САЙЛОВ – ЁШЛАРНИНГ МУҲИМ СИЁСИЙ КАМПАНИЯДАГИ ФАОЛЛИГИНИ ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

DSC_0628

Фарғонада “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, вилоят сайлов комиссияси ҳамкорлигида “Сайлов ва ёшлар” форуми бўлиб ўтди.

Андижон, Наманган ҳамда Фарғона вилоятларидан иқтидорли, ўз истеъдодлари билан тенгдошларига ўрнак бўла оладиган фаол ёшлар, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ҳамда олий ўқув юртларининг ўқувчи-талабалари иштирок этган форумда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва ушбу қарор билан тасдиқланган Дастур ижроси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига жорий йил 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда ёшларнинг муҳим сиёсий кампаниядаги иштирокини таъминлаш, кучли фуқаролик позициясини шакллантириш, ватанпарварлик туйғусини кучайтириш, сиёсий, ҳуқуқий билим ва кўникмаларини ошириш, улар ўртасида давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш тизими мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда водий ёшларининг ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш масалаларига асосий эътибор қаратилди.

Тадбир вилоят марказидаги Аҳмад Фарғоний мажмуасида бошланди. Фаол ёшлар буюк аллома пойига гулчамбар қўйишди. Анжуманда сўзга чиққанлар истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳаларда, жумладан, сайлов тизимида кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлаб, сайлов демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокининг асосий шакли эканлигини, мазкур жараёнда ёшларнинг ўрни ва масъулиятига доир ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Форум иштирокчилари Фарғона шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи “99-Фарғона” сайлов округи фаолияти билан яқиндан танишишди.  Мазкур округ сайлов комиссияси раиси И.Тўхтаров ёшларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгаши депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларнинг аҳамияти ва тартиби тўғрисида тушунча берди.

– Бугун барча жойларда мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий  жараён – сайловларга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда, – дейди форум иштирокчиси, наманганлик Сарварбек Қобилов. – Сайлов кампаниясида биз  ёшлар ҳам фаол иштирок этишимиз, сайлов қонунчилигидаги ўзгариш ва янгиликлар билан танишишимиз муҳим аҳамият касб этади. Кўплаб тенгдошларим қаторида сайловда илк бор овоз бераман. Бу менга жуда катта масъулият юклайди. 

Водий ёшларини Фарғона олимпия захиралари коллежида жойлашган 710-сонли сайлов участкаси фаолияти билан яқиндан таништириш билан бир қаторда, фуқароларнинг, хусусан, ёшларнинг сайловда қатнашиш жараёни юзасидан мастер-класс машғулотлари ҳам ўтказилди. Илк бор сайловда иштирок этувчи ёшлар сайлов округи ва участкаси фаолиятини ташкил этиш, сайловчилар учун яратилган қулай шарт-шароитларнинг гувоҳи бўлишди.

– Сайловлар юртимиз равнақи, халқимиз тинчлик ва фаровонлиги йўлида фаолият олиб борадиган депутатларга овоз бериш учун имконият яратадиган муҳим жараёндир. Бу каби олижаноб мақсадларга эришиш учун барча фуқаролар, айниқса, биринчи маротаба сайловда қатнашаётган ёшлар сайловга оид қонунчилик талабларини яхши билишлари ва унинг моҳиятини чуқур англаб етишлари лозим, – дейди ЎзЛиДеП Андижон вилоят кенгашининг ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Ойбек Абдуҳамидов. – Шу боис, форум доирасидаги тадбирларда ёшларнинг сайловлар ҳақидаги билимларини ошириш, уни ўтказиш тартиб-қоидалари, Ўзбекистон Республикаси Конституциядаги ва сайлов қонунчилигидаги ўзгартишлар  билан таништириш, ёшларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан фойдалана олишлари, сайлов жараёнларида фаол қатнашиш лозимлиги тўғрисида тушунчалар берилди.

Форум қатнашчиларининг ижтимоий-сиёсий ҳамда сайлов тўғрисидаги билимларини такомиллаштириш мақсадида Фарғона давлат университетида “Сайлов ва ёшлар” мавзусида мунозара ташкил этилди. Савол-жавоблар, амалий таклиф ва мулоаҳазаларга бой тарзда ўтган ушбу мунозарада ёшлар вакиллари билан бир қаторда экспертлар ҳам иштирок этиб, сайлов ва сайлов олди жараёнлари, фуқароларнинг сайловларда иштирок этиш тартиблари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

– Мустақил юртимизнинг фарзандлари ҳар жабҳада ибрат ва ташаббус кўрсатмоқдалар. Уларнинг мамлакатимиздаги сиёсий жараёнларга беэътибор эмасликлари мунозарада бўлган савол-жавоблар баҳсида ҳам ўз ифодасини топди, – дейди вилоят сайлов комиссияси раиси Илҳомжон Мамажонов. – Президентимиз таъкидлаганидек, демократиянинг энг муҳим принципи – одамларнинг сайлов ҳуқуқини, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалаш, ўз манфаатларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилиш ҳуқуқини таъминлаш учун ҳақиқий шарт-шароит, қонуний-ҳуқуқий замин яратиб бериш лозим.

Форум иштирокчилари Юртбошимиз ташаббуси билан Фарғона шаҳрида олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишишди. Улар Фарғона шаҳрида янгидан бунёд этилган 1000 ўринли Санъат саройи, ёпиқ сув ҳавзаси ҳамда 20000 ўринли футбол стадиони мажмуаларини кўздан кечирдилар.

Шунингдек, ёшлар Фарғона шаҳрида яқинда ўз фаолиятини бошлаган “Камалак” болалар ўқув маркази” фаолияти билан танишдилар. Иштирокчилар 3 гуруҳга бўлинган ҳолда “Обод юрт фарзандлари” “Маърифатли ёшлар асри”, “Фуқаролик менинг фахрим” мавзуларида фикр-мулоҳаза алмашдилар.

Форум қатнашчилари тайёрлаган мавзулари бўйича ўз тақдимотларини ўтказдилар. Ушбу тадбир намойиши Фарғона политехника институтида ташкил этилди. Ҳар бир гуруҳ вакиллари тенгдошлари орасида чиқиш қилиб, тақдимотларини ҳимоя қилдилар.

Шундан сўнг, форум катнашчилар томонидан Андижон, Наманган ва Фарғона ёшларининг ёш сайловчиларга мурожаати қабул қилинди.

Юқори савияда ташкил этилган форум таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокидаги гала-концерт билан якунланди.

You must be logged in to post a comment Login