ЙИРОҚЛАРДА БИЗ УЧУН НА ФАХР БОР, НА ВАТАН

SHQ_8408

Тинч-осуда яшаб меҳнат қилаётган танти юртдошларимни кўрганда қалбимда ажиб туйғулар жўш уради. Эрта тонгдан ишга, ўқишга шошаётган одамлар, боғчасига кетаётган болакайларнинг кўнглида битта тилак: юрт тинч бўлсин, юрт обод бўлсин.

Қаерга борсам, албатта жажжигана болаларни кузатаман. Уларнинг бийрон таллари, қувончдан порлаётган кўзлари, ўзларига хос чиройли қилиқлари менга олам-олам завқу-шавқ бағишлайди.

Бир ҳолат доим эътиборимни тортади. Болалар асосан кекса ёшдага отахон-онахонлар билан дилдан суҳбатлашади. Ўзини кизиқтирган, хайратлантирган нарсалар ҳақида тинмай саволлар беради. Отахон-онахонлар эса эринмай ҳар бир саволга батафсил жавоб қайтаришади. Бу ҳолатни кузатишнинг гашти бўлакча-да. Ота-оналар ишда, ўз юмуши билан банд бўлган бир пайтда жажжиларимизнинг бобо-бувилари билан бирга экани ҳам кўнгилга хотиржамлик бағишлайди. Чунки фарзандларимиз улар-дан ҳаёт сабоқларини ўрганиб, ўзига ишончи ортади. Турли муаммоларга дуч келганда мақсад сари дадил боришни, меҳнатсеварликни, ҳурмат-иззат, меҳру оқибатни, сабру қаноатни ўрганишади. Айтинг, бундай одат, анъана, каттага ҳурматда бўлиш, кичикка иззат кўрса кўргудек гўзал қадрият яна қаерда бор?

Тўғри, миннатдорчиликни, қалб сўзларини ҳамма ҳам минбарлардан туриб баралла айтолмаслиги мумкин. Лекин турли давраларда, маҳалла-кўйнинг тадбири-ю, тўй-томошаларда одамларнинг юз-кўзига бир боқсангиз, миннатдорлик, шукроналик шундоққина уфуриб турганини кўрасиз. Бири бу йил бир эмас, иккита тўй қилганини айтса, бошқаси меҳнати ортидан яхшигина даромад кўрганини, бирови машина олгани, яна бирови эса фарзандини олий ўқув юртида ўқитаётганини ёки бирор соҳада эришган ютуқларини айтади. Қувончини ўзгалар билан баҳам кўради. Ана шунинг ўзи обод ва озод юртда яшаётгани учун шукроналикнинг бир намунаси эмасми?

Инсоннинг барча орзу-умидлари фарзанд ва унинг истиқболи билан боғлиқ. Фарзанди учун тўйлар қилади, уйлар қуради, уни ўқитиб, бахту иқболини кўради. Юрса ҳам, турса хам Яратгандан юрт тинчлигини, фарзандлар камолини сўраб дуо қилади.

Шу боис юртимизда давлатимиз томонидан ўғил-қизларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан кўпроқ ота-оналар қувонишади десам, хато бўлмайди. Фарзанди таҳсил олиши учун барпо этилаётган ўқув муассасалари, соғлом ва бақувват бўлиб вояга етиши, чиниқиши учун қурилаётган спорт иншоотлари, санъат мактабларида, соғлиқни сақлаш муассасаларида яратилан шарт-шароитлар уларнинг қалбига сурур бағишлаши билан бирга, эртанги кунга нисбатан кўнглида янада ёрқин умидлар чақнайди.

Бугун бу ғамхўрликларнинг самараларини кўриб турибмиз. Халқаро мусобақалар, фан олимпиадалари ва санъат фестивалларида ёшларимиз муваффақиятли катнашаёггани ҳар биримизга чексиз ғурур бахш этади. Яқинда ўтказилган халқаро математака олимпиадасида мамлакатимиз ёшларининг жамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллагани, ёш пианиночи Искандар Мамадалиевнинг Миланда ўтказилган халқаро танловда ғолиб бўлгани ёхуд жажжи Исломбек Синдоровнинг шахматда эришган ютуғи, айниқса, яқинда Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида ёш спортчиларимизнинг 10 та медални қўлга киритгани бутун дунёга ўзбекнинг салоҳиятини яна бир карра намоён этди. Айтинг, бу жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган фозилу донишманд ота-боболаримизнинг издошлари етишиб чиқаётганидан далолат бермайдими?

Энг муҳими, юртимизда ёшлар учун кенг имкониятлар яратилган. Ундан унумли фойдаланган, олға интилган ўғил-қиз борки, мақсадига эришаяпти.

Ёш ниҳоллар қуёш ҳароратидан баҳра олиб кўкка бўй чўзади, азим дарахтларга айланади. Фарзандларимиз, мурғак ўғил-қизларимиз ҳам худди шу ниҳоллардек кун сайин, соат сайин ўсиб улраймоқда. Улар билан бирга юрт номи ҳам оламга кенгроқ таралмоқда. Шундай истеъдодларни улғайтираётган юртга, унинг меҳнаткаш одамлари-ю, шижоатли фарзандларига ҳеч қачон кўз тегмасин.             

ҚУТЛУҒ МАКОН
 
Кўп ошиқма, юрагим,
Ерни тўпдек қучмоққа.
Бор қитъанинг устида
Тарлон бўлиб учмоққа.
 
Гарчи чархда бир парча,
Айрилма шу кулбадан.
Йироқларда биз учун
На фахр бор, на Ватан.

 

 

Анвар ОБИДЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири.

You must be logged in to post a comment Login