ИЖОДКОРЛАР ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА

_DSC7598

Бугун республикамиз пахтазорларида меҳнат симфонияси авжида. Фермерлар, фермер хўжаликлари аъзолари, қишлоқлар аҳолисининг фикри-ёди пахта билан, уни ёғин-сочин кунларга қолдирмай, тез ва сифатли териб олиб, Ватан омборларига топшириш билан банд.

Машаққатли меҳнат эвазига етиштирилган пахтамиз айни дамда чаққон теримчи қўлларга мунтазир турибди. Халқимиз ризқу-рўзи бўлган бу қимматли хом-ашёни сўнгги граммларигача нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиш, зиммамиздаги шартнома режасини қисқа фурсатда ёруғ юз билан адо этиш жиддий масъулият, уюшқоқлик, теримга ватанпарварлик, элпарварлик ҳисси билан ёндошишни талаб этади. Буни ҳар бир теримчи, фермер, отряд раҳбари – барча-барча юракдан ҳис этиб, мавсумни юксак даражадаги ташкилотчилик, иш самарадорлигига эришиш билан ўтказишга масъул эканлигини бир зум бўлсин унутмаслиги лозим.

Фарғонада 2014 йил пахта-йиғим терими мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича жалб этилган пахтакорлар ўртасида маънавий-маърифий тадбирлар ва тарғибот-ташвиқот ишларини ўтказилмоқда. Теримчилар ҳузурига таниқли ёзувчи-шоирлар, сўз усталари, санъаткорлар, журналистлар, зиёлилар вакиллари ташриф буюриб, уларнинг ҳордиқ онларини мароқли ўтказишга ҳаракат қилмоқдалар.

Ана шундай маънавий-маърифий учрашув Тошлоқ туманидаги Найман Бўстон қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Мамажонобод Қаҳрамон” фермер хўжалиги дала шийпонида ўтказилди.

Қишлоқ узра таралган дилрабо қўшиқлар кун бўйи далада фидойи меҳнати билан юртимиз пахта хирмонига барака киритган теримчиларни мароқли кечага чорлади. Улар дала шийпони ҳовлисини тўлдириб, даврани кенг олдилар.

Маънавий-маърифий тадбирни Тошлоқ тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Комила Кавлонова теримчилар меҳнатини шарафловчи сўзлар билан очди. Терим илғорлари номларини эҳтиром билан тилга олди, сидқидилдан қилинган меҳнат учун миннатдорлик билдирди.

– Бизга кўрсатилган эътибор ва рағбат, ташкил этилган мароқли учрашув учун вилоят ҳокимлигига, тадбир ташкилотчиларига раҳмат айтамиз, – дейди биз билан суҳбатда илғор теримчи Дилноза Собирова, – Бундай мароқли кеча, ўйин-кулгу бизнинг кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшади. Бугун кечагидан, эртага бугунгидан кўпроқ пахта теришга, вилоятимиз хирмонини тезроқ чош этишга ундайди.

Пахтакорларнинг кечки дам олиш кечасига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Алишер Файзнинг келиб қўшилиши йиғилганлар қувончига қувонч қўшди. Халқимизнинг севимли санъаткори теримчилар билан “Хорманг, бор бўлинг” лашиб, мавсумнинг бир гуруҳ энг илғор, чаққон теримчиларига совғаларини топширди. Шундан сўнг ижро этилган дилрабо қўшиқларга тадбир қатнашчилари мириқиб рақсга тушишди. Кеча қизигандан қизиди.

– Дала шийпонимизда ташкил этилган бугунги маънавий-маърифий тадбир нафақат фермер хўжалигимиз аъзолари, балки барча ҳамқишлоқларимиз кайфиятини кўтариб юборди, – дейди фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони Комилжон ака Мамажонов, – айниқса, машхур санъаткоримизнинг ҳузуримизга келиб, теримчи пахтакорларимизга маданий хизмат кўрсатгани таҳсинга сазавор. Фермер хўжалигимиз аъзолари, ҳамқишлоқларим номидан тадбир ташкилотчиларига, хусусан, вилоят ҳокимлигига ташаккур билдирамиз. Биз бу эътибордан рухланиб, 80 гектар ердаги пахта ҳосилимизни тез ва сифатли йиғиштириб олиб, вилоятимиз, республикамиз “оқ-олтин” хирмонига салмоқли ҳиссамизни кўшамиз.

Дилларга завқу-шавқ улашган бу фарахбахш оқшом Найман Бўстонликлар қалбида узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди. Шу куни бу ҳудудда пахта тераётган юзлаб теримчилар, барча-барча деҳқонлар тонгни ўзгача хуш кайфият, юксак орзу-мақсадлар билан қарши олиб, янги меҳнат кунига белни маҳкам боғлаганига шубҳа йўқ.

You must be logged in to post a comment Login