ТЕКШИРИШЛАР ҚИСҚАРТИРИЛДИ

текшириш

Ишбилармонлик учун қулай шароит яратиб бериш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда қонунга ҳурмат билан муносабатда бўлувчи тадбиркорлик субъектларида текширишларни қисқартириш жабҳасидаги саъй-ҳаракатлар изчиллик билан давом этаётгани ўз самарасини бермоқда.

2014 йил учун чора-тадбирлар режасини шакллантиришда ҳам бу борада белгиланган устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Текширишларни қисқартириш мақсадида жорий йил режа-жадвалига киритилган хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти масъул ходимлар иштирокида кўриб чиқилди. Унга кўра Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарори асосида 38 та хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти текширилмайдиган бўлди. Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 4609-сонли фармонига асосан эса 5 та тадбиркорлик субъектлари 2014 йил текширишлар режа-жадвалидан чиқарилди.

Шу тариқа Кенгаш томонидан тасдиқланган хўжалик юритувчи субъектлар сони 314 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан режалаштирилган текширишлар сони 34 тага ёки 9,8 фоизга қисқартирилди. Ўз навбатида Кенгаш томонидан тасдиқланган текширишлар режа-жадвалига мувофиқ, 173 та хўжалик юритувчи субъектларда режали текширишлар белгиланган муддатларда амалга оширилди. Жорий йилнинг олти ойида 211 та хўжалик юритувчи субъектларда ўтказилган режадан ташқари қисқа муддатли текширишлар унификацияланган саволнома асосида ишлаб чиқилган текшириш дастурига мувофиқлаштирилиб, қонунда белгиланган бир кунлик муддатда ўтказилди.

Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг бўлими иш режасига таянган ҳолда жорий йилнинг олти ойида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, Қўқон ва Фарғона шаҳри, Данғара, Тошлоқ туман ҳудудий комиссиялари ҳамда туман-шаҳардаги барча назорат органлари томонидан текширишларни тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ўрганилди. Қўқон шаҳри, Учкўприк ва Ўзбекистон туман ДСИлари томонидан ўтказилган режадан ташқари қисқа муддатли текширишлар бўйича ўрганишлар ўтказилди ҳамда амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиш ҳолатларининг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга. Айни жараёнда ўтказиладиган режадан ташқари қисқа муддатли текширишларни асослантирувчи ҳужжатларни расмийлаштириш талабларига риоя этилиши ҳам долзарб вазифалар сирасига киради. Бу борада камчиликларга йўл қўймасликлари учун ҳудудий ДСИларнинг тегишли бўлимлари масъул ходимлари иштирокида мунтазам равишда семинар йиғилишлар ўтказиб келинмоқда.

You must be logged in to post a comment Login