Тошкентда VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ташкил этилди

amkorlik_uchun_keng_imkoniyatlar1

Ўзбекистон жуда кўп бора инвесторлар, нуфузли ишлаб чиқарувчилар иштирокидаги йирик кўргазмалар, илмий анжуманларга мезбонлик қилмоқда. Бу ўз ўрнида мамлакатимизни минтақанинг бизнес марказига ва ушбу йўналишдаги манфаатли мулоқот майдонига айлантирмоқда. Тошкентда ўтказилган VIII Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида ҳам ушбу фикрларнинг исботини кўриш мумкин.

Тадбирнинг эътиборли жиҳати шундаки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг янги турларини кўпайтиришган. Бу эса маҳаллий ва хорижий компаниялар қизиқишини оширмоқда.  

Экспертлар фикрича, Ўзбекистон иқтисодиётидаги барқарор ўсиш суръатларининг давомийлиги бу мамлакат кўптармоқли индустриясидаги мақсадли интилишлар самарасидир. Улардан энг муҳими халқ хўжалигини ташқи омилларсиз ривожлантириш, янги технологиялар, инвестициялар ҳисобига импортни камайтириб, экспорт салоҳиятини янада оширишга қаратилган ислоҳотлар ва бу борада амалга оширилаётган ишлардир.

Таъкидлаш керакки, Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида мамлакатимиз корхоналарида қайта ишланган хомашё ва материаллар, бутловчи қисм ва асбоб-ускуналар, ишлаб чиқариш-техник йўналишдаги тайёр маҳсулотлар истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартномалар асосида, қўшимча тендерлар ўтказмасдан сотилмоқда. 2009 йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида мамлакатимиздан 378 саноат корхонаси қатнашган бўлса, 2013 йилда уларнинг сони 1,3 мингдан ошди.

Шу билан бирга, хорижий иштирокчилар сафи ҳам йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2009 йилда 602 хорижий иштирокчи қатнашган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич мингдан ошди. Чет эллик ишбилармонлар тадбир доирасида мамлакатимизнинг саноат салоҳияти билан танишиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни харид қилиш масаласини кўриб чиқмоқда ва ўз маҳсулотларини етказиб бериш бўйича шартномалар тузмоқда. Айни пайтда улар Ўзбекистонда юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма ёки ўз корхонасини ташкил этиш истиқболларини баҳолаш имконига эга бўлмоқда.

Бу ерда юқори сифатли кенг турдаги маҳсулотлар намойиш этилаётгани, ўзаро манфаатли шартномалар тузиш имконияти мавжудлиги боис ўтган йилги форум доирасида саноат кооперацияси асосида 6,2 триллион сўмлик маҳсулот харид қилиш бўйича шартномалар имзоланган эди. Экспорт шартномаларининг ҳажми эса 6,3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди.

Жорий йилда Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси ҳам анъанага кўра икки босқичда ўтказилди. Жорий йилнинг март-июнь ойларида ўтказилган биринчи босқичда ҳудудий ва тармоқ саноат ярмаркалари бўлиб ўтди. Уларда 3,8 мингдан ортиқ корхона 19 минг турдан зиёд маҳсулотларини намойиш этди. Ярмаркалар якуни бўйича 2014 йилда саноат кооперацияси асосида қиймати 890,5 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб беришга доир хўжалик шартномалари ва 260,2 миллион долларлик экспорт шартномалари тузилди.

Форумнинг иккинчи босқичида мамлакатимизнинг 1,7 мингдан зиёд корхона, компания ва ташкилотлари намойиш этаётган 20 мингдан ортиқ товар- хизматларнинг олти юздан зиёди Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўзлаштирилган янги турдаги маҳсулотлардир.

– Саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг халқаро мақоми унинг нуфузидан, Ўзбекистонда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга катта эътибор қаратилаётганидан далолат беради, – дейди «Comes» давлат акциядорлик компаниясининг лойиҳалар бўйича менежери (Руминия) Александр Ставила. – Кимё, металлургия ва нефтни қайта ишлаш тармоқлари учун ускуналар ишлаб чиқарадиган компаниямиз ўзбекистонлик саноатчилар билан тўғридан-тўғри ўзаро манфаатли муносабат ўрнатишни режалаштирмоқда.

Радиоэлектроника, электр техникаси ускуналари ишлаб чиқариш ва асбобсозлик корхоналари ҳам кўплаб маҳсулотларини намойиш этмоқда.

Форум иштирокчилари орасида «Ўзбекэнерго» давлат акциядорлик компанияси ҳам бор. Компаниянинг 10 корхонаси электр тармоқлари барпо этишда ишлатиладиган ускуналар, кичик электр станциялари, трансформатор, электр узатиш линиялари ва темир йўлни электрлаштириш мосламалари, маиший ва саноат ҳисоблагичлар, ўтга чидамли материалларни намойиш этаётир.

– Ўзбекистонда чет эллик инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани, хусусан, «Ангрен» махсус индустриал зонаси «EG Lightings» компанияси(Жанубий Корея)ни Янги Ангрен иссиқлик электр станцияси билан узоқ муддатли муносабатларни йўлга қўйиш ва қўшма лойиҳани амалга оширишга ундади, – дейди «Egl-Nur» қўшма корхонасининг ишлаб чиқариш бўйича менежери Де Хи Ким. – Айни пайтда ички ва ташқи ёритишга мўлжалланган энергия тежовчи ёруғлик диодли лампалар ишлаб чиқармоқдамиз. Корхонамиз Ўзбекистон бозорига яқинда кириб келган бўлса-да, «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компанияси, энергетика тармоғи корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бу галги ярмаркада Ўзбекистон бозоридаги янгилик – офислар учун ясси панелли энергия тежовчи лампаларни тақдим этмоқдамиз.

“Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни корхоналари сифатли фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва кенгайтириш имкониятларини намойиш этмоқда. Чунончи, жорий йилда «Nika Pharm» шўъба хўжалик жамияти дори воситалари ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватли ва 5,35 миллион АҚШ долларилик инвестициявий салоҳиятга эга янги, юқори технологияли автоматлаштирилган комплексни ишга туширди.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси кўргазма залларидан бири мамлакатимиз ҳудудларининг саноат салоҳиятига бағишланган. Бу ерда кўплаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти вакилларини учратиш мумкин. Зеро, улар саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилишда муҳим ўрин тутади.

Беш кун давом этадиган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида йирик саноат корхоналари, етакчи ишлаб чиқарувчилар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, ҳудудларнинг 60 дан ортиқ марказлаштирилган тақдимотларини ўтказиш режалаштирилган. Ишбилармонлик муносабатларини ўрнатиш ва йўлга қўйиш, моддий ишлаб чиқариш секторида тадбиркорлик ҳамда новаторлик лойиҳаларини ривожлантириш мақсадида ярмарка иштирокчиларига Ўзбекистоннинг 2014-2015 йилги саноат маҳсулотлари каталоги таклиф этилмоқда. Унда мамлакатимизнинг 2300 дан зиёд корхонаси ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўғрисидаги ахборотлар жамланган.

Таъкидлаш жоизки, тадбирлар ишчанлик муҳитида ўтмоқда. Маҳсулотларнинг ишлаб чиқариш секторлари бўйича жойлаштирилгани, батафсил ахборотларнинг тақдим этилаётгани ярмарка иштирокчи ва меҳмонларига ўзларини қизиқтирган объектлар, расмий вакилларни тез топишга кўмаклашмоқда.

Шунингдек, ярмаркада “Ўзэлтехсаноат” ва “Ўзмонтажмахсусқурилиш” уюшмалари, “Ўзқурилишматериаллари” ва “Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниялари, “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар, Тошкент мис ва рангли металлар қолдиқларини қайта ишлаш заводи, «Peng Sheng» қўшма корхонаси ва «Energomax» ихтисослаштирилган саноат корхонаси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари корхоналарининг тақдимотлари бўлиб ўтди.

Уларда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар самараси яққол намоён бўлди. Ушбу форум мамлакатимиз иқтисодиётининг янада ривожланиши, тармоқлараро саноат кооперацияси кенгайиши, ишлаб чиқариш ва чакана савдо айланмаси ҳажмининг ошишида муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатда йўл ва транспорт-коммуникация соҳаларида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу юртимизнинг жаҳон бозорига фаол интеграциялашуви ва ҳудудлар инфратузилмаси ривожида алоҳида ўрин тутмоқда. Президентимизнинг 2010 йил 21 декабрдаги “2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Жаҳон талабларига жавоб берадиган йўллар қуриш ва таъмирлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси томонидан халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган умумий фойдаланувдаги йўлларда 48 миллиард сўмликдан зиёд капитал таъмирлаш ишлари бажарилган.

– Ушбу ярмаркада иштирок этиш асносида автомобиль йўллари қурилиши соҳасида замонавий технологиялар ва машина механизмларини харид қилиш бўйича шартномалар тузмоқдамиз, – дейди компания бошқарма бошлиғи А.Амиров. – Бу борада Тошкент трактор заводи, “GM Uzbekistan” ва “Ўзкейсмаш” қўшма корхоналари билан фаол ҳамкорлик қиламиз, йўл қуришда уларда ишлаб чиқарилаётган техникалардан кенг фойдаланамиз. Ушбу саноат ярмаркасининг афзаллиги шундаки, унинг доирасида биз, саноатчилар тармоқ ва тармоқлараро ҳамкорлик бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузиш имконига эгамиз. Ўтган йилги ярмаркада қирқ бир миллиард сўмлик бир нечта шартнома имзолаган эдик. Бу галги анжуманнинг икки кунида компаниямиз тизимидаги корхоналар томонидан ўттиз бир миллиард сўмлик шартномалар тузилди.

Қурилиш саноати мамлакат иқтисодиётининг истиқболли тармоқларидан бири. Бугунги кунда ушбу соҳага янги технологиялар, инновацион ечимлар кенг жорий этилмоқда. Мамлакатда уй-жой, ижтимоий ва инфратузилмавий қурилишнинг жадал ривожланаётгани қурилиш материаллари ишлаб чиқариш суръатларининг ўсишида ҳам яққол намоён бўлаётир.

– Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси юксак савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидламоқчиман, – дейди “Xinjang Benma International Logistic” компанияси вакили Сун Вэй Мин (Хитой). – Анжуманда ҳар бир иштирокчига ўзини қизиқтирган тармоқ ҳақида тўла маълумот олиш, ҳамкорлик юзасидан музокара ўтказиш, битим ва шартномалар тузиш учун барча қулайликлар яратилган. Ўзбекистон биз учун истиқболли бозор. Юртингизда саноатни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, кенг имконият ва имтиёзлар хитойлик сармоядорларнинг ҳамкорликка қизиқишини тобора кучайтирмоқда. Биз ҳам Ўзбекистоннинг тўқимачилик соҳасида фаолият юритувчи компаниялари билан шартномалар тузиш ниятидамиз.

Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида самарали мулоқотлар ўтказилиб, шартномалар имзоланди.

You must be logged in to post a comment Login