АҲИЛЛИК, БАҒРИКЕНГЛИК, МЕҲР-ОҚИБАТ БАЙРАМИ

Яратганнинг раҳмати ёғилиб турган шодиёна кунларда бир улуғ эътиборни мамнуният билан эслайлик. Мустақиллик йилларида бутун ислом оламида маълуму машҳур саналган Имом Исмоил Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Термизий, Мотуридий, Бурхониддин Марғиноний каби муҳаддислар ва алломаларнинг муборак номлари тикланди, уларнинг қўним топган жойлари зиёратгоҳ ва қадамжоларга айлантирилиб ободонлаштирилди, илмий-маданий мерослари қадр топди. Диёримиздаги қадимий масжидлар, мадрасалар, мажмуалар муҳташам кўринишга эга бўлди.

Бир пайтлар Ислом динининг бешинчи устуни-ҳаж амалини ўташ ота-боболаримизнинг армони эди. Атиги уч-тўрт кишигина машаққатли йўл босиб бир неча кундан сўнг зиёратга етиб борарди. Бугун эса минглаб ҳамюртларимиз ўзларига яқин бўлган халқаро аэропортдан Саудия Арабистонига жўнаб кетяптилар.

Бундай неъматларнинг шукронасини айтиб яшаш барчамизнинг Ватан олдидаги қарздорлик бурчимиздир.

Юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, файзу баракани халқимиз нишонланаётган байрамлар, шодиёналардан ҳам кўрсак бўлади. Жумладан, икки муборак байрам – Ийди Рамазон ва Қурбон ҳайити юртимизда жуда кўтаринки кайфиятда, меҳр-оқибат, мурувват тимсоли сифатида ўтказилади.  Айни дамларда юртдошларимиз бир-бирларини бу қутлуғ кун билан қутлаб энг эзгу тилакларни билдиришяпти. Дуогўйларимиз ватанимизга қут-барака, тинчлик омонлик,  ёшларимизга узоқ умр, тавфиқ,  баркамоллик сўрашяпти. Қариндош-уруғ, ёру-биродарларни зиёрат қилиш, беморлар ҳолидан хабар олиш, кам таъминланган оилаларга, кўнгли шикаста болаларга ҳиммат кўрсатиш шу куннинг асосий мазмунини ташкил этади.

Барчамиз “Ким бир кишига енгиллик яратиб берса, Аллоҳ унга қиёматда енгиллик беради” дейилгувчи ҳадиси шарифга амал қилсак ҳаётимиз мунаввар, кўнгилларимиз хотиржам бўлади. Яъниким, ҳеч ким билан жанжаллашмаслик, низо чиқармаслик, гина-қудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш,  элимизга, маҳалламизга, яқин кишиларимизга имкон қадар яхшилик қилиш Ҳақнинг розилигини олиш демакдир.

Жамики эзгу ишларимизни нафақат Қурбон ҳайитида, балки йил давомида амалга оширсак, умримиз баракали, ризқимиз янада улуғ бўлади.

Ҳайит куни жонлиқ сўйиб қурбонлик қилиш пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) суннатларидан биридир. Қурбонлик гўшти камхарж оилаларга, болалар уйларига тарқатилса янада яхшидир.  Аллоҳ таоло “Берган ҳар бир эҳсонингиз ўзингиз учундир, кимки эзгу иш айласа ўзи учундир” деб марҳамат қилади. Ҳадисларда “Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Ҳақ йўлида саъй- ҳаракат қилувчи ёки кечалари билан тоат ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир” дейилади.

Шундай экан бир-биримизга ғамхўрлигимиз,  ҳимматимиз зиёда бўлсин. Гўзал диёримизни Яратганнинг ўзи асрасин. Юртбошимизнинг жамиятимиздаги аҳиллик, бағрикенглик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик муҳитини  мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларига  муваффақиятлар, халқимизга хотиржамлик, фаровонлик, сиҳат-саломатлик ато этишини тилаб қоламиз.

You must be logged in to post a comment Login