ФАРҒОНА: ТАРИХ НИМАЛАРДАН ДАРАК БЕРАДИ?!

251

Табиатининг фусункор ва бетакрор гўзаллиги билан барчани ўзига мафтун этувчи Фарғона водийси нафақат Ўзбекистоннинг, балки Марказий Осиёнинг гавҳаридир. Бағри сир-синоатга бой бу масканнинг Фарғона деб номланиши турлича баён этилади. «Фарғона» сўзи илк ўрта асрларда Сўғд ёзуви билан «Парғана», «Прағана» шаклида ёзилганлиги маълум. Бу сўз ҳинд-санскрит тилида «кичик вилоят», «атрофи берк тоғли жой», деган маъноларни билдиради. Эрамиздан аввалги II асрларда Фарғона «Довон», деб аталган бўлса, илк ўрта асрларда «Боҳан», «Боҳанна» номлари билан тилга олинади. Унитмаслик керак-ки, бу уч атама Хитой тилида ифодаланган бўлиб, уларнинг маҳаллий тилдаги таржимасини ангалш мушкул, албатта. Фақатгина арабалар босқинидан кейин водий ҳозирги ном билан аталадиган бўлди.

Фарғона водийси Ўзбекистоннинг жанубий-шарқида, экватордан 4,5 минг км узоқда жойлашган водий бўлиб, ҳақиқатдан ҳам салобатли Тян-Шан ва Ҳисор-Олой тоғ тизмалари билан ўралиб туради. Ғарбдан тор йўлак кенглиги 9 км бўлган Хўжанд дарвозаси орқали Мирзачўл текислиги билан туташиб туради. Водийнинг узунлиги 370-375 км, кенглиги 170-190 км ни, умумий майдони 22 минг кв. км.ни, атрофини ўраб турган тоғлар билан бирга 77,9 минг кв. км.ни ташкил этади. Фарғона водийси ғарбга томон нишаб жойлашган. Агар водийнинг ғарбий чеккаси денгиз сатҳидан 320 – 340 метр баланд бўлса, бу кўрсатгич водий шарқидаги Ўш шаҳрида 1000 метрга етади.

Водийнинг иқлими иссиқ, ёзи қуруқ ва узоқ бўлади. Қиши эса юмшоқ ва қисқа давом этади. Ёғиннинг тақсимланиши дарё турларига бевосита боғлиқ ва водийнинг тўрт томонидаги тоғлардан узунлиги 28 минг км.ли, жами 6500 та дарё ва сойлар оқиб тушади.

Водийда учта мустақил республиканинг 7 та вилояти жойлашган. Шундан учтаси – Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари Мустақил Ўзбекистоннинг вилоятлари бўлиб, у­лар асосан водийнинг паст текисликларини эгаллаган. Ушбу вилоятлардаги аҳолининг умумий сони 8 миллион кишидан ортиқ.

Фарғона водийси ўзининг бетакрор табиати билингана эмас балки, ўзига ҳос бой маданий мероси билан ҳам довруғ қозонган.

Марказий Осиёдаги энг қадимги одам яшаган манзилгоҳ ҳам айнан Фарғо­надан топилган. Сел унгурдаги (Фарғона шаҳридан 80 км жанубда) «Ферганторп» — одамининг яшаб ўтган даври олимлар томонидан камида бир ярим миллион йил аввал, деб таъкидланмоқда. Фарғона водийсининг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида полеолит даврининг барча босқичларига мансуб манзилгоҳларни кўплиги, бу ўлкани қадимданоқ одамлар томонидан эгалланганлигини кўрсатади.

Фарғонанинг ўзига хос географик муҳити, қўшни халқлар билан алоқанинг чегараланганлиги ва бошқа бир қанча омиллар бўлишига қарамай водий мавъум бўлиб қолавермаган. Қадим замонларданоқ Фарғона водийси аҳолиси Узоқ Шарқ, Жанубий ва Марказий Осиёнинг бошқа халқ­лари билан узвий маданий алоқада бўлиб келган. Водий ҳудудида жуда кўплаб учрайдиган «Андронов маданияти» (эр.ав. III-II минг йиллик) ни эслатувчи ашёлар ёки Сўх туманидан топилган «Икки бошли илон» тумори бунга мисолдир. Шунга қарамай буюк ипак йўли очилгунга қадар Фарғона водийсининг маданий тараққиётида ўзига хослик сезилиб турган. Водийдаги «Чуст», «Қайроққум», «Эйлатон», «Шурабашат» ва «Оқтом-қо­ра­бу­лоқ» маданиятлари ўлканинг ўзига хос маданий ривожланиш бос­қич­ларини бошдан кечирганлигини кўрсатади. Фарғонада бу даврларнинг жанг ва меҳнат қуроллари, уй-рўзғор буюмлари ва бошқа ашёлар Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудидаги топилдиқларидан фарқ қилиб туради.

Буюк ипак йўлининг очилиши муносабати билан Фарғона халқлари турмушида Хитой маданиятининг таъсири сезила бошлаган. Фарғонада бронза ойнаклар, тангалар, ипак матолар, темир қуроллар ва бошқаларнинг пайдо бўлиши бевосита буюк ипак йўлининг самарасидир. Ёки аксинча, айнан шу йўл туфайли Фарғонада эрамиз бошларида наслдор отлар, туялар, майда чорва ҳайвонларининг етиштирилиши, қимматбаҳо металларнинг (олтин ва кумуш) мўллиги, узум, пахта, буғдой, маккажуҳори, шоли ва бошқа донли экинларнинг ўстирилиши бутун дунёга маълум бўлган. Водийда шу даврга оид шаҳар-қўрғон кўринишидаги манзилгоҳларнинг кўп­ли­ги эса, меъморчилик ва шаҳарсозлик технологиясининг тараққий этганлигидан далолат беради. Аҳамиятли жойи шундаки, бу ерда эрамиз бошларида давлатчиликнинг илк кўринишидаги жамият мавжуд бўлган. Зотан, бу жамият фаолияти Марказий Осиёнинг бош­қа давлатларидаги идора усулига ўхшаб кетсада, оқсақоллик кенгашининг роли катталиги билан фарқ қилиб турган.

Савдонинг ривожланиши натижасида пул муомаласи йўлга қўйилди. Фарғонада Хитой, Сўғд, Кушон ва маҳаллий пул бирликлари муомалада бўлган. Кичик шаҳарлар ўзларининг майда пул бирликларига эга бўлганлиги ҳам тарихдан маълум. Пул зарб қилиш учун мис ва бронза асосий хом ашё бўлиб хизмат қилган. Олтин ва кумушдан зарб қилинган пуллар ноёб пул бирликлари жумласига кирганлиги учун ниъоятда қадрланган.

Илк ўрта асрларда Фарғона Марказий Осиё билан Хитой ўртасидаги кўп­рик­лардан бири бўлиб қолди ва бу ердаги ижтимоий-сиёсий муҳит ҳам шу икки ҳу­дуднинг таъсири остида тез-тез ўзгариб турди. Фарғонада илк ўрта асрларда эл­линизм маданияти таъсири сезилган ҳолда маҳаллий маданий мероснинг Хитой ма­данияти билан уйьунлашуви натижасида ўзига хос маданий муҳит вужудга келади.

Айнан шу даврда Фарғонанинг қадимий динлари (шомонийлик, оташ­па­раст­лик) қаторига буддавийлик, насронийлик ва монийлик динлари келиб қўшила бошлади. Араблар босқинига қадар юқоридаги ҳар бир дин Фарғонадан ўз тараф­дор­ларини топган ва ҳар бири мустақил равишда фаолият кўрсатган. Эътиборли томони шундаки, бу динлар ўртасида гегемонлик учун кучли қураш бўлмаган. Шунинг учун ҳам бу даврнинг уй-рўзғор буюмлари, меҳнат қуроллари, косметик жиъозлари ва кийим-кечакларида динлар таъсирида вужудга келган турли-туманликни кузатиш мумкин.

Бу давр­да пул муомаласи кўпроқ маҳаллий пул бирликлари асосида олиб бориладиган бўлган. Фарғона пуллари Хитой ва Сўғд пул бирликларидан андаза олиб зарб қилинарди. Кўпинча Сўғд пулларига Фарғона ҳукм­ дорларининг номлари ва унвонлари ёзилиб, ўртаси тўрт бурчак шаклда тешик бўлган. Эрамиз бошларида бўлгани каби, айрим шаҳарлар ўзининг майда пул бирликларини зарб қилган. Улар ҳажм ва вазн жиҳатидан давлат пулларига нисбатан кичик ва енгил бўлган. Бу даврда қимматбаҳо металлардан ясалган пулларни кўпроқ учратиш мумкин. Айниқса кумушдан оммавий равишда пул зарб қилиш кучли давлатлар қудратининг рамзи бўлиб қолган. Шунинг учун Бухорхудотларнинг кумуш тангалари бутун Марказий Осиёда кенг муомалада бўлган.

Илк ўрта асрларда Фарғонага Хитой чиннилари ва Яқин шарқ шиша буюм­лари кириб келди. Бунинг натижасида Фарғона ҳунармандлари ҳам чинни ва шиша буюмларни ясашни ўзлаштириб олишди. Бундай буюмлар ишлаб чиқа­ришга ихтисослашган маҳаллалар вужудга кела бошлади. Бундай устахона-маҳал­лаларни Ўзган, Ахсикент ва Қува шаҳристонларида учратиш мумкин.

Ислом дини кириб келиши билан Фарғона водийси Марказий Осиё давлат­ларининг ажралмас қисмига айланди. Бу давр буюмлари эса, ислом таълимоти талабларидан келиб чиқ­қан ҳолда маълум бир қолипга тушди. Буюмларда қатoий талаб – илоҳий мавжудодларнинг ифодаланмаслиги, шаклларни ислом тарьиботидан келиб чиққан ҳолда безаш, ҳатто буюмларда Қурoон оятларининг ифодаланиши давр талаби бўлиб қолди. Таажубки, X – XII асрларда ҳунармандлар томонидан ислом таъқиқлаган тасвирларнинг қўлланганини кўриш мумкин. Турли зооморфик шакллар, илоҳий мавжудодлар, табиат ва одамларнинг тасвири туши­рилган буюмлар шу даврнинг нодир ёдгорликлари ҳисобланади. Бу усул бино ва буюм­ларни безашда, буюмларга шакл беришда ҳунарманд тасаввурини ифода­ловчи восита бўлиб хизмат қилган. Айрим ҳунармандлар ўз маҳсулотлари ёрда­мида қадимий (исломдан аввалги) динларни сақлаб қолишга интилган бўлса, ай­рим­лари оятлар орқали ислом динини тарьибот қилмоқчи бўлган. Кўпгина буюмларда лирик тўртликлар, муҳаббат тараннуми, фалсафий ва ишқий ча­қи­риқ­лар акс эттирилган. X – XII асрларда кулолчилик, мисгарлик, ёғоч ўймакор­лик, ипак­чилик ва айниқса шишасозлик гуркираб яшнади. Бу ҳунарларнинг ҳаммаси Қо­ра­хо­ний­лар даврида ўз тараққиёти чўқ­қи­сига кўтарилди. Агар Сомонийлар Бу­хор­худотлардан ибрат олиб, кўпроқ кумуш тангаларни муомалага киритган бўлса, Қорахонийлар даврида пул бирликларининг аксарияти мис тангалардан иборат бўлган. Уларнинг ҳажми турлича бўлиб, диаметри 20 мм. дан 40-45 мм.гача борган. Табиийки, ҳар қайси ҳукмдор ўз номи билан тангалар зарб қилдирган. Тангаларда, асосан, кўфий ёзуви билан зарб қилинган шаҳар, сана ва ҳукмдорнинг номи келтирилган. Қорахонийлар даврида пул муносабатларининг ўзига хос томо­ни шундаки, Фарғонадаги ҳар қайси шаҳар ҳукмдори ўз номидан мис танга зарб қилиши мумкин эди. Олтин ва кумуш тангалар эса, олий ҳукмдор номидан зарб қилинган ва катта қимматга эга бўлган.  

Мўғиллар босқини оқибатида Марказий Осиёнинг барча ҳудудида бўлгани­дек, Фарғо­­нада ҳам маданий инқироз юз берди. Бу даврда ҳунармандчиликнинг барча соҳасида орқага кетишни кузатиш мумкин. Ачинарли жойи шундаки, Фар­ғона бу даврда бутун бир жанг майдонига айланиб қолди. Чингизхон авлодлари­дан гоҳ бир томон, гоҳ иккинчи томон Фарғона учун эгалик даъвоси билан чиқар­ди. Ўзаро муносабатларни ойдинлаштириш учун эса, Фарғона водийси жангоҳ вази­фаси­ни ўтаган. Фарғонадаги йирик шаҳарлар вайрон қилинарди. Қиш­лоқ­лар­дан оммавий кўчиб кетиш, ёки бутун бошлик қишлоқларни қирғин қилиш оддий ҳол бўлиб қолган эди.

Фақатгина темурийлар даврига келиб бундай бош-бошдоқликка чек қў­йилди. Мўғиллар қирғинидан омон қолган айрим шаҳар ва қишлоқлар аста секин ўз қаддини тиклай бошлаган. Афсуски, Ўзган, Қува, Аввал, Риштон, Ўш, Поп ва яна бир қанча шаҳараларнинг номи фақат тарих саҳи­фа­ларида қолди ҳолос. Анди­жон, Марғилон ва Ахсикент шаҳарлари эса, ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди. Темурий шаҳзодаларнинг барчаси мана шу шаҳарлардан туриб водий­ни идора этишди.

Бу давр ҳунарманчилиги, асосан, Марказий Осиёнинг йирик шаҳарлари ҳунарманчилигидан андаза олиб фаолият кўрсатган. Шундай бўлсада, айрим шаҳар­ларнинг ўз ҳунарманчилик мактаблари вужудга келиб, янги-янги усуллар билан довруғ қозона бошлади. Масалан; Марғилон ипакчилик ва ипак маҳсулот­лари ишлаб чиқаришга, Ахсикент кулолчилик, темирчилик ва пўлатдан ясал­ган жанг қуроллари ишлаб чиқаришга, Риштон кулолчиликка ихтисослаша борган. Юқо­рида тилга олинган ҳунарлар бу даврга келиб санъат даражасига етди. Биз­гача сақланиб қолган сирли сопол идишларнинг аксарияти темурийлар даврининг маҳсулотларидир.

Шунингдек, бу даврда тоқ-кон ишлари тартибга солиниб, қазиб оли­на­ётган хом ашёлар давлат назоратига ўтказилган. Фарғонадан олтин ва кумуш сингари қимматбаҳо металлар, мис, нефт, ложувард, симоб, қўр­ьошин ва бошқа турдаги фойдали қазилма бойликлар қазиб чиқарилган.

Мўғиллар ва темурийлар ҳукмронлиги даврида ҳам пул муносабатлари, асосан, мис тангалар воситасида олиб борилди. Темурийлар даврига келиб пул ислоъоти тез-тез амалга ошириб турилган. Шунинг учун ҳам бу даврга хос тангаларни зарб қилиш жараёнида бирданига бир нечта танга зарбдан чиқариш ҳолати учраб туради. Бунда танга зарб қилинган шаҳар, ҳукмдор ва сана бир неча тангада ифодаланади. Натижада бир тангада сана, иккинчи тангада ҳукмдор номи, яна бошқа тангада зарб қилинган жой кўрсатилган. Ҳатто бир ҳукмдор номи устига бошқа бир ҳукмдорнинг номи битилган тангалар ҳам учраб туради (бу кўриниш ҳукмдорларнинг алмашиб туриши билан боғлиқ).

Темурийлар давлати инқирозидан кейин, Фарғона яна талон-тарож майдонига айланди. Шайбоний ва аштархонийларнинг Фарғонадаги ъокимияти номигагина эди ҳолос. Зотан, улар Фарғонага ўзларининг энг ишончли вакил­ларини нойиб қилиб қўйсалар-да бу ердан олинадиган йиллик солиқдан бошқа нар­сага даъво қилмаганлар. Ҳатто Фарғонадан йиғил­ган ҳарбий қўшин ҳам шу ернинг нойибига бўйсунган. Оқибатда Фарғонанинг ижтимоий-иқтисодий ривож­ланиши бошқа вилоятларга қараганда сустроқ кечди.

XVII – XVIII асрларда Бухоро хонлигининг заифлашиб қолганлигидан фой­даланиб, унинг шарқий вилояти – Фарғонага Шарқий Туркистон хонлари ва кўч­манчи қалмоқлар тез-тез талончилик ҳужуми уюштириб туришди. Бухородан па­ноҳ бўлмагач, Фарғонадаги майда қабилаларнинг ўзаро бирлашиш жараёни бош­ланди. XVIII асрнинг ўрталарига келиб, Фарғонада Минг уруғи вакиллари Қўқон шаҳри атрофидаги қишлоқларни бирлаштириб янги хонлик барпо қилди. Орадан хеч қанча фақт ўтмай Қў­қон хонлиги Марказий Осиёнинг энг йирик, қудратли ва тез тараққий этаётган давлатларидан бирига айланди.

Қўқон хонлиги даври Фарғона водийсининг сиёсий, ижтимоий-иқ­ти­содий ва маданий ривожланиш даври бўлди. Фарғона водийсидаги меъморий обидаларнинг аксарияти шу даврга мансуб. Ҳунармандчиликнинг бар­ча тури ўз ривожланиш тараққиёти чўққисига кўтарилди. Айниқса, мисгарлик, кулолчилик, ёғоч ўймакорлик, заргарлик, меъморчилик, ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш мисли кўрилмаган даражада ривожланди.

Қўқон хонлиги ҳудудида, асосан, шу давлатнинг олтин, кумуш ва мис пул бирликлари муомалада бўлган. Айрим ҳолларда Бухоро, Эрон ва Афғонистоннинг тилло ва кумуш тангалари, Россиянинг кумуш рубллари мол айирбошлашда қўлланилган. Буларнинг ҳаммаси савдо муносабатларининг ривожланганлигидан далолат беради.

Қўқон хонлиги Россия империяси томонидан босиб олингач Фарғонадаги ҳунарларнинг кўпи тайзиқ остига олинди. Масалан; мисгарлик, темирчилик ва майда металлургия устахоналарининг фаолияти чегаралаб қўйилди. Уларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг тури камайди ва асо­­сан, уй-рўзғор буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилди. Россиядаги завод-фабрикаларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Фарғонанинг ички бозорларини эгаллаши натижасида бу ердаги ҳунармандларнинг ишлаб чиқараётган маҳсулотлари рақобатга бардош беролмай қолди. Чинни, шиша, метал ва бошқа буюмлар деярли Россиядан олиб келинадиган бўлди. Оқибатда ҳунармандларнинг аксарияти арзон, бир хил турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришга мажбур бўлди. Шундай бўлсада, нозик дид билан  ишланган кўпгина буюмлар ўз ҳаридорини топган ва улар оиланинг қимматбаҳо жиъози сифатида ардоқланган.

Бозордаги пул муносабатлари эса, асосан, Россия империясининг пул бирликлари билан олиб борилган. Айрим ҳолларда Англия, Эрон, Афғо­нистон, Бухоро амирлигининг тилло ва кумуш тангалари товар-пул муносабатларида фойдаланилган. Лекин уларнинг ўрни деярли сезилмаган.

1876 йилда Россия империяси Туркистон генерал губернаторлиги таркибида Фарғона вилоят ҳарбий губернаторлиги ташкил этилди. Унинг ҳудуди бутун Фарғона водийсининг эгаллаган бўлиб, Қўқон, Наманган, Марғилон, Андижон ва Ўш уездларига бўлинган эди. Бу уездлар 1924 йилда янги маъмурий бўлиниш оқибатида янада қисқарди. Энди Фарғона вилояти таркибида Андижон, Наманган, Марғилон ва Қўқон уездлари сақланиб қолди. Ўш уезди эса, РСФСР таркибидаги Қорақирғиз автоном республикасининг уездларидан бирига айланди.

Бугунги Фарғона вилоятига 1938 йилда асос солинган. Бироқ унинг таркибий қисмидан 1941 йил март ойида Наманган ва Андижон вилоятлари ажралиб чиқди. Унинг ҳозирги ҳудудий бирлиги 1960 йилда шаклланди. Фарғона вилояти ҳозирда Республикамизнинг энг ривожланган вилоятларидан бири бў­либ, унинг ҳудудий майдони  6,76 км2, аҳоли зичлиги ҳар км2га 462,9 киши, сони эса 3 млн 3 минг нафардан зиёд. Ви­лоятда 100 дан ортиқ миллат вакиллари аҳил яшаб келмоқда. 

You must be logged in to post a comment Login