ТИЖОРАТ СИРИНИНГ МОҲИЯТИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида 15 та масала кўриб чиқилиб, иккита янги қонун ва 1 та қонуннинг янги таҳрири ҳамда бошқа масалалар атрофлича сенаторлар муҳокамасидан ўтказилди ва тасдиқланди.

Ахборот хавфсизлиги хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз мулкий ва шахсий номулкий манфаатлари, тижорат сири ёки ўзгача сир бўлган ахборотдан қонунга ҳилоф равишда фойдаланишнинг олдини олиш йўли билан тегишли равишда муҳофаза қилишинини таъминлашдан иборат.

Тижорат сири – тижорат фаолияти билан шуғулланадиган ҳар қандай корхонанинг турли илмий-техникавий, технологик, ишлаб чиқариш, молиявий-иқтисодий операциялар тўғрисидаги ахборотни, шунингдек, ўзининг тегишли ҳужжатлари ва ахборотини сир сақлаш ҳуқуқидир. Шуни кўрсатиб ўтиш керакки, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятида тижорат сири бўлган ахборот ресурслари бошқа моддий ва номоддий активлар сингари салмоқли ўринни эгаллайди. Ахборотни тижорат сири тоифасига киритиш, қонун йўли билан тартибга солинишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 8 июлдаги “Миллий ахборот ресурсларини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1572-сонли қарорини ижро этиш юзасидан “Тижорат сири тўғрисида”ги Қонун лойиҳасида тижорат сирини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасида қонун ҳужжатларини тахлил қилиш натижалари ҳисобга олинди. Қонунни тўлиқ ўқиган одам, қонун нормалари билан тижорат сирига қўйиладиган талаблар, тижорат сири режимини ўрнатиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тартиби, хўжалик юритувчи субъектларнинг ўзаро муносабатларида, тижорат сирини тақдим этиш тартиби, тақдим этиш вақтида унинг махфийлигини таъминлаш, тижорат сири тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланганлигига амин бўлади.

Қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий манфаатлар соҳасидаги тижорат режимини ўрнатиш жараёнини ҳуқуқий тартибга солишни анча яхшилаши мумкин. Қонун тижорат сирига доир қонунчиликдаги камчиликларни тўлдиради, уни тарифлашга турлича ёндашувларга йўл қўймаслик имконини беради. Шунингдек, тижорат сири учун махсус режим ўрнатишнинг ҳуқуқий масалалари бир хил тушунилишини таъминлайди.

“Тижорат сири тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, шунингдек, қонунчилик техникаси қоидаларига мос келади. Қонун нормаларининг рўёбга чиқарилиши хўжалик юритувчи субъектлар самарали иш олиб бориши учун қулай шароит яратиши, ахборот технологиялари, ишлаб чиқариш янгиликлари инновациялар янада ривожланишига рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилади. Бу эса пировардида иқтисодиётнинг ўсишига ва юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади. 

You must be logged in to post a comment Login