СЎХ ЧАШМАСИНИНГ ШУҲРАТИ

OLYMPUS DIGITAL CAMERA

Жаннатнинг бир бўлаги бўлган Сўх тумани ҳақида эшитгандирсиз… Виқорли тоғлар, зилол булоқлар, гулимоҳга лиқ тўла жўшқин сой, яшил аланга каби кўкка талпинган арчалар… Энг асосийси, содда ва самимий, меҳнаткаш одамлар…

Азал-азалдан Сўх сарзамини узра соя солиб турадиган Лазар тоғи этагида ям-яшил арчаларга ҳамоҳанг мевали боғлар шовуллаб туради. Кўклам келса бу тоғ этаклари ранго-ранг гуллар, лолақизғалдоқлар билан ястаниб, ҳатто харсангтошлардан ҳам гиёҳларнинг ҳиди уфуриб туради. Ер қаъридан қайнаб чиқаётган “Чашма” булоғидан сув ичиб, қад ростлаётган ниҳоллар тоғнинг майин шабадасидан нафас олади.

Бугун неча асрлик тоғлар ўша, дарёлар ўша-ўша. Лекин одамларнинг меҳнатга муносабати, иштиёқи, ғайрати, ҳаракати бошқа. Ўзини Ўзбекистон фарзандиман, деган сўхлик борки, яратишга, мамлакат бўйлаб кенг қулоч ёзаётган буюк бунёдкорлик, ободончилик ишларига ўз ҳиссасини қўшаётганидан бахтиёр.

Тоғли йўлларда оқиб келаётган сувлар ўзанини боғи, даласи томон йўналтириб, кўчатларини, экин маҳсулотларини маромида суғориб, сабр-тоқат билан ишлаётган сўхлик заҳматкаш инсонларга ҳамманинг ҳаваси келади. 

Сўх туманининг шарқий томонида Сўх чашмаси номи билан аталувчи қайнар булоқ мавжуд. Туманга ташриф буюрган ҳар бир меҳмонни сўхликлар албатта, булоқни саёҳат қилишга, унинг шифобахш сувидан татиб кўришга, мусаффо ҳавосию фирдавсдек гўзал табиатидан баҳра олиб, ҳордиқ чиқаришга таклиф этадилар.

Сўх Чашмасини овозаси узоқ шаҳру мамлакатларда ҳам шуҳрат қозонган. Айниқса унинг донғи Саудия Арабистони, Покистон, қўшни Тожикистон, Қирғизистон, Россия, Туркия ва бошқа жойларга кетганлиги ҳақида маълумотлар бор.

Чашманинг шифобахш сувини “минг дардга даво”, дейишади. Унинг таркиби кимёвий натрий, сулфат, хлор, магний, калсий, олтин, кумуш ҳамда яна бошқа бир қатор инсон танасига фойдали моддалардан иборат бўлиб, суви рангсиз, ҳидсиз, яхши тотли мазаси борлиги аниқланган.

Бу сув олимларнинг тавсияси билан ошқозон-ичак, ошқозон ости бези (панкриатит), гепатит, гастрит, холетистит, қант диабети касалликлари олдини олиш ва даволаниши учун шифобахш восита сифатида қўлланиши мумкин экан. Қишда ҳам, ёзда ҳам чашма бир хил +90С ҳароратни сақлаб туради, бир дақиқада 200 литр сув чиқаради.

Тарихий манбалар, айниқса, археологик топилмаларнинг гувоҳлик беришича, Сўх чашмаси қадим даврларда аждодларимиз томонидан ўзлаштирилиб, унинг атрофида ибтидоий одамларнинг қароргоҳлари жойлашган.

Чашма сувининг фойдали хусусиятлари ҳамда қадимдан суғориш учун фойдаланиб келаётганлиги сабаб асрлар давомида маҳаллий халқ орасида уни муқаддаслаштириш мақсадида турли ривоят ва афсоналар, расм-русумлар пайдо бўлган. 

Халқ орасидаги ривоятларга кўра, чашманинг пайдо бўлиши Ҳурбиби Момо номи билан боғлиқ экан. Қадим замонларда гўёки, Сўх воҳасида сув йўқ, ҳозирги чашма жойида “Ҳафтёрон” (яъни “етти биродарлар”)нинг ёлғиз сингиллари Ҳурбиби яшар экан. Ҳурбиби гўзал, бокира қиз бўлиб, ўн тўрт кунли ойга ўхшар, узун ҳамда доимо таралган сочлари ерга тегар, баланд бўйли сарвқомат жувон бўлганлиги ҳақида гап бор. Момо турмушга ҳам чиқмай, умрини тоат-ибодат қилишга, бу масканда яшаётган барча инсону жониворларга ризқ-насиба талаб қилган. Ҳар ким эзгу ният, пок қалб билан Ҳурбиби момо руҳини шод айлаб, тинч-тотувлик, қут-барака, мўл ҳосил беришини илтижо қилиб сўраса, албатта, унинг дуо-фотиҳаси ижобат бўлади.

Чашма сувини эъзозлаш ва муқаддаслаштириш билан боғлиқ урф-одатлар, Ҳурбиби момонинг руҳини шод айлаш мақсадида чироқ ёқиш, қурбонлик қилиш, халқ томонидан мўл-кўл ҳосил, чорва бошини кўпайтириш каби эзгу ниятларни илтижо қилиш каби удумлар ўзининг келиб чиқиши билан узоқ даврларга бориб тақалади.

Булоқнинг ўртасида жойлашган қирқ қулоқли дошқозон ҳамда қирқ фаришта ҳақидаги ривоят ҳам бежиз эмас. Чунки қадимдан қирқ рақами сеҳрли ҳамда хосиятли рақамлардан саналиб, инсониятни муҳим ҳаётий ўзгаришлар даврида, масалан, туғилган чақалоқни “қирқ кунлик” (“чилла”) маросими, никоҳ тўйи ҳамда мотам маросимининг “қирқ” кунлиги бир қатор урф-одатлар билан нишонланиши рамзий маънога эга бўлиб, қирқ рақами бутунлик, яхлитлик, катта ўзгариш маъноларини ўзида мужассамлаштирган. Шунинг учун бадиий адабиётда кўп учрайдиган “қирқ кечаю кундуз”, “чилтан”, “чилёрон”, “чилдухтарон”, “чилкокул” каби иборалар рамзий ва сеҳрли мазмунга эга иборалар ҳисобланади.

Сўх Чашмаси билан боғлиқ халқона урф-одатларни илмий-этнографик таҳлилига чуқурроқ тўхталмасдан шуни таъкидлаш мумкинки, халқ томонидан бажариб келаётган айрим маросимлар аждодларимизни улкан маънавий бойлиги саналиб, қадимдан сувни ҳаёт манбаи сифатида эъзозлаб, уни муқаддаслаштирганларидан дарак беради.

Чашма сувида кир ювмаслик, тоза тан ва либосда булоқ бошига бориш, ҳалол идишда сув олиш, булоқ бошида мол боқмаслик каби удум ва анъаналар ҳозирги замон ёшларимизни экологик маданиятини оширишга хизмат қилиши табиийдир.

You must be logged in to post a comment Login