ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликдаги семинар

ЭРТАК ТЕРАПИЯ

“Соғлом бола йили” давлат Дастури доирасида вилоят хотин-қизлар қўмитаси ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилаётган “Фарғона вилоятида болалар фаровонлиги мониторинги” лойиҳасининг мувофиқлаштирувчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда Конституция қабул қилинганидан сўнг биринчилар қаторида ратификация қилинган халқаро ҳужжат Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциядир. Юртимизда болалар ҳамиша давлат ҳимоясидадир. Ўзбекистон аҳолисининг 30 фоизини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Аҳолининг салкам учдан бир қисми ҳисобланган болаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг тарбияси ва ўқиши учун етарли шароит яратиш, соғлиғини муҳофаза қилиш, ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлатимизнинг устувор вазифасига айланган.

Янги лойиҳа иш бошлашидан аввал ташкил этилган тадбирда сўз олган вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мавлуда Ходжаева “Соғлом бола йили” давлат Дастури доирасида “Фарғона вилоятида болалар фаровонлиги мониторинги” лойиҳасининг аҳамияти, кутилаётган натижалар тўғрисида айтиб ўтди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад  болаларни ҳар қандай шароитда, ҳар доим ҳимоя қилиш, уларнинг ота-оналари бағрида эмин-эркин ўсиб, улғайишларини таъминлаш, айниқса кўмакка муҳтож бўлганларини давлат муҳофазасига олиш, уларга ёрдам бериш, ижтимоий муҳофаза қилиш орқали соғлом авлодни вояга етказишдан иборат эканлиги таъкидланди.

Тадбирда ЮНИСЕФ маслаҳатчиси  Шаҳло Ашрафхонова “Болалар ҳимояси нима, у нима учун муҳим?” мавзуда маъруза қилди.

Шунингдек, болалар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан олиб борилаётган ишлар, оналик ва болаликнинг ижтимоий муҳофазаси давлат ҳимоясидалиги хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.

Президентимизнинг “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида фарзандларимиз бахту саодати, иқболи ва камолини кўришни истар эканмиз, нафақат оиладаги, балки маҳалла-кўйдаги одамларнинг хатти-ҳаракати ҳам боланинг шаклланиб келаётган соф қалби ва онгига таъсир кўрсатишини доимо ўйлашимиз, бу масалада зиммамизда улкан масъулият борлигини унутмаслигимиз зарурлиги таъкидланган. Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда мутасадди ташкилотларнинг амалий ишлари, ижтимоий шерикчилик қўл келади. Кутилган натижани беради. Йиғилишнинг якуний хулосаси шу бўлди.

You must be logged in to post a comment Login