Фарғонада ўтган 10 йилда ташқи иқтисодий алоқалар айланмаси 4 бараварга ўсди

Қўқон мамлакатимиз ҳунармандчилиги, тадбиркорлигининг энг кўҳна марказларидан ҳисобланади. Шу боис шаҳар “Биржа маркази”га 5 қаватли кўркам бино ажратиб берилган. Ўтган йили бу ерда халқаро саноат ярмаркаси ташкил этилиб, дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатларидан инвесторлар, тадбиркорлар, бизнес олами вакиллари иштирок этишган эди.

Энди шу анъанадан келиб чиқиб, “Биржа маркази” қошида доимий асосда ишловчи саноат ярмаркаси ҳам ўз фаолиятини бошлади. Ярмаркада нафақат, кўҳна шаҳарда, балки вилоятдаги барча шаҳар ва туманларда фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқарувчилар, саноат корхоналари, тадбиркорлар, кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни намойиш этиш, шартномалар имзолаш, рекламасини шакллантириш сингари тадбирлар ҳам амалга оширилиши кўзда тутилган.

Мазкур тадбир иқтисодиётни янада ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ишлаб чиқариш жараёнига хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш сингари эзгу саъй-ҳаракатларни амалга оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Қувонарлиси, бугун Фарғона вилоятида иқтисодиётнинг реал сектори бўйича 2014 йилнинг ўтган даврида 1,3 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 130 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. Табиийки, доимий саноат ярмаркаси бу борадаги чора-тадбирларнинг изчиллигини таъминлайди.

Тадбир экспонентлари Қўқондаги муҳташам бизнес марказининг биринчи ва иккинчи қаватларидан ўрин эгаллашган.

– Ушбу ярмарка орқали ички бозорни тўлдириш ва савдо-сотиқ жараёнларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга эришиш мумкин, – дейди Республика Товар-хомашё биржасининг Қўқон шаҳридаги маркази раҳбари Дилфузахон Йўлдошева. – Ярмарканинг тўрт павильонидан жой олган чарм, нефть ва газ, озиқ-овқат ҳамда енгил саноат, шунингдек, қурилиш маҳсулотлари савдосини йўлга қўйиш учун барча ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Республика Товар-хомашё биржасининг тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Азиз Абдуғаниевнинг таъкидлашича, биржа электрон савдо платформасига бу ердаги маҳсулотларнинг барчаси жойлаштирилиб, экспорт операцияларига кенг йўл очилади. Бинобарин, саноат ярмаркасининг Қўқон шаҳрида ташкил этилиши электрон савдолар ҳажмини кенгайтириш, экспорт операцияларини тез ва сифатли ҳал этиш, мамлакатимизда инвестиция ҳамда ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Доимий ҳаракатдаги саноат ярмаркаси очилиши муносабати билан шаҳарда Синов ва сертификатлаштириш, метрология хизмати ва лаборатория синовларини ўтказишда ишбилармон ҳамда тадбиркорларга хизмат кўрсатувчи аккредитация идораси фаолияти йўлга қўйилди. Мазкур ташкилот маъданли сув, озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар ишини янада такомиллаштиришга ёрдам беради.

Эътироф этиш жоизки, вилоятда ташқи иқтисодий алоқалар айланмаси жадал ўсиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2004 йили, яъни бундан ўн йил аввал 242,7 млн. АҚШ долларини ташкил этган бўлса, ҳозир бу рақам 1 млрд. АҚШ долларидан ошиши кутилмоқда. Мазкур ҳолат экспортда яққол кўзга ташланаётир. Яъни бундан ўн йил илгари маҳсулот экспорти 151 млн. АҚШ доллари миқдорида эди. 2014 йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида эса мазкур кўрсаткич 347 млн. АҚШ долларидан ошди. Хусусан, ҳозирги кунда пахта толасидан тайёрланган маҳсулотлар, энергия ҳосил қилувчи ёқилғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти жадал ривожланмоқда. Енгил саноат тизимида эса диверсификациялаш жараёни Қўштепа, Олтиариқ туманлари, Фарғона ва Марғилон шаҳарларида изчил амалга ошириляпти.

– Жорий йилнинг дастлабки олти ойи мобайнида 3 577 нафар юридик шахсга 132 млрд. 400 минг сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар берилди, – дейди вилоят солиқ бошқармасининг бўлим бошлиғи Мадаминжон Акбаров. – Бу иқтисодиётимиз ривожига муносиб улуш қўша оладиган тадбиркорлар сафи мунтазам ортишига сабаб бўляпти. Масалан, Аббосхон Акрамов бошчилигида ташкил этилган Марғилондаги мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхонасига хорижлик инвесторлар ҳамкорлигида 400 минг АҚШ долларига тенг янги технологиялар олиб келинди. Бу, албатта, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш ва экспорт имкониятларини янада кенгайтириш, демакдир.

Дарҳақиқат, вилоятда ишбилармон ва тадбиркорлар учун яратилаётган қулай инвестицион шароит уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқаришдаги улушини 62,1 фоизга етказишда муҳим аҳамият касб этди. Муҳими, бугун бу натижани янада яхшилаш йўлида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

You must be logged in to post a comment Login