ФАРЗАНД ТАБАССУМИ – ОИЛА ҚУВОНЧИ

11

Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида  “Фарзанд табассуми – оила қувончи” шиори остида хайрия акцияси бошланди. Ушбу хайрли тадбир “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Туркиянинг T.C. ташкилоти (Тика. Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги) ҳомийлигида ўтказилмоқда.

Акция доирасида 10 октябр куни Туркия давлатидан ҳамда Тошкент Педиатрия тиббиёт институтидан келган 18 нафар малакали мутахассислар томонидан  вилоятимиздаги 199 нафар юз-жағ соҳасида нуқсони бўлган ва куйгандан кейин чандиғи қолган, D назоратида турадиган болалар кўрикдан ўтказилди. Улардан 99 нафари пластик жарроҳлик амалиёти учун ажратиб олинди ва қолган 100 нафар болаларга турли маслаҳатлар берилиб, соғломлаштириш режаси тузилди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида хайрия акциясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ходжаева, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи М.Садиков, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими директори Н.Худойберганов ҳамда Туркиядан келган малакали жарроҳлар сўз олиб, болалар саломатлиги ва уларга қаратилаётган эътибор хусусида ўз фикрларини билдирдилар. Ҳомийлар томонидан болажонларга ҳадя этилган совғалар уларни қувонтириб юборди. Шундан сўнг  шифокорлар томонидан биринчи жарроҳлик амалиётлари бошланди.

– Тиббиёт марказимизда 1-июнь куни болалардаги туғма ва орттирилган нуқсонларни даволаш жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ биринчи хайрия акцияси ўтказилган эди. Шифохонамизда барча қулайликлар яратилганлиги боис, иккинчи хайрия акцияси ҳам  марказимизда ўтказилмоқда, – дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи А.Абдураззоқов. – Профессор жарроҳлар томонидан ўтказилган пластик жарроҳлик амалиётларидан сўнг юз-жағ соҳасида нуқсони бўлган 100 нафарга яқин болаларимиз нуқсонларидан халос бўлишларига умид қиламиз.

Операциялар бир ҳафта мобайнида ўтказилади ва унда кунига 20 тадан болаларни даволаш кўзда тутилган. Хайрия акцияси 18 октябргача давом этади.

You must be logged in to post a comment Login