РЕСПУБЛИКА БИРИНЧИЛИГИ НИҲОЯСИГА ЕТДИ

футбол

Фарғона вилояти Ёзёвон туманида 2001 йилда туғилган ўсмирлар ўртасида футбол бўйича Ўзбекистон биринчилиги мусобақалари бўлиб ўтди.

“Ёзёвон” марказий ўйингоҳида мазкур турнирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Фотиҳ Жалолов ва бошқалар мамлакатимизда спорт, хусусан, футболни оммалаштириш ва ёш спортчиларни тайёрлаш, қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Мамлакатимизда футболни ривожлантириш, ёш футболчиларда профессионал маҳорат ҳамда кўникмаларни юксалтириш, мамлакат клублари ва терма жамоаларига ишончли захира шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг футболни ривожлантиришга оид қарорлари бунда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган жамоалар гуруҳларга бўлиниб ўзаро мусобақаларни бошладилар.

– Бундай спорт мусобақаларини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, ўсмир футболчилар имкон қадар кўпроқ ўйин амалиёти эга бўлишларига шароит яратиш, шунингдек, вилоятлардаги ихтисослаштирилган футбол мактабларида шуғулланаётган ёш футболчиларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, спорт маҳоратини ошириш, Ўзбекистонда футболни оммалаштириш ва ривожлантиришдан иборат, – дейди Ёзёвон тумани болалар ва ўсмирлар футбол мактаби директори Равшанбек Ҳамдамов. – Бу миллий терма жамоамиз учун ҳам муносиб номзодларни тайёрлаш ва тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Кучлиларни саралаб берган беллашувларда мухлислар муросасиз курашларнинг гувоҳи бўлдилар. Бухоро, Навоий, Сирдарё вилоятлари ҳамда мезбон жамоа ўсмирларининг ўйинлари мухлисларда илиқ таассурот қолдирди. Ушбу жамоалар ярим финал йўлланмасини қўлга киритганлари ҳам бежиз эмас.

Ёзёвон тумани марказий ўйингоҳида кечган дастлабки ярим финал баҳсида бухоролик ёш чарм тўп усталари навоийлик футболчиларнн 2-0 ҳисобида мағлубиятга учратишди. Ярим финалнинг иккинчи жуфтлигида мезбонлар – фарғоналик ўсмирлар сирдарёлик тенгқурларига қарши ҳаракат қилишди. Ўйинда мезбонлар яққол устунлик билан ғалаба қозонишди. Улар томонидан киритилган уч голга рақиблар битта жавоб қайтаришди.

Фарғона ва Бухоро вилояти вакиллари беллашган финал баҳси анча қизиқарли ўтди. Фарғоналик футболчилар 2001 йилда туғилган ўсмирлар ўртасида Республика биринчилиги ғолиби бўлдилар. Бухоролик ўсмирлар иккинчи, Сирдарё ҳамда Навоий вилояти вакиллари эса учинчи ўринни эгалладилар.

Мусобақа совриндорларига диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Бухоро вилояти жамоси дарвозабони Файзбек Файзиев эса мусобақанииг “Энг яхши футболчиси” деб топилди.

You must be logged in to post a comment Login