ФАРҒОНАДА 51 ТА БОЗОР ФАОЛИЯТ КЎРСАТМОҚДА

ОБОД ТУРМУШ1

Бозорлар юрт кўрки, давлатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги, дастурхонимиз тўкин-сочинлигини кўрсатувчи маскандир.

– Агар мева ва сабзавот маҳсулотларимизнинг нақадар бой, тўкин-сочин ва хилма-хил эканини бутун гўзаллиги ва жизобаси билан кўрмоқчи бўлсангиз, албатта, бизнинг бозорларимизга кириб кўришингиз керак, – деган эди Юртбошимиз шу йилнинг 5-6 июнь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим заҳиралари” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида. – У ерда нафақат ноз-неъматларнинг бетакрор чиройи ва нафосатини, балки сизнинг таассуротларингизни янада бойитадиган бизнинг одамларимизга хос очиқлик, самимият ва меҳмондўстликни ҳам кўрасиз…

Фарғонамиз, шаҳар, туманлар бозорларини обод, файзли, тўкин-сочин масканларга айлантириш, янги-янги бозорлар бунёд этиш, куз-қиш мавсумига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари заҳирасини яратиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Мухбиримиз вилоят бозорлар уюшмаси раиси О.Тошболтаев билан шу мавзуда суҳбатлашди.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 апрелдаги “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда сотувчи, харидорларга шарт-шароитлар яратишда бозорларимизда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Бугунги кунда вилоятимизда давлат рўйхатидан ўтган 51 та бозорлар фаолият юритиб, шундан 25 та деҳқон бозори, 22 та савдо комплекслари, 1 та эҳтиёт қисм, 1 та илгари фойдаланишда бўлган мол-мулк сотиш ва 2 та автомашина бозорлари мавжуд.

Юртбошимизнинг 2011 йил 15 ноябрдаги “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-1641-сонли қарорига асосан, вилоятимиз аҳолиси, шаҳримиз меҳмонларига қулайликлар яратиш мақсадида Фарғона шаҳрида бир қатор кичик деҳқон бозорлари куриш ҳамда реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Жумладан: Фарғона шаҳар Марказий деҳқон бозори А.Қодирий мавзесидаги деҳқон бозори лойиҳа асосида қайта реконструкция қилинди.  А.Яссавий мавзесидаги “Саид Ахмад” кўчасида (Туронтекстил корхонаси ҳудуди) кичик деҳқон бозорлари барпо этилади. А.Қодирий мавзесидаги “Лаззат” савдо дўкони яқинида, Қиргули мавзесидаги “Тинчлик” “Марғилон” кўчасида кичик деҳқон бозорлари қуриш, А.Қодирий мавзесидаги деҳқон бозорига ёндош бўлган бўш ер майдонига ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси учун замонавий савдо мажмуаси қуриш режалаштирилган.

Вилоятда 2014-2015 йил қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини заҳирага жамғариш (закладка) бўйича амалга ошириладиган комплекс чора-тадбирлар Дастурини бажариш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 19 августдаги 01-03/1-754-сонли топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг 2014 йил 25 сентябрда 242-сонли қарори қабул қилинди. Шунга кўра вилоят бозорларига 2014-2015 йил куз-қиш ойлари заҳира қилиш учун 10280,0 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари – картошка, пиёз, сабзи ва мева маҳсулотларига фермер хўжаликлар ва аҳоли билан шартномалар тузилди. Сўх туманидаги фермерлар билан етиштирилган сифатли картошкаларга шартномалар тузилиб, шу кунларда олиб келинади ва омборхоналарга заҳирага қўйилади.

Вилоят бозорлари маъмурияти томонидан шаҳар, туманлардаги 7 минг тонна сиғимли омборхоналар ва музлаткичлар раҳбарлари билан маҳсулот сақлаш учун ижара шартномалари тузилди. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини заҳирага қўйишни молиялаштириш мақсадида тижорат банкларига 3640,0 млн.сўм кредит маблағлари олиш учун буюртмалар берилиб, шу кунгача 1122,0 млн.сўм кредит маблағлари ажратилди. 

You must be logged in to post a comment Login