КИМЁВИЙ ЛАБОРАТОРИЯ ЗАМОНАВИЙ ТУС ОЛДИ

Содир этилган жиноятларни фош этишда экспертиза ва криминалистика хизмати ходимларининг касб маҳорати муҳим аҳамиятга эга.

Соҳа ходимлари фаолиятининг қонун устуворлигини таъминлашдаги аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ИИВ раҳбарияти, вилоят ҳокимлиги ва вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан эксперт-криминалистика хизматини замонавий техника воситалари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ички ишлар идоралари  фаолиятини такомиллаштиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.  Вилоят  ИИБ эксперт-криминалистика бўлмидаги кимёвий лабораторияни замон талаби асосида қайта жиҳозлаб, ишга туширилганлиги шулар жумласидандир. Мазкур лабораторияда  вилоятда гиёҳванд моддаларни сотиш ва сақлаш, уларни етиштириш каби ҳолатларга оид олинган далилий ашёлар бўйича сифатли тадқиқотлар ўтказиб келинмоқда. Шу мақсадда лаборатория Кореяда ишлаб чиқарилган, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларини  аниқлашда ишлатиладиган “SHIMADZU” махсус таҳлил  аппарати билан таъминланди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят ИИБ томонидан  лабораторияни қайта таъмирдан чиқариш ва уни жиҳозлаш учун  ажратилган 22 миллион сўмга бир қатор замонавий            тиббий ва техник жиҳозлар яъни, Россия Федерациясида ишлаб чиқарилган мўрили шкаф, лаборатория учун мўлжалланган стол, “SHIMADZU”  аппарати учун махсус стол,  компьютер жамланмаси ва кимёвий идишлар харид қилинди. Шунингдек, сув-канализация тизими қайтадан таъмирланиб, замонавий ҳолатга келтирилди.

Лабораториянинг очилишида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЭКМ вакиллари, вилоят ИИБ раҳбарияти иштирок этдилар ва бу ерда мавжуд шароитлар билан танишдилар.

Кимёвий лаборатория замонавий жиҳозлар ва шароитларга эга бўлиши вилоят ҳудудида аниқланган гиёҳванд моддаларни сотиш, сақлаш ва уларни етиштириш каби ҳолатлардан олинган далилий ашёлар бўйича тадқиқотлари тез ва сифатли қилиб ўтказишга имконият яратди.

– Вилоят  ИИБ экспертиза ва криминалистика бўлимидаги кимёвий лабораториянинг замон талаблари асосида қайта жиҳозланганлиги вилоятимиз ҳуқуқ-тартибот идоралари учун қулай шароит яратди, – дейди вилоят ИИБ ЭКБ бўлинма бошлиғи, майор Умиджон Мирсоатов. – Барча замонавий имкониятларга эга бўлган лабораторияни жиҳозлаш ва қайта ташкил этишда алоҳида эътибор ва ёрдам кўрсатган вилоят ҳокимлигига, вилоят ИИБ раҳбариятига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. 

You must be logged in to post a comment Login