Ўзбекистоннинг одам савдосини олдини олишдаги тажрибаси

Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» номли улкан стратегик аҳамиятга молик асарида хдқли равишда «… Енгил йўл билан жуда катта бойлик орттириш шарпаси турли мамлакатлардаги жиноятчи унсурларнинг бирлашишига, халқаро жиноий ҳамжамиятлар пайдо бўлишига олиб келишини кўрсатувчи мисоллар бутун дунё амалиётида етарли», деб таъкидланган эди.

XXI асрда глобал тус олган одам савдоси трансмиллий жиноятчиликка айлангани Президентимизнинг фикрини яққол исботлаб турибди. Мазкур муаммони ўрганиш бўйича 155 мамлакатда ўтказилган кузатувлар ҳам бундан далолат беради. БМТ Бош ассамблеясининг 63-сессияси раиси Мигель Дъэското Брокманнинг эътироф этишича, одам савдоси халқаро жиноий гуруҳларга йилига 32 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад келтирмоқда.

Айрим экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, дунё бўйича 200 миллиондан кўпроқ одам замонавий қулчилик қурбонига айланган. Ушбу чегара билмас жиноятчилик ҳозирги кунда 127 давлатда кенг тарқалган.

Халқаро ҳамжамият томонидан трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича глобал тизимнинг яратилганлиги мамлакатимизда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилинишига эҳтиёж туғдирди. Ушбу қонун 2008 йил 18 апрелдан кучга кирган. Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан Республика Идоралараро комиссияси Низоми ишлаб чиқилиб, ушбу Низом асосида бугунги кунда муваффақиятли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Айтиш керакки, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонунда одам савдосига қарши курашиш, одам савдоси ва одам савдоси билан шуғулланувчи шахс тушунчалари қўлланган бўлиб, улар қонунчиликка атама сифатида ҳам киритилган. Бунга кўра, одам савдоси дейилганда, «куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш» англашилади.

Қонунийлик, одам савдоси билан шуғулланувчи шахслар жавобгарлигининг муқаррарлиги, мазкур жиноятдан жабрланганларнинг камситилишига йўл қўймаслик ва ижтимоий ҳамкорлик сингари принципларга асосланадиган одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари сифатида Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаб қўйилган. «Одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолият»ни мувофиқлаштириш учун одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий бўлимлари тузилган. Шунингдек, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ихтисослаштирилган муассасалар ташкил этилган.

Айтиш керакки, одам савдоси жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори. Чунки у инсон соғлиғи, ҳаёти ва бошқа ҳуқуқларига тажовуз этади, ёшлар маънавияти, ахлоқини бузади. Шу сабабли Жиноят кодексининг «Одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш» деб номланган 135-моддаси янги таҳрирда «Одам савдоси» деб ўзгартирилди. Ушбу модда уч қисмдан иборат бўлиб, уларда жиноий хатти-ҳаракатлар белгилари аниқ кўрсатилган. Унинг иккинчи қисмида жавобгарликни оғирлаштирувчи 10 та ҳолат назарда тутилган, учинчи қисмида эса жавобгарликни ўта оғирлаштирувчи 4 та ҳолат кўрсатилган. Жиноят кодексининг 135-моддаси биринчи қисми бўйича қамоқ жазоси 3 йилдан 5 йилгача (аввалгисида 6 ойгача), иккинчи қисмига кўра, 5 йилдан 8 йилгача (аввалгисида 5 йилгача), учинчи қисми санкциясида 8 йилдан 12 йилгача (аввалгисида 5 йилдан 8 йилгача эди) озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Одам савдосининг олдини олиш борасида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги «Баркамол авлод тарбиясида таълим муассасаси, оила ва мактаб ҳамкорлиги тўғрисида»ги 175-сонли қарори катта имкониятларни очиб берди. Бу таълим муассасаси, оила ва маҳдлланинг педагогик профилактика имкониятларидан самарали фойдаланиш, одам савдосидан огоҳлик тизимини яратиш демакдир. Зеро, одам савдосига қарши кураш самарадорлиги фуқаролик жамияти барча институтларининг ижтимоий педагогик ҳамкорлигига боғлиқдир.

You must be logged in to post a comment Login