учун табиий қулайликлар етарли. Шу боис жорий йилнинг ўзида икки гектарга писта кўчати экиладиган бўлди. Кейинчалик 20 гектардан ортиқроқ ҳудудимиз юз фоиз пистачилик боғига айлантирилади.

Писта дарахти бир йилда уч маротаба – фақат ёз мавсумида суғорилади, холос. Бундан ташқари, унга ҳеч қандай кимёвий дорилар ишлатилмайди. Писта дарахти дренаж вазифасини ўтаб, ернинг захини олади, мелиоратив ҳолатини яхшилайди.

– Ундан олинадиган даромад ҳам чакки эмас, – дея суҳбатимизни давом эттиради ўз боғида пистачиликни ривожлантиришни режалаштираётган яна бир фермер Толибжон Аҳмедов. – Агар пайванд қилинса, писта 5-6 йилда мевага киради. Унгача эса янги ниҳоллар орасига турли оралиқ экинларни экиб, даромад олиб турилади. Ҳосилга кирган битта писта дарахтидан йилига ўртача 20 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Ҳозирги кунда бозорларимизда бир кило яхши пистанинг нархи ўртача 35-40 минг сўм. Демак, бугунги нарх-наво бўйича бита дарахтдан йилига 750-800 минг сўм даромад олса бўлади. Бир гектарга минг туп писта дарахти экилади. Ана энди ҳосилга кирган бир гектар боғдаги пистазордан олинадиган фойдани ҳисоб-китоб қилиб олаверинг!

Адирлар, даштларда ташкил этиладиган пистазорларнинг экологик аҳамияти беқиёсдир. Чунки шундай ҳудудларда ташкил этиладиган бошқа мевазор боғлар пистага қараганда ўртача ўн баробар кўп суғорилади, бу боғларга бир неча бор кимёвий ишлов берилади. Натижада баландликда сув кейинчалик аҳоли хўжаликлари жойлашган пастликдаги ҳудудларда сизиб чиқади, экологик мувозанат бузилади, деҳқончиликка салбий таъсир кўрсатади.

– Писта кўчатини кўкартириб олинса бўлгани, қолган жараён бир маромда давом этаверади, – дейди таниқли олим Одилжон Ибрагимов. – Шу сабабли дастлабки суғоришларда ота-боболаримиз услубида – сувни айланиб чиқиб кетадиган ҳолатда ташкил этиш зарур. Уддабурон, миришкор, ишнинг кўзини биладиган деҳқонларимиз эндиликда бу ишнинг  ҳадисини олаётганликлари қувонарли. Шу маънода, бебаҳо хазина бўлган она заминимизда пистачиликка ёндош соҳа бўлган бодомчилик, зайтун етиштиришни тараққий эттириш учун ҳам табиий шарт-шароит етарли.

Тажриба тариқасида фан доктори Одилжон Ибрагимовнинг ўзи Фарғона политехника институтининг бўш турган ҳудудидаги 60 сотих ерда мўъжазгина бодомзор ташкил этилишига бош-қош бўлганди. Ҳозирги кунда мевага кирган боғдан йилига 100-150 килограмм бодом олишга муваффақ бўлинмоқда.

Аслида худди писта сингари бодом ҳам кони фойда. Халқ табобатидан маълумки, бодомнинг илдизини майдалаб, сирка ёки гул ёғи билан пешонага қўйилса, бош оғриғидан халос этади, кўриш қувватини кучайтиради. Замонавий медицинада бодомнинг жигар ва талоқдаги хасталикларни тузатиши маълум. У меъдани тозалайди. Аччиқ бодомга буғдой крахмали қўшиб ишлатилса, астма, йўталга даво. Бодом мағзи нафас қисиши, бош айланишида ҳам ишлатилади. Бодомнинг таркибида оқсил, қанд, елим моддалари, аччиқ бодомнинг таркибида эса амигдаглин глюкозаси ҳам бор.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Бугунги кунда Фарғона ва Қўқон ўрмон хўжаликлари томонидан вилоятимизнинг тоғ минтақалари, дашт ва чўллари, адирларини ўзлаштириш, сунъий ўрмонлар яратиш борасида кенг миқёсли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу хўжаликлар мевали дарахтлар етказиш, кўчатчилик, иҳоталаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларини экиш каби ишлар билан шуғулланади. Айни жараёнда мазкур хўжаликларда ҳам юқорида айтиб ўтилганидек, пистачилик, бодомчилик тармоқларини янада ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар бугунгидан-да кенгроқ кўлам касб этса, жуда маъқул бўлар эди.

You must be logged in to post a comment Login