ДЕҲҚОНЛАРИМИЗНИНГ ЮЗИ ЁРУҒ

_DSC7598

Бу йил мамлакатимизда 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд юксак хирмон бунёд этиб, шартнома мажбуриятларини бажарган деҳқонларимизнинг юзи ёруғ бўлди. Бундай улкан муваффақиятда фарғоналик фермерлар, фермер хўжаликлари ва отрядлар аъзоларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.

Президентимизнинг пахтакорлар ва барча меҳнаткашларимизга йўлланган табригида алоҳида қайд этилганидек, деҳқон учун осон йилнинг ўзи бўлмайди. Аммо ушбу соҳада олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар, меҳнаткаш халқимизнинг фидойилиги биргина жорий йилда ҳам ўз самарасини кўрсатди. Натижада ҳосилнинг 90 фоизи юқори сортларга топширилди. Бу йил пахтачиликдан олинадиган даромад ўтган йилга нисбатан 12 фоиз ёки 400 миллиард сўмдан ортиши кутилмоқда. Пахта хомашёсини юқори сортларга сотишнинг ўзидан фермер хўжаликлари 200 миллиард сўмдан зиёд қўшимча даромад олишга муваффақ бўлишди. Яқинда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ўнинчи Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида 50 га яқин давлатдан дунё бозорида ном қозонган 1000 дан зиёд йирик фирма ва компанияларнинг вакиллари иштирок этгани миллий бойлигимиз жаҳон миқёсида нечоғли эътибор қозонаётганини англатади. Икки кун давом этган мазкур нуфузли тадбирда 580000 тонна ўзбек пахта толаси ҳамда умумий қиймати бир миллиард АҚШ долларидан ортиқ тўқимачилик маҳсулотлари савдоси бўйича шартномалар имзолангани бунинг яққол далили, албатта.

Юртбошимиз табригида белгиланган режани қисқа фурсатда бажариб, кўпчиликка ўрнак ва намуна бўлган туманлар орасида Бешариқ ва Қува тумани ҳам эътироф этилгани вилоятимиз деҳқонлари ютуқларидан далолатдир. Бу ютуқлар сабаби биринчи навбатда ҳамюртларимизнинг фидокорона меҳнати бўлса, вилоятимиз ҳокимлиги томонидан уларнинг меҳнатини рўёбга чиқарадиган, манфаатдорлигини таъминлайдиган изчил чора ва тадбирлар қўлланганлиги иккинчи муҳим омил бўлди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ҳар қайси туманнинг тупроқ шароитига мос навларни танлаш, ғўза парваришида илғор технологияларни қўллаш, агротехник тадбирлар – суғориш, зараркунандаларга қарши биологик курашда янгиликларни кенг жорий этиш, култивация ва дефолиацияни қулай муддатларда сифатли ўтказиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Чигит экиш, пахтани тез ва сифатли йиғиб-териб олишда «отряд усули» қўлланаётгани, ғўза парваришидан тортиб ҳосилни йиғиштириб олингунча бўлган жараённинг барча иштирокчилари моддий манфаатдорлиги ортиб бораётгани, мўл ҳосил етиштириш ва уни қисқа муддатларда йиғиштириб олишга катта имкониятлар яратмоқда. Айни жараёнда вилоятимиз фермер хўжаликларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, фермерлик касб маҳорати, хўжалик юритиш ва ташкилотчилик салоҳияти ошиб бораётгани янада қувонарлидир.

- Бу йил вилоятимизда пахта ҳосилини ёғин-сочинга қолдирмай, нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш учун ҳар йилгига қараганда ҳам кўпроқ куч-ғайрат сафарбар этилди,-дейди олтиариқлик машҳур фермер Лолахон Муротова. – Мавсум давомида турли синов ва қийинчиликларни бартараф этишда вилоят ҳокимлиги тавсиялари асосида интенсив агротехнологиялардан оқилона фойдаланилди. Бундай саъй-ҳаракатлар туфайли вилоятимиз далаларида мўл ҳосил етиштирилди. Юртбошимизнинг пахтакорлар ва барча меҳнаткашларга табригини мароқ билан ўқиб-қувониб, барча чарчоқларимиз унутилди.

Дарҳақиқат, бугун ушбу соҳада қўлга киритилаётган ютуқ ва марраларнинг асосий омили – фермерлик ҳаракати самараси билан боғлиқ. Фермер – қишлоқда бош ислоҳотчига айланаётган экан, бу тобора уларнинг ўз ерига эгалик, масъулият ва дахлдорлик туйғуси, ўз меҳнатидан манфаатдорлик ҳисси, энг муҳими эртанги кунга ишончи мустаҳкамланиб бораётганини англатади.

You must be logged in to post a comment Login