Фарғонада “Соғлом бола йили” давлат дастури доирасида шу йилнинг тўққиз ойида 642 миллиард сўм, 43 миллион АҚШ доллари, 290 минг евро ўзлаштирилди

SHQ_6825

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан 2014 йилни – “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши нафақат баркамол авлодни тарбиялаш, миллат генафондини соғломлаштиришга хизмат қилибгина қолмай аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ишларга янгича руҳ, янгича йўналиш берди. Давлатимиз раҳбари истиқлолимизнинг дастлабки йиллариданоқ баркамол авлод тарбиясини давлат сиёсати даражасига кўтарди, фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт деган пурхикмат сўзлари умумий миллий шиорга айланди. Айниқса, давлатимизнинг “Соғлом она – соғлом бола” концепциясида белгиланган мақсадларга Соғлом бола йили давлат дастурида янгича ёндошилганлиги туфайли кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди, соғлом оилани шакллантириш, ирсий касалликларнинг олдини олиш масалалари жаҳон андозалари даражасига кўтарилди.

Фикримизни Фарғона вилоятида “Соғлом бола йили” давлат дастури доирасида белгиланган барча тадбирлар шу йилнинг тўққиз ойида ошириб бажарилганлиги ҳам кўрсатиб турибди. Барча манбалар ҳисобидан 642 миллиард сўм, 43 миллион АҚШ доллари, 290 минг евро ўзлаштирилди. Бошқача қилиб айтганда, бу борадаги кўзланган топшириқ 110 фоизга бажарилди.

Айниқса, болалар соғлом туғилиши, баркамол улғайиши сингари олийжаноб мақсадларга катта куч ва маблағлар йўналтирилди. Хусусан, “Саломатлик-1” лойиҳасига кўра, 214 та ҚВП 4 миллиард 160 миллион сўмлик тиббий жиҳозлар билан жиҳозланган. Ушбу ҚВПда ишлаётган 210 нафар шифокор 10 ойлик ўқув курсларида ўқитилиб, қайта тайёрланди. “Саломатлик-2” лойиҳасига асосан вилоятдаги перинатал марказига Осиё Тараққиёт Банки кредити ҳисобига 2 миллиард 800 миллион сўмлик тиббий жихозлар келтириб, фойдаланишга топширилди. Ушбу дастурга асосан вилоятдаги туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда оилавий поликлиникаларга 5 йил давомида жами 12,8 миллион АҚШ доллари миқдорида тиббий асбоб-ускуналар келтирилади. Ҳозирги кунга қадар туман тиббиёт бирлашмаларига жами 3,5 миллиард сўм ёки 1,7 миллиард АҚШ доллари қийматига эга бўлган тиббий асбоб-ускуналар келтириб, фойдаланишга топширилди.

Бутун республикамизда бўлгани каби аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, моддий техник базасини ривожлантириш, бино ва иншоотларни таъмирлаш, уларни замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш учун муассасалар бюджетига қўшимча 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Фарғона шаҳар 1-сонли оилавий поликлиника биносини капитал таъмирлашга 1 миллиард, Сўх тумани “Ҳушёр” ҚВП ва туман тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлими биноларини таъмирлашга 150 миллион сўм, Марғилон шаҳар силга қарши кураш диспансери биносини таъмирлашга 100 миллион, туманлардаги 34 та ҚВП биноларини таъмирлашга 392 миллион, вилоят эндокринология диспансерига замонавий лаборатория жиҳозига 19 миллион сўм ажратилганлигини қайд этиш лозим. Тиббий кўрувларни ўз вақтида тўлиқ ўтказилишини таъминлаш учун тиббий комиссияларга 3 та “Дамас” автотранспорти сотиб олиб берилди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига 185 миллион сўм қийматига эга замонавий оторино эндоскоп аппарати олиб келинди.

“Соғлом бола йили” давлат дастури доирасида ўтказилаётган соғломлаштириш ҳафталикларида, “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” акцияси жуда катта аҳамиятга эга бўляпти.

Зеро, соғлом авлодни вояга етказиш – узлуксиз жараён. Бу кенг миқёсдаги кўпдан-кўп вазифаларни бажаришни, ҳар бир инсон, ҳар бир оила, бутун жамиятдан доимий эътибор ва масъулият талаб қилади. Бунда, айниқса, “Соғлом бола” йили дастури алоҳида ўрин тутади.

You must be logged in to post a comment Login