ОРОЛ ДЕНГИЗИ: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР МУҲОКАМАСИ

орол буйи

Ноёб денгиз, гўзал биохилма-хилликлар маскани. Бу бир пайтлар катталиги бўйича 4 ўринда турган орол денгизига нисбатан айтилган таърифлар. Бугун у нафақат Марказий Осиё, балки бошқа минтақаларга ҳам жиддий хатарга айланиб бормоқда.

Зеро, Ўзбекистон раҳбари 2010 йили Бирлашган миллатлар ташкилоти саммитининг минг ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисида таъкидлаб ўтканидек, Орол денгизи қуришининг давом этаётгани ва унинг атрофида гуманитар фалокат содир бўлаётгани сабабли Оролбўйининг табиий биологик фондини асраб-авайлаш, Орол инқирозининг атроф-муҳитга, энг муҳими, бу ерда истиқомат қилаётган минглаб ва миллионлаб одамлар ҳаётига ҳалокатли таъсирини камайтириш бугунги кундаги муҳим вазифа ҳисобланади.

Ана шу долзарб вазифа Урганч шаҳрида 28-29 октябрь кунлари «Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусида ўтказилган халқаро конференциянинг бош масаласи.

Анжуман Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилди.

Анжуманни ўтказишдан кўзланган мақсад жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилашга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш, ушбу экологик офатнинг салбий оқибатларини камайтириш учун халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат.

Конференцияда БМТ, ШҲТ, Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ, Ерости сув ресурсларини баҳолаш халқаро маркази, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, ОПЕК каби 24 нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари вакиллари, Австрия, Венгрия, Германия, Испания, Хитой, Латвия, Малайзия, АҚШ, Франция, Швейцария, Жанубий Корея, Япония сингари 26 давлатдан экология, иқлим ўзгариши ва сув ресурсларини бошқариш соҳаси олим ва экспертлари иштирок этди.

Анжуман доирасида хорижлик меҳмонлар бир нечта объектларда бўлишди. Дастлабки манзил вилоят онкология диспансери. Диспансерда меҳмонлар онкологик хасталиклар профилактикаси ва уларни даволашдаги замонавий усуллар, касалликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ва шароитлар билан танишдилар.

Маълумки, сўнгги пайтларда дунё миқёсида онголик касалликлар билан оғриган беморлар сони ортиб боряпти. Мутахассислар фикрича, экологик ҳолатнинг ёмонлашуви ҳам беморлар сони ва касиллик турининг кўпайишида асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Дато Росли Муҳаммед Нур, “Eximbankдиректори (Малайзия):

– Орол муаммосини ҳал этишга қаратилган халқаро анжуманда иштирок этяпмиз. Бу борадаги лойиҳаларни молиялаш бизнинг асосий вазифамиз. Глобал аҳамиятга эга бу масалани кечиктириб бўлмайди. Иқтисодий тадқиқотлар ўтказиш ва олимларнинг илмий хулосаларини олиш жуда муҳим. Ана шу масалаларни Ўзбекистон Ҳукумати билан ҳамкорликда муҳокама қилиб, лйиҳанинг якуний хулосасини қабул қиламиз. Ўз навбатида халқаро тадбир барча иштирокчиларга орол муаммосини юмшатиш бўйича режаларини белгилаб олиш имконини ҳам беради. Вазиятни барқарорлаштириш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарур.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ўз видеомурожаатида дунёдаги кенг кўламли антропоген ҳалокатлардан бири деб эътироф этилган ва миллионлаб аҳоли ҳамда атроф-муҳитга катта зарар етказаётган Оролбўйи минтақасидаги экологик бўҳрон муаммолари муҳокамасига бағишланган ушбу халқаро конференцияни ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.

Иштирокчиларга Орол денгизи ҳавзасида юзага келган мураккаб вазият билан боғлиқ муаммолар ва минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган видеофильм намойиш этилди.

ЮНЕСКО Бош директори Ирина Бокованинг анжуман қатнашчиларига йўллаган табригини ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари, Осиё ва Тинч океани мамлакатларидаги илм-фан бўйича минтақавий ваколатхонаси директори Хуберт Гизен ўқиб эшиттирди.

БМТ Бош котибининг ўринбосари Кристиан Фриис Бах, БМТ Тараққиёт дастури администраторининг ўринбосари Ойша Жаҳон Султоноглу, ЭСКАТО ижрочи котиби ўринбосари Шун-ичи Мурата, Осиё тараққиёт банкининг атроф-муҳит, табиий ресурслар ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича департаменти бошлиғи Акмал Сиддиқ, Ислом тараққиёт банкининг минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ҳишам Маъруф ва бошқалар Орол инқирози ўзининг экологик-иқлим, ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар оқибатлари бўйича Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишига, ушбу ҳудуд аҳолисининг саломатлиги, генофонди ва келажагига бевосита хавф солаётганини таъкидлади. Экологик бўҳрон чегараси кенгайиб бораётган бир шароитда Орол муаммосини ҳал этишга жаҳон ҳамжамияти эътибори жалб этилмаса, янада кенг ҳалокатли тус олиши мумкин.

Конференцияда Орол денгизи қуришининг асосий сабабларидан бири собиқ иттифоқ даврида табиий ресурслардан хўжасизларча, ўйламасдан фойдаланиш оқибати экани қайд этилди.

Орол денгизининг Ғарбдан Шарққа эсадиган кучли ҳаво оқими йўлида жойлашгани ва бу аэрозолларнинг юқори атмосфера қатламларига кўтарилишига сабаб бўлаётгани атроф-муҳит ифлосланиши оқибатларини янада кучайтирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов юксак минбарларда минтақа доирасидан аллақачон чиқиб улгурган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича самарали чоралар кўриш муҳимлигини бир неча бор таъкидлаган эди. Хусусан, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Оролни қутқариш халқаро жамғармасини ташкил этиш ташаббускорларидан бири бўлди. Давлатимиз раҳбари ушбу масалани илк бор 1993 йил 28 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида кўтариб чиққан ва жаҳон ҳамжамияти эътиборини Орол денгизи муаммосига қаратган эди. Бундан ташқари, Президентимиз 2000 йил 8 сентябрь куни БМТнинг Мингйиллик саммитида БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури шафелигида Орол денгизи ва Оролбўйи муаммолари бўйича кенгашни ташкил қилиш ташаббусини илгари сурди.

Оролбўйи минтақасидаги экологик аҳволни яхшилаш, экологик бўҳрон оқибатларини юмшатишда мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳим ўрин тутаётир. Табиий ресурслардан фойдаланишни тартибга соладиган ва табиатни муҳофаза қилиш самарадорлигини оширишга қаратилган қонунлар қабул қилинди. Ўзбекистон ушбу соҳадаги асосий халқаро ҳужжатлар, чунончи, Трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланишга оид конвенцияга қўшилди. Сув ресурслари тақчиллиги ва чўлланиш муаммоларини ҳал этиш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш, ерларнинг шўрланиши ва емирилишига қарши курашиш, аҳолининг ичимлик сувидан фойдаланишини яхшилаш, минтақада тобора кучайиб бораётган экологик ва иқлим ўзгаришининг салбий таъсири билан боғлиқ касалликларни даволаш учун зарур инфратузилмани шакллантиришга йўналтирилган кенг кўламли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Мисол учун, «Амударё дельтасида кичик кўллар барпо этиш» лойиҳаси дастлабки босқичининг амалга оширилиши бешта сув чиқариш иншооти, қирғоқни ҳимоя қиладиган 45 километрлик дамбалар қуриш, умумий майдони 70 минг гектар ва 810 миллион куб метр сиғимга эга бошқариладиган муҳандислик сув ҳавзалари бунёд этиш имконини берди. Сўнгги 15 йилда Амударё дельтасидаги 180 минг гектар майдонга сув чиқарилди ва кичик кўллар барпо этилди. Истиқболда ушбу кўллар умумий сув юзаси майдонини 230 минг гектаргача кенгайтириш мўлжалланган.

Орол инқирози таъсир кўрсатган ҳудудларда 740 минг гектар, денгизнинг қуриган тубида 310 минг гектар майдонда ўрмонзорлар барпо этилди. 1997-2012 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида замонавий амбулатория-поликлиника муассасалари фойдаланишга топширилди, 5,8 минг ўринга мўлжалланган тиббиёт муассасалари қурилди ва реконструкция қилинди, 840 қишлоқ врачлик пункти фаолият юритмоқда. Кўрилган чоралар самарасида Қорақалпоғистон Республикасида нуқсон билан туғилганлар сони 1997 йилга нисбатан 3,1 баробар, оналар ўлими 2, чақалоқлар ўлими эса 2,4 марта қисқарди.

Президент Ислом Каримов ташаббуси билан 2008 йили Тошкентда БМТ кўмагида ўтказилган “Орол муаммолари, уларнинг аҳоли генофонди, ўсимлик ва ҳайвонот оламига таъсири ҳамда оқибатларини енгиллаштириш учун халқаро ҳамкорлик чора-тадбирлари» мавзусидаги халқаро конференция Оролбўйидаги экологик аҳволни яхшилашда муҳим роль ўйнади. Мазкур конференцияда ишлаб чиқилган Ҳаракат режаси 2011-2015 йилларда Орол денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга ёрдам кўрсатиш бўйича учинчи дастурнинг асосини ташкил қилди.

– Жаҳон банки ушбу дастурни амалга оширишда иштирок этмоқда, – деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Сарож Кумар Жа. – Дастур Орол денгизи ҳавзасида экология ва сув хўжалиги билан боғлиқ аҳволни яхшилаш, барқарор ривожланишга эришишга қаратилган. Жаҳон банки томонидан миллий ва минтақавий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган инвестициялар умумий миқдори бугун 1 миллиард АҚШ долларидан ошди. Мазкур халқаро конференция ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ва минтақадаги мавжуд экологик муаммоларни ҳал этишда барча манфаатдор томонлар саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш имконини беради.

Анжуманнинг секция мажлисларида экологик оғир ҳудудларда яшаётган аҳолининг генофондини сақлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чоралар кўриш, Оролбўйи аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун зарур иқтисодий рағбат ва механизмларни жалб этиш, минтақада экотизим ва биохилма-хилликни қайта тиклаш масалалари муҳокама этилди.

Иштирокчилар Урганч шаҳрида ушбу конференция юксак савияда ташкил этилганини юқори баҳолади ва тадбир Орол денгизи қуришининг оқибатларига қарши курашишда халқаро ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилишга ишонч билдирди.

Халқаро конференциянинг якуний ҳужжати қабул қилинди.

You must be logged in to post a comment Login