ҲЎҚАНДИ ЛАТИФ: ҲАЙРАТ ВА ҲАВАС МАСКАНИ

155

Қўқон ва унинг атрофларида сақланиб қолган археологик ёдгорликларнинг тадқиқоти натижасига кўра, бу ерлар эрамиз бошларида манзилгоҳ сифатида фойдалана бошланган. Биринчи марта ёзма манбаларда Қўқон араб сайёҳларининг манбаларида учрайди.  Бироқ у XIII асрнинг йигирманчи йилларида мўғуллар томонидан вайрон қилиниб, сувга бостирилди. Оқибатта мазқур шаҳар кейинги пайтларда тилга олинмай қўйди. Савдо карвонларининг қатнови кўпайиши, қола­верса Қўқоннинг географик жойлашиши уни аста-секин тикланишига сабаб бўл­ган. XVI аср бошларида ҳам шаҳар унчалик катта бўлмай, Бобур Мирзо тили билан айтганда, «Урчин» (шаҳар­ча) ҳолатида эди. Фақатгина XVIII асрга келиб Қўқон бу ҳудуддаги йирик савдо ва иқтисодий марказга айланди. Минглар сулоласи эса уни давлатнинг ҳам маъмурий, ҳам маданий марказига айлантирди. Қўқон шаҳрининг расмий қурилган йили Абдукаримбий даври (1739-65 йй) га  тўғри келади, яъни 1740-45 йилларга. Шундан сўнггина шаҳар хонлик пойтахтига айланди ва ҳақиқий тараққиётга эришди. охирга келиб Қўқонда 620 мас­жид, 52 мадраса, 23 қорихона, 39 карвонсарой, 6 усти ёпиқ умумий бозор ва 10 дан зиёд махсус бозор, миллий меъморчилик анъаналари асосида қурилган 200 дан зиёд ҳашаматли ҳовли ва бошқа кўркам иморатлар мавжуд эди.

Ҳозирда шаҳарнинг диққатга сазовор бўлган меъморий обидалари асосан XIX асрга мансуб. Улар орасида эса, сайёҳлар эътиборини  Худоёрхон ўрдаси, Жомеъ масжид, Даҳмаи шоҳон, Даҳмаи модарихон, Норбўтабий, Миён Ҳазрат, Дастурхончи ва Зинбардорий мадрасалари ўзига тортади.

XIX асрнинг муаззам ва муҳташам обидаларидан бўлмиш Худоёрхон ўрдаси Туркистон заминида мавжуд учта сарой иншоотидан биридир. Манбаларнинг хабар беришича, Саййид Муҳаммад Худоёрхон тахтга ўтиргач, аввал Жаҳоноро саройида истиқомат қилган. Сарой эскириб қолганлиги туфайли, янги ўрда қурдириш фикрига тушади ва 1865 йилдан қурилишга изн беради. Ўрда биноси ўша даврнинг йирик сарой иншоотларидан бўлиб, майдони саккиз гектарни ишғол этган. Атрофи қалъа сифатида баланд бинолар, қалин деворлар билан ўраб олинди. Қалъа атрофига чоҳ қазилиб, Қўқонсойдан чиқарилган анҳор оқизилиб, яна сойга ташланади.

Иншоот тўрт таркибий қисмдан иборат бўлган: Ташқи сарой (қалъа), ўрта сарой, боғ ва ич­­ки сарой. Ҳар бир қисмнинг шарқ томонга қараган ва бир ўқ йўналиши устида жойлашган ўз дарвозаси бор эди. Биринчи дарвоза ҳозирги боғнинг рамзий дарвозаси ўрнида бўлган.

Сарой 1873 йилда қуриб битказилган ва унинг пештоқида ушбу сана ёзиб қўйилган. Унинг бош меъмори Мир Убайдулло Муҳандис, қурилиш саркори эса Муҳаммад Турдиали уста эди. Унинг ташқи рангин безакларига риштонлик машҳур кулол Уста Абдулло масъул бўлган. Бинонинг бугунги чиройи шу кишининг меҳнатлари маҳсули ҳисобланади.

Жомеъ масжиди қурилишининг илк тарихи Қўқон хони Саййид Муҳаммад Олимхон номи билан боғлиқ. Олимхон даври (1798 – 1810 йй.) га келиб шаҳар Жомеъ масжиди жуда эскириб, нуфузи ўсиб келаётган аҳоли учун торлик қилиб қолган эди. Олимхон янги масжид қуриш борасида кўпни кўрган кексалар билан маслаҳат қилганларида, улар мавжуд Жомеъ азалдан шу ерда жойлашганлигини айтадилар. Олимхон Жомеъни вақтинча «Мир» мадрасаси­нинг катта ҳовлисига кўчириб, эски Жомеъ ўрнида қурилишни бошлатиб юборади. Бироқ, иморат одам бўйи кўтарилганда унинг қурилиши тўхтататиб қўйилади.

Саид Муҳаммад Умархон (1810 – 1822 йй.) даврига келиб 1816 йилда қурилишни янгидан бошлайди. Қурилиш 1818 йилда ниҳоясига етади. Бу ҳақда муаррих Маҳмуд Ҳаким Яйфоний «Хулласи ут-таворих» асарида шундай ёзади: «… Ва замони майманатосори Амир Умархонни замонида Умархон иморати қадимани жойига иморат бино қилди, бинобарин «Боз Жомеъи зуҳур» моддаи таърих бўлди».

Иншоот нафақат Жомеъ масжиди, балки мадраса вази­фасини ҳам ўташи лозимлиги мўлжалланганлигини эслатиб ўтишимиз жоиз. Аксарият манбаларда у «Мадрасаи Жомеъ» номи билан юритилади.

Масжид ҳовлисининг қоқ ўртасида баландлиги 22,5 метр келадиган минора қад кўтарган. Минорадан ҳар тўрт тараф ташқи деворигача бўлган масофа роппа-роса 44 метрдир. Минора учи қирқилган конус шаклида бўлиб, юқори қисми, яъни мезанаси 6 қирралидир. Юқорига чиқиш учун айланма зинапоя қилинган. Минора мусулмон ғишт билан урилган. Нақш ва безаклардан ҳоли.

Масжид улкан айвон ва унинг ичидаги хонақоҳдан иборат бўлиб, айвоннинг узунлиги 97,5 метр, эни 25.5 метрдир. Ҳонақоҳ айвоннинг ичига, унинг қибла деворига ёндаштириб қурилган. Деворлари ғиштдан урилган бўлиб, ганч билан сувалган. Ҳонақоҳ ва айвонинг шифти Қуръони Карим суралари сонига мослаб, 114 тоқига бўлинган. Ҳар бир тоқи ўзига хос ислимий нақшлар билан безатилган бўлиб, бир-бирини такрорламайди. Бино шифтини 98 устун кўтариб туради.

Шоир Фазлийнинг таъкидлашича, айвон устунлари кумуш суви билан, муқарнаслар эса зархал билан бўялган.

Норбутабий даврига (1766-1798 йй) келиб, Қўқон хонлиги кенгайди. Салтанат қувватга кирди. Қўқонга бу даврда Бухородан Уста Қосим ва Муҳаммад Солиҳ таклиф қилинди.

Меъморлар мадраса учун Чорсу майдонидан бир оз шимолроқдаги «Булжор»  майдони­нинг бир четини танланади. Ҳозир бу майдон Янги Чорсу деб аталади. Икки йил мобайнида майдон отлар туёғи, одамлар оёғи остида яхшигина шибба­лангач, қурилиш ишлари бошланди. Мадраса 1798 йилда, Норбутабийнинг вафотига яқин битди.

Норбутабий Қўқон хонлари ичида энг узоқ ҳукм сурган, энг одил ва саҳоватли ҳукмдор эдилар. У кишининг даврларида салтанатда тинчлик осойишталик, тўкинчилик, арзончилик нозил бўлди. Атроф ўлкаларда кўплаб қабила ва элатлар Фарғонага кўчиб келиб, бу ердаги меҳр оқибат, тўкинчиликдан баҳраманд бўлдилар. Шу туфайли масжид очилиши маросимида хонликнинг йирик аллома-уламолари Норбутабийга «Амир ал-муслимийн» унвонини бериб, мадрасани «Мадрасаи Амиралмуслимийн» деб номладилар. Халқнинг ҳар бир иборани ихчамлаштиришга иштиёқи туфайли мадраса номи ихчамланиб «Мадрасаи Мир» шаклида қолди. Мадраса номи расмий доиралар ва ҳужжатларда «Мадрасаи Мир» деб аталган бўлсада, халқ ичида «Норбутабий мадрасаси» деб юритилган.

Мадраса иншоотида бир неча марта таъмир ишлари олиб борилган. Мустақиллик йилларигача мадрасаси биноси Қўқон воҳасидаги ягона масжид бўлиб келди.

Дахмаи шоҳон – Шоҳлар даҳмаси Қўқон хонлари сулоласи Норбутабий бўғини мақбараси­дир. Сулоланинг Норбўтабийдан олдин яшаб ўтган вакиллари шаҳарнинг Қадамжой мозор деб аталадиган қабристондаги алоҳида даҳмага дафн этилганлар. Шунингдек Норбўтабий бўғинидан кейин ҳокимиятга келган Хожибий бўғинининг бир қанча вакиллари ҳам мазқур Қадамжой мозордан жой олганлар.

Қўқон ҳукмдори Норбўтабий вафот этгандан сўнг Катта қабристонга дафн этилган. У «Танам ҳокка айланиб, тупроққа қорилиб кетмагунча қабримнинг устига иморат қурманглар» деб, васият қилганлиги учун фарзандлари мақбара қуришга шошилишмаган.

Ниҳоят, 1822 йилда Умархон уламолардан фатво олиб, даҳма қуриш ишига киришади. Бироқ пойдевор бит­ган пайтда унинг ўзи вафот этади. Бу ишни унинг ўғили Муҳаммад Алихон ва рафиқаси Мох­лар­ойим давом эттиради. Хонликнинг машҳур меъмор-усталари жалб қилиниб, Моҳларойим шахсан ўзи қурилишга раҳнамолик қилган. Шу туфайли муаррихлар даҳма қурилишини Моҳларойим номи билан боғлашади. Даҳма қурилиши 1824 йилда якунланди.

Норбўтабийнинг васиятига кўра, ҳилхона усти ёпилмаган. Ҳилхонада Норбўтабий, Умархон, Олимхон, Аминхоннинг қабрлари бор. Улар орасида атрофи ўралиб усти ёпилган ва туйнукларига панжара тутилган қабр хонзода Аминхоннинг қабридир. У Норбўтабийдан бир неча ой олдин вафот этган бўлиб, қабр устидаги оқ мармар тошга марсия-тарих гўзал ҳуснихат билан ёзиб қўйилган.

Мусулмонларда аёллар ва эркакларни бир ҳилхонага қўйиш урф бўлмаган. Қўқон хонли­ги­нинг маликалари Қадамжой Мозордаги алоҳида ҳилхонага дафн этиб келинган эди. Норбутабий ва унинг авлодлари учун Катта қабристонда янги даҳма қурилгач маликалар учун ҳам янги даҳма қуриш маъқул топилди. Даҳмаи Модарихон қурилиб битган пайтда ҳонақоҳ, чиллахона, қорихона, ҳилхона ва ошхона каби таркибий қисмлардан иборат эди. ХХ асрнинг 30- йилларидаги бузғун­чилик оқибатида даҳманинг катта қисми шу жумладан ҳилхона ҳам вайрон қилиниб, қабрлар ҳам текислаб юборилди. Иншоотдан ҳонақоҳ вазифасини ҳам бажарувчи дарвозахонагина сақланиб қолди. Дарвозахонанинг ўлчамлари 7,5Х8,7 метрга тенг.

Даҳмани аёлларга мўлжалланганлигини ҳисобга олиб, усталар бор санъатларини ишга солган­лар ва ниҳоятда гўзал иморат яратганлар. Айниқса пештоқ гўзал ва нафис чиққан. Дарвозанинг юқори қисмига меҳроб кўринишидаги равоқ қилинган. Равоқ ганч билан безатил­ган. Равоқнинг икки бурчаги нафис ислимий нақшлар билан жилоланган. Равоқнинг икки чети кошин ва парчин (мозаика ва майолика) билан паргори-гирих услубларда безатилган. Пештоқнинг икки четини олти қиррали устунсимон ишланган буржлар чегаралаб туради. Пештоқ парчинларидан бирида иморатнинг қурилган санаси «Сана 1241 (милодий 1825)» кўрсатилган.  

Миён ҳазрат мадраса 1869 йилда, Қўқон хонларининг пири Миён Фазл Аҳад Халилулло – Соҳибзода Ҳазрат томонидан қурилган. У 1825 йилда Қўқон хонларининг таклифига биноан Пешавор шаҳридан кўчиб келган эди. Соҳибзода Ҳазрат 1860 йиллар ўртасида Пешавордан катта мерос маблағ олиб, мадраса қурилишини бошлаб юборган. Мадрасанинг асосий пештоқи жанубий ҳовлининг ғарбига қараган бўлиб, бинога гумбазли дарвозахона орқали кирилади. Дарвозахонага ёндошган ҳужраларда ҳозирги пайтда Муқимий ҳужра музейи жойлашган. Жанубий ҳовлиниг майдони 32х26 метр бўлиб, ҳужралар билан ўралган, бошқа ҳовлиларга чиқиш учун йўлаклари бўлган. Ҳовлининг жанубий томонида тўсинли том билан ёпилган масжид ва ўшанга яраша минора қурилган. Ғарбий ҳовли ҳужралар ва дарсхоналар билан ўраб олинган.

Дастурхончи мадрасаси 1833 йилда Маҳмуд Дастурхончи Муҳаммад Жаноқи ўғли томонидан қурдирилган. Меъморий ечимига кўра мадраса биноси «қўшҳовли» услубида қурилган. Ичкари ҳовлида толиби илмлар учун ҳужралар, ташқи ховлида эса дарсхоналар, масжид ва хўжалик хоналари бўлган. 1912 йилги маълумотга кўра мадрасада жами 35 ҳужра бўлиб, 68 толиби илм истиқомат қилган.

Зинбардорий мадрасаси саркарда Муҳаммад Аминбек Митон Каримқули Зинбардор ўғли томонидан 1827 йилда Исфара гузари марказида қурилди. Қурилишга машҳур меъмор Мулла Худоёр Маҳвий раҳбарлик қилди. Мадраса иншооти хонакоҳ (масжид), олтита ҳужра, тўрт дарсхона, мударрислар хонаси ва ёрдамчи хоналардан иборат бўлган. Бино пишиқ ғиштдан қурилиб, ташқи томон ангоб усулида пардозланган, хоналарганч билан сувалган. Шифти ўзига хос равоқ ва васса усулида ёпилиб, гўзал нақшлар билан безатилган.

You must be logged in to post a comment Login