Ўзбекистон жаҳонда пахта етиштириш бўйича олтинчи, уни экспорт қилиш бўйича бешинчи ўринда туради

22c

Ўтган йиллар мобайнида пахтачилик соҳасида амалга оширилган тизимли ишлар натижасида жаҳон бозорида ўзбек толасига талаб тобора ортиб боряпти. Бундай ютуқлар замирида, аввало, ҳудудлар иқлимига мос чидамли навлари яратилгани, шунингдек, янгича технологиялардан самарали фойдаланиш, маҳсулотнинг сифат ва техникавий жиҳатларини янада яхшилаш, қайта ишлаш жараёнларини муттасил ривожлантириб боришга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар мужассам.

Тошкентда 13 октябрь куни Ўзбекистон Президент Ислом Каримов ташаббуси билан иш бошлаган Х Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси йилдан йилга мазмунан бойиб бораётгани, унинг халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлаётганини кўрсатади.

Бундан 10 йил муқаддам ушбу тадбирда 26 давлатдан 200 нафар иштирокчи қатнашган бўлса, бугунги кунга келиб у эликка яқин мамлакатдан 1000 дан ортиқ пахта ва тўқимачилик саноати вакиллари, селекционер олимлар, тадқиқотчилар, ушбу соҳа мутасаддиларининг ўзаро мулоқот майдонига айланди.

Ўн йилдирки бу ерда дунёнинг турли мамлакатларидан пахта ва тўқимачилик саноати вакиллари, трейдерлар тармоқни ривожлантириш тенденциялари, жаҳон бозоридаги нархлар коньюнктурасини муҳокама этиш, Ўзбекистон пахта саноати билан танишиш, пахта толаси ва ундан тайёрланган маҳсулотларни етказиб бериш бўйича бевосита шартномалар тузиш имконига эга бўлмоқда. 

Р.Батлер, «Cotton Outlook» халқаро агентлигининг бошқарувчи директори:

– Мен учун мана шундай кенг қамровли форумда қатнашиш катта фахр ҳисобланади. Биз кўп йиллардан буён Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда мамлакатнинг тегишли тизилмалари билан ҳамкорлик қилиб келамиз. Биз сўнгги мақоламизда енгил саноат тизимида тармоқни янада ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган дастурни таҳлил қилдик. Шуниси эътиборлики, амалда фаолият кўрсатаётган ва қурилаётган пахтазаводлар пахтани қайта ишлаш корхоналарини модернизациялаш, техник ишлаб чиқаришни ривожлантириш жаҳонда ўзбек толасига талабнинг ошишида муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, мазкур мақолада Ўзбекистонда пахтачилик соҳаси прогноз кўрсаткичларининг ҳар бир жиҳатига алоҳида тўхталиб ўтдик. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, 2020 йилга бориб мамлакатда пахтани қайта ишлаб чиқиш салмоғи умумий ҳосилнинг салкам 70 фоизини ташкил этади. Чунки соҳа давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Агар бундан 10 мавсум олдин олинган пахта хом ашёсининг 900 минг тоннаси экспортга йўналтирилган бўлса, ўтган 2013 йилда бу кўрсаткич сезиларли равишда камайиб, 600 минг тоннага тушган. Яна бир муҳим омил, бугун республика ип-калава экспорти бўйича анча ривожланиб, илгарилаб кетди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги 10 йил давомида Ўзбекистон пахтасини экспорт қилиш географияси ҳам анча кенгайди. Масалан, 2000 йилда асосан Европа давлатларидаги бозорларда сотилган бўлса, кейинги вақтда Хитой, Бангладеш ва Жануби-Шарқий Осиёнинг бошқа мамлакатларига ҳам экспорт қилинмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимиз жаҳонда пахта етиштириш бўйича олтинчи, уни экспорт қилиш бўйича бешинчи ўринда туради. Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги саъй-ҳаракатлари пахта толасини ишлаб-чиқариш бўйича янги технологияларни жорий қилиш, унинг сифат ва техник хусусиятларини яхшилаш, енгил саноатни янада ривожлантириш, хомашёни чуқур қайта ишлашни кенгайтириш ва қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган. 
Ўзбекистон селекционерлари томонидан 107 янги пахта нави яратилган, улардан 27 таси давлат реестрига киритилган ва юртимизнинг турли вилоятларида экиш учун тавсия қилинган. Олимларимиз селекция ишларини режалаштиришда иқлим шароитларини инобатга олиб, толанинг юқори унумдорлиги ва сифати, шўрланиш ва нам етишмаслиги, касаллик ҳамда зараркунандалар ва юқори ҳаво ҳароратига чидамлилигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. 

Республикада 90-йилларда пахта толасини қайта ишлаш ҳажми атиги 7 Алоис Шонбергер, “Cottonex Anstalt” компанияси бошқарувчи директори (Австрия): 

– Ушбу халқаро пахта ва тўқимачилик ярмаркасида ҳар йили иштирок этамиз. Чунки анжуман юқори сифатли пахтани воситачиларсиз харид қилиш учун яхши имконият беради. 

Ўзбекистон пахтаси толасининг узунлиги, пишиқлиги, микронейр кўрсаткичлари бўйича дунёда юқори ўринда туради. Шу боис жаҳонда унинг харидорлари тобора кўпайиб бормоқда. Буни Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси нуфузи ва иштирокчилари сони йил сайин ортаётганида ҳам кўриш мумкин. 

Ярмарка доирасида пахта навларини кўздан кечириб, узоқ муддатга етарлича хомашё олиш бўйича музокара олиб боряпмиз. Ўзбекистон пахтасини кўпроқ сотиб олишдан манфаатдормиз. 

Сью Зивей, Хитой миллий пахта гуруҳи корпорацияси бош менежери ўринбосари: 

– Жаҳон пахта бизнесида катта нуфузга эга мазкур ярмаркада тўртинчи бор иштирок этмоқдамиз. Ўзбекистон пахтаси ўзининг жуда пишиқлиги, юксак сифати билан бутун дунёдан харидорларни жалб этмоқда. Биз ҳам Ўзбекистондан шу йилнинг ўзида йигирма минг тонна пахта толаси сотиб олдик. Мазкур ярмарка давомида мамлакатингизда пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш жараёни, унинг турлари ва ҳосилдорлик даражаси каби кўплаб маълумотларга эга бўлаётганимиздан жуда хурсандмиз. 

Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётгани барчага маълум. Мамлакатингиз юксак иқтисодий кўрсаткичларга эришиб, дунё ҳамжамиятининг эътиборини тортмоқда. Ўзбекистонда фаол ва муваффақиятли бизнес юритиш учун яратилган қулай ишбилармонлик ва сармоя муҳити бошқа мамлакатлар қатори хитойлик тадбиркорларнинг ҳам ҳамкорликка қизиқишини кучайтирмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги алоқалар юксак суръатларда тараққий этаётгани ҳар соҳадаги ўзаро муваффақиятли ҳамкорлигимизнинг муҳим омили бўлаётир. 

Шоуптик Праманик, “Agrocorp” компанияси трейдери (Сингапур): 

– Компаниямиз пахта савдоси билан шуғулланади. Биз дунёнинг турли мамлакатлари билан ҳамкорлик қиламиз. Ўзбекистон пахта ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринда туради. Мамлакатингизнинг бу борадаги салоҳияти ва нуфузи тобора юксалиб бораётгани эътиборга сазовор. Юксак савияда ташкил этилган ушбу халқаро форум дунёнинг турли мамлакатларидан келган пахта бизнеси вакилларини бирлаштирган ҳолда улар ўртасида ўзаро фикр ва тажриба алмашувини такомиллаштириш баробарида Ўзбекистоннинг пахта саноатида эришаётган ютуқлари билан танишиш имконини бераётир. 

Ўзбекистон пахтаси харидорларга ҳар жиҳатдан маъқул келмоқда. Ўз ҳамкорларининг ишончини қозониб улгурган ўзбекистонлик шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ниятидамиз. 

Али Саидий, “Trading Asia Europe” компанияси бошқарувчи директори (Эрон): 

– Компаниямиз пахта экспорти ва импорти билан шуғулланади. Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ҳар йили ўтказилаётган ушбу халқаро пахта ярмаркаси пахта етиштирувчилар билан харидорлар ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. Саккиз йилдирки, Ўзбекистондан мунтазам пахта толаси харид қиламиз. Мазкур нуфузли анжуманда мутахассислар ва саноатчиларнинг мамлакатингиз ишбилармонлари билан музокара олиб бориши ва шартномалар тузиши учун зарур қулайлик ва имкониятлар яратилади. 

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик пахтачилик саноати соҳасида ҳам изчил тараққий этмоқда. Ўзбекистон пахтаси дунёдаги энг сара ва аъло сифатли пахта ҳисобланади. Шу боис бошқа ишбилармонлар қатори эронлик тадбиркорлар ҳам ўзбек пахтасига катта қизиқиш билан қарайди. Ўтган йилги ярмаркада минг тоннадан зиёд пахта харид қилган эдик. Жорий йилда бундан ҳам кўпроқ ҳажмдаги шартнома имзолашни ният қилганмиз. 

Бентон Кепти, “Azzurro Project” компанияси вакили (Италия): 

– Компаниямиз кийимлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ўзбекистон пахта бозорига катта қизиқиш билан қараймиз. Ҳар гал ушбу ярмаркага келганимизда, мамлакатингизда пахтачилик ва тўқимачилик саноати жадал ривожланиб бораётганининг гувоҳи бўламиз. X Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси мамлакатингизнинг жаҳон пахта бозорида етакчи ўринлардан бирида туришини тасдиқламоқда. 

Халқаро талабларга тўла жавоб берадиган Ўзбекистон пахтаси юксак сифати билан жаҳонда тобора кенг шуҳрат қозонмоқда. Ярмаркада намойиш этилаётган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кўплаб турдаги тўқимачилик маҳсулотлари мамлакатингизда енгил саноат ҳам жадал тараққий этаётганидан далолат беради. 

Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси пахта етказиб берувчилар ва харидорларнинг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, ўзаро фойдали алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Анжуманда соҳадаги энг сўнгги янгиликлар билан танишиш имкониятига эга бўлаётганимиздан мамнунмиз. 

Масудужжаман Масум, “Cotton Valley International” компанияси бошқарувчи директори (Бангладеш): 

– Ушбу нуфузли ярмаркада илк марта иштирок этмоқдаман. Ўзбекистон пахтасининг сифати аъло даражада ва бу ҳақда бугун бутун дунё билади. Бангладешда Ўзбекистон пахтасига талаб йил сайин ошиб бормоқда. Биз узоқ йиллардан буён Бангладеш тўқимачилик саноатида Ўзбекистон пахтасидан фойдаланиб келамиз. 

Мамлакатингизда пахта етиштириш, қайта тайёрлаш, харидорларга етказиб бериш жараёнидаги барча ишларга юксак масъулият ва эътибор билан ёндашилишининг гувоҳи бўлдик. Ушбу ярмарка Ўзбекистон пахта толасини воситачиларсиз, тўғридан-тўғри сотиб олиш учун қулай имкониятдир. Бу ерда пахтанинг кўплаб навлари намойиш этилмоқда. Биз ўзимиз учун зарур навларни танлаб оляпмиз. 

Юксак савияда ташкил этилган X Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси мамлакатингиз пахтачилигидаги сўнгги ютуқлар, хомашёни етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш жараёни билан яқиндан танишиш имконини бермоқда. Анжуманда жаҳон пахтачилигидаги ўзгаришлар, янги тенденциялар юзасидан батафсил фикр алмашмоқдамиз. 

You must be logged in to post a comment Login