Устоздан қарздорлик, шогирддан миннатдорлик саодати

_DSC7744

Қуёш жамоли билан ер юзига нур сочиб яшнатгани каби, илм ҳам инсон қалбини нур билан ёритади. Ана шу нурни илк бор инсониятга мураббийлар ҳадя этади.

Бола дунёга келган замони онаси кеча-кундуз унинг бошида парвона бўлади. Оқ сут бериб парваришлайди. Бола ота-она меҳри, эътиборидан униб-ўсади. Мактабга қадам қўйган кундан бошлаб у энди илм ва одоб ўргатувчи жонкуяр муаллимнинг юрак қўридан баҳраманд бўлади. Бинобарин фарзандини оқ ювиб, оқ тараган ота-она қанчалар азиз мукаррам бўлса, унга таълим-тарбия берган зот ҳам шунчалар мўътабардир. Бу таъкидлар  неча асрлардан буён бугунгача такрорланади. Зотан, устоз номи ҳамиша шарафларга муносибдир.

Жамилахон Нуриддинованинг бугунги қувончли дамларига гувоҳ бўлар эканмиз,  кўнгилдан ана шу фикрлар кечди. Унинг эҳтиром қайдларида касбидан масрурлик, устозларидан қарздорлик, шогирдларидан миннатдорлик ҳислари бор эди. Муборак Истиқлолимизнинг 23 йиллиги арафасида Жамилахон Нуриддинова Президентимиз Фармонига биноан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу мукофот унинг ана шу туйғуларини дилидан тилига кўчирди.

У бугунги кунда  меҳрибон устоз, омадли шогирд сифатида ўз мактабида ҳурмат топди. Қува туманидаги Ўрабоши ҚФЙ ҳудудидаги 19- умумтаълим мактабида таълим олиб, дастлабки меҳнат фаолиятини яна шу илм даргоҳида бошлаганлиги унга жуда катта масъулият юклади. Математика фани ўқитувчилари Тўхтасин Маннопов, Сорахон Аминжонова, Муҳаммадали Холбоев унинг қалбида шу фанга иштиёқ  куртакларини очган беназир инсонлар эди. Уларга муносиб шогирд ҳамда муносиб ҳамкасб бўлиш  осон кечмади. Ҳамиша ўқиди, изланди. Мактабда “Ёш математиклар” тўгараги фаолиятини шакллантирди. Дарс машғулотларидан сўнг ўқувчиларни тўгаракка жалб қилиб, улар сафини кенгайтирди. Янги педагогик технологиянинг барча жиҳатларини ўрганиб дарсларида татбиқ этди.  Мактабда “Математика фани ойлиги”га асос солди.

Уни мактаб хотин-қизлар қўмитаси  раиси этиб сайлашди. Бир неча йилдирки туманда “Билимлар беллашуви” кўрик-танловининг ҳайъат раиси.

Бир қарашда Жамилахоннинг ўқитувчилик фаолияти оддий, бошқаларникидан фарқ қилмайдигандек туюлади. Лекин у ўқувчида математика фанига  қизиқишни тез уйғотади, масала ва мисолларни оддий усуллар билан ечиб ўргатади. “Математика, физика, информатика” журналидан қизиқарли мақолаларни ўқиб бериб, ўқувчилар билан фикрлашади.

– Бувайдалик мактаб ўқувчиси Жасурбекнинг математика фанидан жаҳон олимпиадасида ғолиб бўлиши кўплаб ўқитувчилар қатори мени ҳам   руҳлантирди.  Қалбимда менинг ўқувчиларим ҳам шундай муваффақиятни қўлга киритса деган орзу туғилди.  Назаримда орзуга етишиш учун касбга фидоийликни, ҳар бир ўқувчига эътиборни янада кучайтириш зарур. Бу йўлда ҳамиша собитқадамлик билан бораман.

You must be logged in to post a comment Login