МАЪМУРЖОН УЗОҚОВ: ДОВУДИЙ ОВОЗ СОҲИБИ

14

Ўзбек мусиқа санъати ва маданиятига ҳисса қўшган юзлаб улуғ санъаткорларнинг муборак номларини санаб ўтиш мумкин. Яқин ўтган аср қўшиқчилик санъатига назар ташласак, ўнлаб улуғ ҳофизлар бу санъат уммонининг ҳақиқий дарғалари бўлиб, ўзларини қайтарилмас ижролари, довудий нафаслари билан қўшиқчилик оламини безаганларини кузатамиз.

Ана шундай улуғ ҳофизлар дарғаси Ўзбекистон халқ ҳофизи Маъмуржон Узоқовдир. Ўтган асрнинг 50-60 йиллари ўзбек қўшиқчилик санъатини Маъмуржон Узоқовсиз тасаввур қилиш қийин.

Маъмуржон Узоқовнинг овоз қамрови, диапазони жуда кенг бўлиб, ашуланинг даромадида ҳам, миён пардасида яъни ўрта пардасида ҳам, баланд авжида ҳам юқорига юксалиб боради. Бутун бир ижронинг юксак  намунасини кузатамиз. Ашула сўзларини равон етказиб бериш, мусиқий мутаносибликни аниқ пардалардаги ижросини шоҳиди бўламиз.

У Жўрахон Султонов билан 30 йил давомида ҳамнафаслик мактабини яратдилар. Улар биргаликда ижро этган “Ёввойи патнисаки чоргоҳ”, “Боғ аро”, Найлайин”, “Кириб бўстонни кездим”, “Содирхон ушшоқи”, “Эй дилбари жононим” сингари қайтарилмас ижролари ҳозир ҳам юракларни жунбушга келтиради. Кейинчалик устозининг тавсияси билан ўзлари алоҳида ижод қилиши натижасида машҳур бастакор Муҳаммаджон Мирзаев билан ҳамкорликда ўнлаб гўзал ашула ва қўшиқларни яратдиларки, бу ижролар ҳозиргача халқимиз санъат  шинавандалари томонидан эъзозлаб келинади. “Суратинг”, “Ёлғиз”, “Кўзларинг”, “Йўлингда”, “Ёр истаб ва мустаъзод”, “Якка бу Фарғонада”, “Фиғонким”, “Доғман”, “Жонон бўламан деб” сингари ашула ва қўшиқлар, ана шу юксак ижронинг намуналаридир. Бу ижролар ҳозиргача қанчадан-қанча шинавандалар қалбини тўлқинлантириб келади.

Устоз Маъмуржон Узоқов ҳақида ҳар қанча сўзласак камлик қилади. У қўшиқ оламининг осмонида чақмоқдек чақиб, момогулдиракдек  гуриллаб ўтди. Унинг муборак нафаси тинганига ярим асрдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳам ҳеч қайси нафасга ўхшамаган мафтункор овози ҳамон қалбларни ларзага солиб келмоқда. Санъат йўлига қадам қўйган ёшларнинг қанчаси бу нафасдан баҳраманд бўлмоқдалар.

Йиллар қанчалик узоқлашган сари устоз қўшиқларининг қадр-қиммати шунчалик ошмоқда. Айниқса мустақиллик йилларида муҳтарам Юртбошимизнинг Фармони билан устозга “Буюк хизматлари учун” орденининг берилиши барча юртдошларимизни қувонтириб юборди. Бу эътироф халқимизга, санъатимизга қилган ҳалол хизматидан ҳамда муборак нафасларининг сўнмаслигидан далолатдир.

 

You must be logged in to post a comment Login