ЮКСАК МАҚСАДЛАРНИ КЎЗЛАЙВЕРИНГ, ТАДБИРКОР!

Тадбиркорлик фаолияти тараққиётини таҳминловчи муҳим жиҳатлар борки, уларни амалиётга жорий этиш орқали, пировард натижада кўзланган мақсадга эришилади. Текширишларни тартибга солиш, ҳисобот топшириш тартиб-таомилларини қисқартириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашда тезкорлик, аниқлик ва лўндалик бўлишини таъминлаш каби жиҳатлар шулар жумласидандир.

Президентимиз томонидан яқинда имзоланган «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳамда «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонлари бу соҳадаги доимий саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Хўш, бу фармонлар ижроси юзасидан вилоятимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

«Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга асосан, бугунги кун талабларига мос келмайдиган бир неча турдаги ҳисобот шакллари ва турларининг айримлари бекор қилинади ва бир-бирини такрорловчи ҳисобот шаклларини умумлаштирилиши натижасида ҳисоботлар миқдори камаяди. Шунингдек, уларни тақдим этиш даврийлик муддатлари ҳам қисқаришига эришилади.

Мазкур фармонга кўра, 2012 йилнинг учинчи чорагидан бошлаб, давлат органлари ва хўжалик бошқарувлари томонидан доимий равишда талаб қилиб келинаётган 50 турдаги бошқа ҳисоботлар; 2013 йилдан эътиборан, 12 турдаги солиқ ҳисоботлари, 23 турдаги статистик ва 20 турдаги бошқа ҳисоботларни тақдим этиш даврийлиги қисқартирилди.

Шу билан бирга, 2013 йил 1 январдан бошлаб, солиқ органларига тақдим этиладиган 11 турдаги солиқ ҳисоботлари ва бошқа маълумотларни бирлаштириб, 5 тага туширилди. Хусусан, фойда солиғи билан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов билан фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия, Йўл ҳамда Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таҳмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар бўйича ҳисобот шакллари бирлаштирилди. Бундан ташқари, 4 та фаолият турлари бўйича лицензиялар чекланмаган муддатга бериладиган бўлди ва 10 та лицензияланадиган фаолият турлари бирлаштирилиб, 6 тага туширилди.

Қолаверса, 2013 йилнинг 1 январидан қўшимча фойда солиғидан ташқари, барча солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ойма-ой солиқ ҳисоботини тақдим этиш бекор қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенгроқ эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони юртимизда қулай тадбиркорлик муҳитини бугунгидан ҳам тараққий эттиришда жуда ҳам муҳимдир. Бу ҳуқуқий ҳужжат орқали ишбилармонлик муҳитининг халқаро амалиётда қўлланиладиган тартиб-таомиллари янада соддалаштирилди, қисқартирилди. Энг муҳими ва асосийси, давлат ва назорат қилувчи органлар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатларнинг замонавий кўриниши – электрон шакли кенг жорий этилди. Бундай қулайликлар тадбиркорнинг маблағини тежаб, ортиқча маъмурий тартиблардан халос бўлишини таъминлади.

Таъкидлаш жоизки, тадбиркорлик ривожланишига катта имтиёз берадиган бу каби фармонларнинг қабул қилиниши, вилоятимизда ҳам ишбилармонлик муҳитини тубдан ўзгаришига, янги иш ўринлари яратилишига, ишлаб чиқариш ҳажми ва самарадорлигининг ошишига хизмат қилмоқда. 

You must be logged in to post a comment Login