ФАРҒОНАДА ЯЛПИ ИЧКИ МАҲСУЛОТ ТАРКИБИДА КИЧИК БИЗНЕС УЛУШИ 62,2 ФОИЗГА ЕТДИ

Фарғонада “Минтақаларда иқтисодиётнинг ҳолати: ҳуқуқий асослари ва ривожланиш йўллари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят Кенгаши депутатлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, шаҳар, туман ҳокимларининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатини Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев очар экан, мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификациялаш шароитида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини жадал суръатларда ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ички бозорни сифатли, рақобатбардош ва ҳар хил турдаги маҳсулотлар билан тўлдиришда, аҳолини иш билан таъминлаш ва янги иш ўринларини яратишда, бунинг натижасида эса, аҳоли турмуш фаровонлиги ҳамда даромадларининг ошишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунинг натижасини кейинги йилларда вилоятда ялпи ички маҳсулот таркибида кичик бизнес улуши 62,2 фоизга, саноатда 28 фоизга, хизматларнинг улуши 47,1 фоизга кўтарилганида ҳам кўриш мумкин. Ушбу соҳада бандлик даражаси иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд аҳоли умумий сонининг 79 фоизигача ошди. Аҳоли даромадларининг 50 фоиздан зиёди тадбиркорлик фаолиятидан тушган даромадлар ҳиссасига тўғри келади. Биргина, 2011 йилда микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкасининг 7 фоиздан 6 фоизга камайтирилиши натижасида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида қолган қарийб 80 миллиард 300 миллион сўм маблағни ишлаб чиқаришни технологик янгилаш ва замонавий техникани жорий этишга сарфлаш имкони яратилди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида солиқ юкини сезиларли даражада камайтириш, бунда аҳоли бандлиги ва даромадларини таъминлаш мақсадида, 2012 йилнинг 1 январидан саноат соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга туширилди.

Тадбирда вилоят ҳокимлигининг котибият мудири И.Новиков, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати А.Мирсаидов, адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари З.Эргашев, молия бошқармаси бошлиғи М.Убайдуллаев, Марказий банк Бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Д.Бойназаровларнинг маърузалари эшитилиб, соҳани янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Шундан сўнг, минтақаларда ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, юқори даражада қулай инвестиция муҳитини  яратиш, давлат ва хўжалик органлари фаолиятининг очиқ-ойдилигини ошириш, шу асосда тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитларини тубдан яхшилаш, иш жойларини ташкил этиш ва иқтисодиёт тармоқларида аҳоли бандлигини тўла таъминлаш мақсадида иштирокчилар томонидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси А.Алтиев сўзга чиқди.

You must be logged in to post a comment Login